«Очиқ бюджет» порталида «Маҳалла бюджети» бўлими ишга туширилди, дея хабар берди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги.
Бўлим орқали ҳар бир маҳалла кесимида жисмоний шахслар томонидан тўланган мол-мулк ва ер солиғининг 10 фоизи ҳисобидан Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармасига ўтказилган маблағлар ва амалга оширилган харажатларни кузатиб бориш мумкин.
Жумладан, ҳар бир маҳалла кесимида:
- жамғармага йўналтирилган маблағлар;
- амалга оширилган харажатлар миқдори ва йўналишлари;
- жамғармадаги мавжуд қолдиқ маблағлар тўғрисида маълумотлар билан танишиш имконияти яратилган.
Вазирлик жамғармалар ҳар бир маҳалла учун алоҳида тарзда очилгани, уларнинг маблағлари фуқароларнинг таклифлари ва «маҳалла еттилиги»нинг қарори асосида ижтимоий аҳамиятга эга муаммоларни ҳал этиш учун сарфланишини эслатиб ўтди.
Аввалроқ «Ўзбекистон — 2030» стратегияси доирасида 2024 йил 1 январдан босқичма-босқич барча шаҳар ва туманларда «Маҳалла бюджети» тизими жорий этилиши хабар қилинганди.