Қорақалпоғистон Республикасида 1-синф ўқувчиси онаси ва қариндошлари томонидан куч ишлатилиб синфдан олиб кетилди. Бу ҳолат акс этган видео тармоқларда тарқалди.

Болалар омбудсмани маълум қилишича, 2024 йилнинг 5 сентябрь куни Элликқалъа туманидаги 28-мактабнинг 1-синф ўқувчиси Х.Ё. (ўғил бола)нинг онаси С.Ш. дарс жараёнини бузган ҳолда синфга кириб бориб, ўқитувчи уни тўхтатишга уринишига қарамасдан, куч ишлатиб мажбуран ўғлини синфдан олиб кетган.

Ҳолат юзасидан С.Ш ва бошқа шахсларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид тегишли ҳужжатлар тўпланиб, судга юборилган. 20 сентябрь куни мазкур иш судда кўриб чиқилиши қайд этилди.

«Ушбу вазият боланинг ким билан яшашига оид қариндошлар ўртасидаги низо оқибатида юзага келган бўлиб, мазкур масала юзасидан ҳужжатлар суд тартибида ҳал қилиниши учун тақдим этилган. Х.Ё.нинг ҳозирда таълим олиш ҳуқуқи тикланиб, бола мактабда ўқишини давом эттирмоқда», — дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан қўшимча ахборот берилиш таъкидланди.