2023 йилда коррупция билан боғлиқ жиноятлар натижасида давлат манфаатларига етказилган зарарнинг юқори улуши Андижон, Наманган, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларига тўғри келди, Сурхондарё ва Андижон вилоятларида коррупция билан боғлиқ жиноятлар ортди.

Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов Олий Мажлис Сенатининг шанба куни бўлиб ўтган йиғилишида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги учинчи миллий маърузасида маълум қилди, деб хабар берди юқори палата матбуот хизмати.

Коррупцияга оид жиноят ишлари бўйича судланган шахсларнинг аксарияти мактабгача ва мактаб таълими муассасалари, тижорат банклари, соғлиқни сақлаш ташкилотлари ҳамда ҳокимликлар ходимлари ҳисобланади.

акмал бурханов, коррупсияга қарши кураш

Агентлик матбуот хизмати маълумотларига кўра, 2023 йилда коррупцияга оид жиноят содир этган шахслар сони 2022 йилга нисбатан 12 фоизга (7414 нафардан 6535 нафарга), жиноятлар сони эса 11 фоизга (4607 тадан 4128 га) камайган.

Коррупцияга оид жиноятлар оқибатида етказилган зарар миқдори ҳам ўтган йилга нисбатан 608 млрд сўмга (2,04 трлн сўмдан 1,4 трлн сўмга) ёки 29 фоизга камайган. Ҳозирда уларни тўлиқ қоплаш чоралари кўрилмоқда.

Йил бошида Бош прокуратура 2023 йилда 3575 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилганини маълум қилганди, бу аввалги йилга нисбатан 14,7 фоизга кўп дегани. Катта фарқ билан етакчилик қилаётган асосий жиноят тури мулкни ўғирлашдир. Республика даражасидаги амалдорлар 2022 йилга нисбатан 55 фоизга кам ҳукм қилинган. Лавозим жиноятлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига, ҳисоб-китобларга кўра, 1,546 трлн сўм (2022 йилда — 1,12 трлн сўм) миқдорида зарар етказилган.

Акмал Бурханов коррупцияга оид жиноятлар камайишига эришиш омиллари сифатида янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниши, халқаро стандартлар миллий қонунчиликка имплементация қилиниши ва давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш чора-тадбирларини қайд этди.

Ҳозирда 117 та вазирлик ва идорада ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилган, агентлик томонидан ҳар чоракда камида бир марта халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда ички назорат тузилмалари ходимлари учун малака ошириш тизими йўлга қўйилган.

Хусусан, улар томонидан ўтказилган 4349 та назорат тадбирларида 342,6 млрд сўм маблағларни талон-торож қилиш ва 928,9 млрд сўмлик молиявий қонунбузилиши ҳолатлари аниқланиб, тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган. 953,4 млрд сўмлик маблағларнинг ноқонуний сарф этилишининг олди олиниб, 372 млрд сўмлик ноқонуний харажатлар давлат идоралари ҳисобига ундирилган.

Шу билан бирга, 20 та давлат ташкилотида ички назорат тизимини жорий этишга оид идоравий ҳужжатлар ишлаб чиқилмаган, 13 тасида ички назорат тизими самарали фаолият кўрсатмаяпти.

Хусусан, Андижон ва Сурхондарё вилояти ҳокимликлари, Ташқи ишлар вазирлиги, Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясида ички назорат тизимини жорий этишга оид идоравий ҳужжатлар ишлаб чиқилмаган.

Коррупция хавфи даражасини баҳолашда 92 та вазирлик ва идораларнинг 7525 та функцияларидаги коррупциявий хавф-хатарлар даражаси баҳоланиб, уларнинг 495 таси «юқори», 1 541 таси «ўрта» ва 5 489 таси «паст» тоифаларга ажратилган. Шунингдек, E-anticor платформасида давлат ташкилотларининг коррупциявий хавф-хатарлар харитаси, коррупциявий хавф-хатарларни камайтириш бўйича дастурлари ва коррупция хавф-хатари юқори бўлган лавозимлар рўйхати шакллантирилган.

2023 йилда агентлик томонидан 307 норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилиб, уларнинг 174 тасида 413 та коррупциявий омил аниқланди ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқувчиларга юборилган.

Сенат аъзолари коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни янада такомиллаштиришга қаратилган қатор таклифларни билдирди. Хусусан, жиноятлар кўрсаткичи ошган давлат органлари ва ташкилотларида кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар белгилаш таклиф этилди.

Коррупция ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантириш тизими бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини жадаллаштириш, давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ички назорат тузилмалари ходимларига қўшимча вазифалар юклатилишини олдини олиш зарур.