20 сентябрь куни Шавкат Мирзиёевга спорт соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва истиқболли режалар тўғрисида ахборот берилди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, йиғилишда, биринчи навбатда, оммавий спортни ва олимпия ҳаракатини кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди. Парижда бўлиб ўтган олимпиада ва паралимпиада совриндорлари билан учрашувда давлат раҳбари 2028 йилда Лос-Анжелесда бўладиган ўйинларга ҳозирдан тайёргарлик кўриш, йўлланмалар сони ва турини кўпайтириш зарурлигини таъкидлаган эди.

Шундан келиб чиқиб, Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия ва Паралимпия қўмиталари томонидан спорт турлари бўйича фойдаланилмаган имкониятлар яна бир бор танқидий таҳлил қилинди, дейилади хабарда.

Президент Олимпия ўйинларида енгил атлетика бўйича 48 та, сув спорти турларида 49 та дастур мавжудлиги, лекин ўзбекистонлик спортчилар бор-йўғи 5 ва 4 та йўлланма билан қатнашганини айтди.

Таъкидланишича, теннис, ўқ отиш, гимнастика, велоспорт бўйича федерациялар ҳам, шароит ҳам бор. Юнон-рум кураши, от спорти, қиличбозлик, эшкак эшиш бўйича ҳали ишга солинмаган имкониятлар кўп. Чим устида хоккей, баскетбол, гандбол, регби, сув полоси каби жамоавий спорт турларини ҳам ривожлантириш зарур.жисмоний тарбия, оммавий спорт, президент, спорт

Шавкат Мирзиёев мазкур спорт федерациялари ишини жонлантириш, ўқув-машғулотлар тизимини такомиллаштириш бўйича вазифалар белгилади.

Бундан ташқари, маҳаллаларда селекция ишларини кенгайтириш, иқтидорли ёшларни профессионал этиб тарбиялаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Кейинги йилги Осиё ва Параосиё ўйинларидан сўнг Тошкентда қурилаётган Олимпия шаҳарчаси инфратузилмасидан самарали фойдаланиш кўзда тутилмоқда. Бунинг учун «Ақлли шаҳар» концепциясига асосланган маъмурий бошқарув ташкил этилади.

У спорт мажмуаларини сақлаш, жиҳозлар ва техник тизимлар ҳолатини кузатиб бориш, зарур ҳолларда таъмирлаш билан шуғулланади. Устувор спорт турлари бўйича йиллик режа тасдиқланиб, ҳудудлардаги спортчиларнинг Олимпия шаҳарчасида ўқув-машғулот ўтказиши йўлга қўйилади. Шунингдек, бу тузилмага оммавий тадбирларни ташкил этиш, ижара ва бошқа хизматларни кўрсатиш ҳуқуқи берилади.

Бугунги кунда хоккей бўйича 4 та спорт клуби ва 3 та спорт иншооти мавжуд. Йиғилишда ушбу спорт турини ривожлантириш, кейинчалик Олимпия шаҳарчаси ҳудудида хоккей мажмуасини қуриш бўйича таклифлар билдирилди.

Давлат раҳбари аҳолини жимоний тарбия ва оммавий спортга кенг жалб этиш, халқаро мусобақаларга тизимли тайёргарлик кўриш бўйича топшириқлар берди.