Veolia Energy Tashkent халқ депутатлари Тошкент шаҳи кенгашининг аҳоли ва юридик шахслар (бюджет ташкилотлари бундан мустасно) учун иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти тарифларини 15 фоизга ошириш тўғрисидаги қарорига изоҳ берди.

Компания маълумотларига кўра, тарифларнинг ошишига иссиқлик ва иссиқ сув ишлаб чиқариш учун зарур бўлган газ ва электр энергияси нархларининг ошиши таъсир кўрсатган.

«2023 йилда корхоналар учун электр энергияси тарифлари бир неча баробарга ошди. Ушбу қўшимча ҳаражатларни қоплаш учун 2023 йил 2 декабрдан бошлаб бюджет ташкилотлари ва бошқа юридик шахслар учун тарифлар оширилди», — дейилади хабарда.

«Аммо шунга қарамай, 2023/2024 йилги иситиш мавсуми тугагунга қадар аҳоли учун тариф ўзгаришсиз қолди. 2024 йил 2 апрелдан бошлаб тариф 15 фоизга ошди, шунда ҳам бу энергия ресурслари нархининг ўсиш суръатидан сезиларли даражада паст. Бу 2019 йилдан буён аҳолини тарифини илк ошиши эди. Кўриб турганингиздек, биз нархларнинг кескин ошишига йўл қўймаслик мақсадида тарифлар ўсишини аста-секин ва бир маромда амалга оширишга интилмоқдамиз», — дея қайд этди Veolia.

Таъкидланишича, амалдаги аҳоли тарифи, базавий тарифнинг 16 фоизини қоплайди. Кутилаётган 15 фоиз ўсишдан кейин эса 18 фоизини қоплай бошлайди. Қолган қисми доимгидек давлат субсидиялари билан қопланади.

Янги тарифлар қачон кучга киради?

Кенгашнинг қарори — янги тарифни тасдиқлаш ва қўллаш бўйича оралиқ босқич ҳисобланади. Сўнгра у кўриб чиқиш учун Тошкент шаҳар ҳокимига юборилади. Ҳоким қарорининг лойиҳаси танишиш ва жамоатчилик муҳокамаси учун www.regulation.gov.uz порталида эълон қилинади. Муҳокама муддати — 15 кун.

Якуний қарорни Тошкент шаҳар ҳокими имзолайди. Тарифлар мазкур қарор эълон қилинган кундан бошлаб 15 кун ўтгач кучга киради.

«Биз тарифларнинг оширилиши катта юклама эканлигини тушунамиз. Аммо Veolia Energy Tashkent компанияси ҳамма каби таннархимизни ташкил этувчи энергия нархига боғлиқлигини инобатга олишингизни сўрайди. Тарифларни ошириш мажбурий қадамлардан бири. Биз иқтисодий воқелик ва фуқароларни қўллаб-қувватлаш ўртасидаги мувозанатни сақлаб қолиш учун имконимиз доирасидаги барча чораларни амалга оширмоқдамиз», — деди компания.

Февраль ойида Veolia Energy Tashkent компанияси кенгашга Тошкент шаҳри аҳолисини иссиқ сув ва иссиқлик билан таъминлаш тарифини 15 фоизга оширишни таклиф қилган эди. Корхона раҳбарининг айтишича, шаҳар аҳолиси базавий тарифнинг атиги 14 фоизини тўлайди, қолгани эса шаҳар бюджетидан субсидия шаклида қопланади.

Эслатиб ўтамиз, пойтахт бюджети барча харажатларининг тўртдан бир қисми иссиқлик энергиясини ишлаб чиқарувчиларга аҳолига кўрсатилган иссиқлик таъминоти хизмати учун пасайтирилган тарифларни қўллаш натижасида юзага келадиган зарарни қоплаш харажатларига йўналтирилади. 2024 йилда бунинг учун 1,97 трлн сўм йўналтириш режалаштирилган, бу 2023 йил прогнозидан (1,6 трлн сўм) 22,8 фоизга кўпдир.