Олий Мажлис Сенати жума куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда «Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги қонунни маъқуллади. Ҳужжат психологик ёрдам кўрсатишга қўйиладиган талабларни бузганлик учун жавобгарликни белгилайди ва бир қатор бошқа талабларни назарда тутади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс психологик ёрдамни бундай ҳуқуққа эга бўлмаган шахс томонидан кўрсатиш ёхуд аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган чекловларга риоя этмаслик учун жавобгарликни назарда тутувчи қўшимча нормалар билан тўлдирилмоқда. Жарима фуқаролар учун БҲМнинг 5 бараваридан 10 гача, мансабдор шахслар учун эса 10 дан 15 бараваргача бўлади.

Йиғилишда таъкидланишича, бугунги кунда Ўзбекистондаги 10 та олий таълим муассасасида «Психология», 19 та ОТМда «Педагогика ва психология» таълим йўналишлари ва мутахассисликлари, олий тиббий таълим муассасаларида «Тиббий психология» ва «Тиббий психотерапия» мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган. Мактабгача таълим тизимида 2,5 мингдан, умумий ўрта таълим мактабларида 13 мингдан зиёд педагог-психологлар фаолият олиб бормоқда.

Шу билан бирга, психология йўналишида маслаҳат бериш, онлайн ва офлайн форматда ўқув, тренинг, семинарлар ўтказиш орқали хусусий тартибда психологик ёрдам кўрсатиш фаолияти ҳам кенг тарқалган.

Қонун билан аҳолига психологик ёрдам кўрсатишнинг асосий принциплари, вазифалари, турлари, шакллари ҳамда стандартлари белгиланмоқда.

Психологик ёрдам кўрсатиш стандартларида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши ҳамда психологик ёрдам кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахс раҳбари психология соҳасида олий маълумотга эга бўлиши керак.

Психологик ёрдам кўрсатиш соҳаси иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш, бепул психологик ёрдам кўрсатиладиган шахслар тоифаларини аниқлаштириш, аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги профессионал уюшмалари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини яратиш кўзда тутиляпти.

Шунингдек, қонунда психология йўналишидан бошқа олий маълумотга эга бўлган шахслар хусусий тартибда психологик ёрдам кўрсатиш фаолияти билан шуғулланишдан аввал психология мутахассислиги учун қайта тайёрловдан ўтиши кераклиги белгиланмоқда.

«Бу тизим алоҳида қонун билан тартибга солинаётгани — мазкур масала ижтимоий сиёсатимизнинг муҳим йўналишига айланаётганидан далолат беради. Энг асосийси, Конституциямизда Ўзбекистон ижтимоий давлат эканлиги белгилаб қўйилган. Мана шу ижтимоий давлат тамойилларига тўлиқ жавоб беради. Айниқса, қонунда давлат томонидан бепул психологик ёрдам кафолатланадиган шахслар тоифалари аниқ кўрсатиб ўтилгани қонуннинг ижтимоий аҳамиятини янада оширади», — деди Сенат раиси.

Эслатиб ўтамиз, Қонунчилик палатаси мазкур қонунни 23 июль куни қабул қилган эди.