Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилди.

«Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон қонунида тиббий маълумотга эга бўлмаган шахслар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш бўйича махсус комиссиянинг хулосасига асосан халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга экани белгиланган. Бунда соғлиқни сақлаш амалиётида ташхис қўйиш ва даволашнинг фақат қўллашга рухсат этилган усулларидан фойдаланишга йўл қўйилади.

Шу билан бирга қонунчиликда халқ табобати соҳасидаги фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан фуқароларга тиббий ташхис қўйиш ва уларни даволаш хизматларини кўрсатганлик, шунингдек, хизматларни халқ табобати йўналишида рухсат этилмаган усулларни қўллаган ҳолда моддий қимматликлар олиш ёки мулкий манфаатдор бўлиш эвазига кўрсатганлик учун жавобгарлик чоралари назарда тутилмаган.

Сенатда таъкидланишича, бунинг оқибатида фуқаролар сохта табибларнинг қурбонига айланмоқда, бундай хизматларнинг оқибатлари эса фуқароларнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Қонун билан фуқароларга тиббий ташхис қўйиш ва уларни даволаш хизматларини халқ табобати соҳасидаги фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан кўрсатганлик, шунингдек хизматларни халқ табобати йўналишида рухсат этилмаган усулларни қўллаган ҳолда моддий қимматликлар олиш ёки мулкий манфаатдор бўлиш эвазига кўрсатганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 59−5-моддасига мувофиқ, Халқ табобати соҳасида фаолият олиб бориш учун тегишли ҳуқуққа эга бўлмаган шахс томонидан фуқароларга тиббий ташхис қўйиш ва уларни даволаш хизматларини кўрсатиш ҳамда мазкур хизматларни омма олдида тарғиб қилиш, башарти жиноят аломатлари мавжуд бўлмаса, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваридан 20 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 20 бараваридан 25 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шу билан бирга, қонун билан мазкур хизматларни омма олдида тарғиб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик ўрнатилмоқда.

Хусусан, халқ табобати йўналишида рухсат этилмаган усулларни қўллаган ҳолда фуқароларга тиббий ташхис қўйиш ва уларни даволаш хизматларини моддий қимматликлар олиш ёки мулкий манфаатдор бўлиш эвазига кўрсатиш, шунингдек, мазкур хизматларни омма олдида тарғиб қилиш, башарти жиноят аломатлари мавжуд бўлмаса БҲМнинг 15 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши ҳақидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Бундан ташқари «Реклама тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни халқ табобати йўналишида рухсат этилмаган усулларни қўллаган ҳолда фуқароларга тиббий ташхис қўйиш ва уларни даволаш хизматларини реклама қилишни тақиқловчи норма билан тўлдирилмоқда.

Муҳокамадан сўнг қонун сенаторлар томонидан маъқулланиб, имзолаш учун президентга юборилди.