Қирғизистон Жогорку Кенешининг бир гуруҳ депутатлари ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ишини обрўсизлантирадиган сурат ва видеоларни интернетда эълон қилганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этишни таклиф қилди. Парламент сайтида Қоидабузарликлар тўғрисидаги кодексга (ҚТК) ўзгартиришлар киритишга доир қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Қонун лойиҳаси муаллифлари, хусусан, ҚТКнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимининг қонуний талабига бўйсунмаслик тўғрисидаги 128-моддасига ўзгартириш киритишни таклиф қилмоқда. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг ишини «обрўсизлантириш мақсадида» сурат ва видеога олиш ҳамда уларни интернетда тарқатиш тўғрисидаги бандни киритиш режалаштирилмоқда.

«Ушбу хатти-ҳаракатлар нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг шаъни ва қадр-қимматини обрўсизлантиради, балки бутун давлат имижига жиддий зарар етказади», — дейилади ҳужжат маълумотномасида.

Агар ўзгартиришлар қабул қилинса, ушбу ҳуқуқбузарликлар учун фуқаролар 50 ҳисобланган кўрсаткич — 5000 сўм (60 доллар) миқдорида жаримага тортилади ёки 5 дан 7 суткагача қамоқда сақланади.

Тузатишлар ташаббускори бўлган депутатлар орасида Қирғизистон ИИВ вазири собиқ ўринбосари Суюн Омурзоков ҳам бор, дея аниқлик киритди Kloop.kg.

  • Ўзбекистонда ҳам ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини «обрўсизлантириш мақсадида» фаолияти ҳақидаги фотосуратлар ва видеолавҳаларни эълон қилганлик учун жазо жорий этиш таклиф этилганди. Август ойида Сенат қонун лойиҳасини рад этди ва уни қайта кўриб чиқиш учун қайтарди.