Тошкент шаҳри Сергели туманида BYD автомобили 9 ёшли қизни уриб юборди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ матбуот хизмати хабар қилди.

Ҳолат 2024 йилнинг 19 сентябрь куни соат тахминан 13:45 ларда содир бўлган. Унда Файзли Тошкент кўчасида, ҳайдовчи 1983 йилда туғилган М.А. BYD автомашинасида ҳаракатланиб, пиёдани уриб юборган.

Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вояга етмаган 2015 йилда туғилган Л.С. олган тан жароҳатлари сабабли касалхонага олиб борилган вақтда вафот этган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари бошланган.

Маълумот учун, йилнинг дастлабки беш ойида йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 65 нафар мактаб ўқувчиси ҳалок бўлгани, 294 нафари жароҳатлангани ҳақида маълум қилинди.