Сенатнинг 57-ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун кўриб чиқилди. Ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 16 июль куни қабул қилинган.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда ҳамон сақланиб қолаётган тизимли муаммоларни ҳал этиш ва аҳолига қулайлик яратиш ҳамда қонунларга ҳурмат ҳиссини шакллантириш мақсадида ўзгартиришлар киритилмоқда.

Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 17−1-моддаси олтинчи қисм билан тўлдирилиб, унда фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали аниқланган ҳуқуқбузарликлар ҳақида ўз вақтида фуқарони хабардор этиш ва чора кўриш билан боғлиқ янги норма киритилмоқда. Бунда йўл ҳаракати қоидалари бузилишига оид маълумотлар 48 соат ичида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига юборилиши, акс ҳолда ҳайдовчи маъмурий жавобгарликка тортилмаслиги белгиланмоқда.

Шунингдек, бугунги кунда тез тиббий ёрдамга ва ёнғин-қутқарув бўлинмалари хизматларига муҳтож фуқароларга ушбу ёрдам ва хизматлар зудлик билан кўрсатилишини таъминлаш мақсадида тез тиббий ёрдам ҳамда ёнғин-қутқарув бўлинмалари транспорт воситалари катта тезликда ёки йўл белгиларига риоя этмай ҳаракатланиши билан боғлиқ ҳолатлар мавжуд. Бундай ҳолатлар, ўз навбатида, автоматлаштирилган фото- ва видео техник воситалар орқали қайд этилмоқда.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 17−1-моддасига асосан юқорида кўрсатилган ҳолат юзага келган ҳолларда, тез тиббий ёрдам ва ёнғин-қутқарув бўлинмалари хизматлари томонидан хизмат вазифаларини бажарганликларини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилган тақдирда, маъмурий иш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддаси асосида тугатилиши белгиланган.

Муҳокама қилинган қонун орқали амалиётга киритилаётган ўзгартиришларга асосан тез тиббий ёрдам ва ёнғин-қутқарув бўлинмаларининг транспорт воситалари томонидан кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажарганликни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилиши талаби бекор қилинмоқда.

маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, скутерлар, велосипед, юк машиналари

Қайд этилишича, Тошкент шаҳрида 2023 йил июнь ойидан бошлаб ўтказилган рейд тадбирларида индивидуал ҳаракатланиш воситалари бошқарувчилари томонидан 200 дан ортиқ йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги аниқланган.

Шу сабабли скутер, индивидуал ҳаракатланиш воситалари ёрдамида ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун, жумладан скутерлар, мопедлар, велосипедларни ҳамда уловли аравани бошқариш, шунингдек индивидуал ҳаракатланиш воситаларининг ва скутерларнинг ҳайдовчилари томонидан одамларни ташиганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Индивидуал ҳаракатланиш воситаларига двигатель (двигателлар) (электросамокат, электр скейтбордлар, сегвейлар, уницикллар, моноғилдираква бошқа шунга ўхшаш воситалар) ёрдамида одамнинг индивидуал ҳаракатланишиучун мўлжалланган бир ёки бир нечта ғилдираклари (роликлари) бўлган транспортвоситаси киради.

Қонун билан йўл-патруль хизмати ходимларининг хизматни ўташ вақтида йўл ҳаракати қоидабузарлигини аниқлаган тақдирда қоидабузарга жойнинг ўзида жарима қўллаши мумкинлигини назарда тутувчи ваколати бекор қилинмоқда.

маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, скутерлар, велосипед, юк машиналари

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сонли қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларида юк автомобилларига фақат чапга бурилиш ёки қайрилиб олиш учун йўлнинг четки чап қаторини эгаллашга рухсат этилиб, бошқа ҳолларда чап қаторда ҳаракатланиш тақиқланган.

Мажлисда таъкидланишича, ушбу қоидабузарлик учун амалдаги қонунчиликда жазо чоралари белгиланмагани сабабли аксарият ҳолларда ҳайдовчилар йўлларнинг чап қаторларида бемалол ҳаракатланишмоқда ва бу ҳолат автомобиль йўлларида тирбандликларга ва авария ҳолатлари содир бўлишига сабаб бўлмоқда.

Айнан шу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда қонунда юк автомобиллари йўлнинг четки чап қаторида ҳаракатланганлиги (рухсат этилган ҳоллар бундан мустасно) учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

«Янгидан янги транспорт воситалари, электросамокат, скутерлар оммалашяпти. Ёшларимизнинг уларга иштиёқи баланд. Афсуски, индивидуал ҳаракатланиш воситалари билан боғлиқ қоидабузарликларнинг сони ҳозир кам эмас. Юқорида бу бўйича аниқ рақамлар келтирилди. Шу жиҳатдан қараганда, киритилаётган нормалар йўлларда, ким бўлишидан қатъи назар у хоҳ ҳайдовчи бўлсин, хоҳ йўловчи ёки пиёда инсон ҳаёти ва соғлиғини асрашга қаратилган. Аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида ушбу нормаларнинг маъно-моҳиятини тушунтириш ишларига жиддий эътибор қаратиш керак», — деди Сенат раиси Танзила Нарбаева.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.