Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида хотинини фарзандлари кўз ўнгида ёқиб юборган 59 ёшли эркак 10 йилга озодликдан маҳрум этилди. Унга оид суд иши 11 сентябрь куни Жиноят ишлари бўйича Яккабоғ тумани судида кўриб чиқилди. «Газета.uz» суд ҳукми билан танишди.

Воқеа 2024 йил 22 апрелда содир бўлган. Суд ҳужжатига кўра, ўша куни кечки пайт маст ҳолатдаги эркак ўз аёлининг телефонда гаплашиб, суҳбатдошига эрини назарда тутган ҳолда «ифлос уйда, эртага ишга кетганидан кейин гаплашамиз» деган гапларини эшитиб қолган.

Сўнг уни ўлдириш мақсадида ҳовлидаги 1 литрли баклажкада турган бензинни олиб, турмуш ўртоғи ўтирган уйга кирган ва икки келини, вояга етмаган ўғли ҳамда бешикда ётган невараларининг кўз ўнгида уларнинг ҳаётини хавфга қўйиб, турмуш ўртоғига бензин сепган ва ёқиб юборган.

Ёнаётган аёлни унинг келинлари сув сепиб ўчирган ва шифохонага олиб борган. Аёлнинг танаси, юз, бўйин, кўкрак қафаси, чап елка, иккала билак-кафт, ўнг кўкрак усти соҳалари 1−2−3-АБ даражали 35−38% алангадан куйгани, термоингаляцион шикаст (юқори нафас йўлларининг куйиши) 2-даражаси кўринишида жароҳатлари борлиги, оғирлик даражасига кўра ҳаёт учун хавфлилик мезонига асосан оғир тан шикасти гуруҳига кириши аниқланган.

Аёлнинг ҳаёти шифокорлар ёрдами билан сақлаб қолинган.

Судда айбланувчи ўз айбига иқрорлигини маълум қилди. Эркакнинг гувоҳлик беришича, у хотинини 2014 йилда қишлоқдаги фуқаро билан жинсий алоқа қилган вақтида ушлаб олган ва шундан сўнг унда турмуш ўртоғига нисбатан нафрат пайдо бўлган… Сўзи якунида у қилган иши учун жабрланувчидан кечирим сўради. Аёл эрига даъвоси йўқлигини билдирди.

59 ёшли эркак Жиноят кодексининг 25,97-моддаси 2-қисми «д,ж» бандлари, яъни жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда, яъни бошқа шахсларнинг ҳаёти учун хавфли бўлган усулда, ўта шафқатсизлик билан қасддан ўлдиришга суиқасд қилишда айбдор деб топилди.

Айбланувчига шу кодекснинг 57-моддаси (Енгилроқ жазо тайинлаш) ҳам қўлланиб, унга 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазо умумий тартибли колонияларда ўталади.