Ўзбекистон миллий терма жамоаси футзал бўйича жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи сўнгги — 3-тур ўйинида Коста-Рикага имкониятни бой берди. 20 сентябрь куни Тошкентдаги «Ҳумо Арена»да бўлиб ўтган учрашув 5:3 ҳисобида Лотин Америкаси вакиллари ғалабаси билан тугади.
Коста-Рика биринчи бўлимни 2:1 ҳисобида ўз фойдасига якунлади. Иккинчи бўлимда Ўзбекистон 30-дақиқага келиб олдинга чиқиб олди (3:2), аммо 32-дақиқада Ихтиёр Ропиев икки дақиқа ичида бир неча қоидабузарлик қилиб, иккинчи сариқ карточкани олди ва майдондан четлатилди. Шундан сўнг Коста-Рика уч гол уриб, ғалабани илиб кетди.
Эслатиб ўтамиз, гуруҳ босқичи 1-турида Ўзбекистон Нидерландия билан 3:3 ҳисобида дуранг ўйнаган, 2-турда эса Парагвайга 1:4 ҳисобида имконият бой берганди. Шу тариқа миллий терма уч ўйиндан сўнг 1 очко жамғариб, «А» гуруҳида охирги ўринни эгаллади.
Айни вақтда ушбу гуруҳдан учта жамоа — гуруҳ ғолибига айланган Парагвай, сўнгги турда Парагвайни мағлуб этган Нидерландия, шунингдек, энг яхши натижа кўрсатган 3-ўрин эгаларидан бири сифатида, Коста-Рика плей-оффга чиқди.
Ўзбекистон — Коста-Рика 3:5
Голлар: Эдвин Кубильо (4), Йосел Леон (20), Диего Чаваррия (32), Минор Кабальсета (33), Жан Салас (38) — Машраб Одилов (14), Илҳомжон Ҳамроев (27), Самариддин Беркинов (30).
Учрашувнинг энг яхши ўйинчиси: Минор Кабальсета (Коста-Рика).
Бошқа учрашувлар
20 сентябрь куни жаҳон чемпионатининг «А» ва «Б» гуруҳларида қуйидаги учрашувлар ҳам бўлиб ўтди:
«А» гуруҳи, 3-тур учрашуви
Нидерландия — Парагвай 5:2
Голлар: Йордани Мартинус (7), Хорди Кретье (8, 35), Муҳаммад Шиҳ (28, 37) — Педро Паскоттини (17), Лукас Суарес (23).
Учрашувнинг энг яхши ўйинчиси: Мануэль Куийк (Нидерландия).
«Б» гуруҳи, 3-тур учрашувлари
Таиланд — Бразилия 1:9
Голлар: Муҳаммад Осаманмуса (20) — Марсель (6, 20, 36), Фелипе Валериу (11), Пито (23, 31), Марлон (24), Критсада Вонгкаео (27, автогол), Феррао (37).
Учрашувнинг энг яхши ўйинчиси: Пито (Бразилия).
Куба — Хорватия 0:7
Голлар: Кристиан Цеколь (2, 27), Нико Вукмир (13), Лука Перич (23, 31), Дарио Маринович (25), Давид Матая (31).
Учрашувнинг энг яхши ўйинчиси: Кристиан Цеколь (Хорватия).
Турнир ҳақида
14 сентябрь куни бошланган футзал бўйича жаҳон чемпионати Ўзбекистоннинг Андижон, Бухоро ва Тошкент шаҳарларида 6 октябрга қадар давом этади. Турнирда 24 жамоа иштирок этмоқда.
Олти гуруҳда биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган 12 жамоа, шунингдек, 3-ўринни эгаллаган тўртта энг яхши жамоа турнирнинг плей-офф босқичига йўл олади.
2021 йили Литвада бўлган ва Португалиянинг чемпионлиги билан тугаган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон ўз тарихидаги энг яхши натижани қайд этган — терма жамоа гуруҳдан кейинги босқичга чиққан, аммо чорак финал учун ўйинда Эронга мағлуб бўлган.