Сенатнинг 21 сентябрь куни ўтган 57-ялпи мажлисида «Оилавий (маиший) зўравонликдан ҳимоя қилиш чоралари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун муҳокама қилинди. Ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 16 июль куни қабул қилинганди.

Қонун Жаҳон банкининг тавсияси асосида болалар ва хотин-қизларнинг тазйиқ ва зўравонликка учрашининг олдини олиш чоралари самарадорлигини ошириш, оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳит яхшиланишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилгани таъкидланди.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59−2-моддаси ва Жиноят кодексининг 126−1-моддаси болага нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик қилганлик учун жавобгарлик белгилаш нормаси билан тўлдирилмоқда. Шунингдек, оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ ишлар юзасидан ярашув тўғрисидаги аризани суриштирув ва дастлабки тергов босқичларида эмас, суд муҳокамаси пайтида бериш тартиби жорий қилинмоқда.

Яъни оилавий (маиший) зўравонлик бўйича ишлар юзасидан ярашув тўғрисидаги ариза фақат ишни судда кўриш жараёнида, суд муҳокамасининг исталган босқичида, аммо суд маслаҳатхонага киришидан олдин берилиши мумкинлиги белгиланмоқда.

«Бизнинг миллий, диний қадриятларимизга ёт бўлган оилавий (маиший) зўравонликнинг олдини олиш бўйича кенг қамровли, тизимли ишлар амалга ошириляпти. Ҳуқуқий асослар мустаҳкамланяпти. Лекин бу нормалар уларнинг амалиёти билан қадрли. Амалий жиҳатдан қонунларни ишлатиш масаласини кучайтириш лозим. Чунки, кўз юмиб бўлмайдиган ташвишли фактлар, рақамлар мавжуд. Уларни инобатга олган ҳолда, Сенат оилавий (маиший) зўравонликдан ҳимоя қилиш чораларини кучайтиришга қаратилган қонунни маъқуллади», — деди Сенат раиси Танзила Нарбаева.

«Айтиш жоизки, ҳимоя ордери берилиши — бу ишимиз битди дегани эмас. Бу зўравонликка қарши курашиш ишининг бошланиши. Тузатиш дастурини ишлаб чиқиб, индивидуал тарзда бизга ёт бўлган иллатларга қарши ишлашимиз керак. Бу масалалар юзасидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги амалий ишларни бошлади. Агентлик атрофида барча мутасадди вазирлик ва идоралар бирлашиб ишлаши талаб этилади», — дея қўшимча қилди раис.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланиб, имзолаш учун президентга юборилди.