Президент Шавкат Мирзиёев 20 сентябрь куни спорт соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги режалар юзасидан ахборот билан танишди.

2025 йилда Тошкент шаҳрида ёшлар ўртасида Осиё ва Параосиё ўйинлари ўтказилиши режалаштирилган. Бунинг учун пойтахтда 104 гектар майдонда Олимпия шаҳарчаси барпо этилмоқда.

Шавкат Мирзиёев яқинда шаҳарчага ташрифи чоғида бу мажмуа мамлакат спортининг илмий, амалий ва ўқув-машғулот марказига айланиши лозимлигини таъкидлади.

Осиё ўйинларидан сўнг, Олимпия шаҳарчаси инфратузилмасидан самарали фойдаланиш кўзда тутилмоқда. Бунинг учун «Ақлли шаҳар» концепциясига асосланган маъмурий бошқарув ташкил этилади. У спорт мажмуаларини сақлаш, жиҳозлар ва техник тизимлар ҳолатини кузатиб бориш, зарур ҳолларда таъмирлаш билан шуғулланади.

Бундан ташқари, устувор спорт турлари бўйича йиллик режа тасдиқланиб, ҳудудлардаги спортчиларнинг Олимпия шаҳарчасида ўқув-машғулот ўтказиши йўлга қўйилади. Шунингдек, бу тузилмага оммавий тадбирларни ташкил этиш, ижара ва бошқа хизматларни кўрсатиш ҳуқуқи берилади.

Спорт вазири Адҳам Икромов шаҳарчани самарали эксплуатация қилиш учун «Президентнинг алоҳида фармони асосида» Хитой ва бошқа давлатлар тажрибаси асосида бошқарув компанияси жалб этилишини маълум қилди.