Олий Мажлис Сенатининг 57-ялпи мажлисида Танзила Нарбаева Бойсун туманидаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» газ конида қайта юз берган авария оқибатида ҳалок бўлганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирди.

«1 сентябрь куни Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги „Мустақилликнинг 25 йиллиги“ газ конида бурғилаш ишлари олиб бориш жараёнида технологик жараён оқибатида олтингугурт яъни водород сулфид чиқиши кузатилди. Бугунги кунда жамоатчиликни диққат марказида бўлиб турган масала. Ҳаммамиз буни эшитдик», — деди у.

«Шу муносабат билан, вафот этган фуқароларимиз бор, яқинларига сабр тилаймиз. Оилалари давлатимиз, президентимиз назоратида, буни ҳамма эшитди. Уларни таъминоти масаласида алоҳида топшириқ ҳам бўлган, [улар] ташлаб қўйилмайди. Биз ҳам ҳамдардлигимизни билдирамиз», — деди Сенат раиси.

Эслатиб ўтамиз, Бойсундаги газ конида содир бўлган янги авария оқибатида 4 киши ҳалок бўлгани, 11 киши жароҳатлангани тасдиқланганди.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Сурхондарё вилояти ҳалок бўлган фуқароларнинг оилалари пудратчи ташкилот қарамоғига олинишини маълум қилганди.