Сурхондарё вилоятида маиший чиқиндиларни олиб кетиш билан шуғулланувчи «Тоза ҳудуд» корхонаси аҳолига етарлича хизмат кўрсатмай, 3,2 млрд сўм ортиқча пул олгани учун молиявий жаримага тортилди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.

Ўрганиш ва таҳлилларда мазкур вилоят «Тоза ҳудуд» ДУК тартибга солинадиган нархлар (тарифлар)ни декларация қилмасдан (тасдиқламасдан) ёки келишиб олмасдан қўлланилиши натижасида 522,6 млн сўм, кўрсатилмаган хизмат учун 2,7 млрд сўм — жами 3,2 млрд сўм ортиқча даромад олгани аниқланди.

Юқоридагиларга кўра, ҳудудий бошқарманинг махсус комиссияси томонидан «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 18-моддаси, «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 21-моддаси ва Вазирлар Маҳкамасининг 722-сонли қарори билан тасдиқланган низоми талаблари бузилгани аломатлари билан хизмат кўрсатувчи ташкилотга («Тоза ҳудуд») нисбатан иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан белгиланган тартибда молиявий жарима қўлланди.

Шунингдек, 3,2 млрд сўмдан ортиқ маблағни истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиниши бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.

Рақобат қўмитаси аввалроқ Сирдарё вилоятидаги «Тоза ҳудуд» корхонаси салкам 150 минг истеъмолчига нисбатан 528,6 млн сўм миқдорида ортиқча тўловлар ҳисоблаганини аниқлаганди.