«Газета.uz» Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг 2025−2029 йилларга мўлжалланган сайловолди дастурини тақдим этади.

«Қадриятларга таянган тараққиёт» шиори остида фаолият юритувчи партиянинг бош мақсади «қудратли давлатга таянган, қонунлари миллий ва умуминсоний қадриятларга уйғун, инсон қадри баланд жамият қуриш».

1. Баркамол авлод салоҳиятини рўёбга чиқариш (Таълим ва тарбия — тараққиёт пойдевори)

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси мамлакатда инсон қадрини улуғлашга қаратилган сиёсатнинг мазмун-моҳиятини теран англаган ҳолда «Тарбия ё ҳаёт, ё мамот» ғоясини ҳаётга татбиқ этишнинг асосий мақсади ҳазрати инсоннинг ўз салоҳиятини руёбга чиқариш учун шароитлар яратишда, деб билади. Инсон ўз салоҳиятини руёбга чиқариши учун, биринчи навбатда, таълим олиши, маънавий, маданий салоҳиятини ошириб бориши, жисмоний камолотга эришишдек фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларидан тўлақонли фойдаланиши талаб этилади.

Партия бу мақсадларга эришишда мамлакатимизда қабул қилинган ҳуқуқий асосларга, ўтган даврда тўпланган амалий тажрибага, халқимизнинг маънавий ва моддий камолотига ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган манба сифатида қарайди ҳамда ўз фаолиятида уни муттасил ривожлантириб, бойитиб боришни табиий зарурат, деб ҳисоблайди.

1.1. Маънавий тарбия ва сифатли таълим

Тарбия ва таълим ўзаро мутаносиб, бир-бирини тўлдирувчи жараён, уларни ажратиб бўлмайди. Таълим жараёнида тарбия, тарбия жараёнида эса таълим ўзини намоён этиб туради. Бу икки жараённи ўзаро уйғун, узлуксиз асосда ташкил этиш одобли, юксак маънавиятли, шу билан бирга, билимдан, зукко, руҳан ва жисмонан соғлом, ахлоқий фазилатларга, кенг дунёқараш ва тафаккурга, замонавий касб ҳунарга эга бўлган ватанпарварларни тарбиялаш ва вояга етказишнинг асоси ҳисобланади.

Янги Ўзбекистон ислоҳотлари даврида таълим-тарбия тизимида тарбиянинг ўрни сезиларли даражада ошганини эътироф этиш баробарида, ҳали тизим етарли даражада такомиллаштиримагани сабабли, бу жиҳатни миллат тараққиёти учун ҳаёт-мамот масаласи, деб билади. Ана шу талабдан келиб чиқиб, «Тарбия» дарслигини жиддий такомиллаштириш лозим, деб ҳисоблайди. Тарбияни жиддий илмий тадқиқ қилиш, оила, боғча ва мактабда сингдирилиши зарур бўлган миллий қадриятлар ва кўникмаларни аниқлаш ҳамда уларни самарали сингдириш методологияларини ишлаб чиқиш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

«Миллий тикланиш» юқоридаги талаблардан келиб чиқиб, миллий тарбия асослари ва миллий таълим дастурларини ривожлантириш, узлуксиз тарбия ва таълим уйғунлигининг ҳуқуқий асосларини такомилга етказиш чораларини кўришни устувор вазифа, деб ҳисоблайди.

Ушбу мақсадда мактабгача ва мактаб, касб-ҳунар, олий ва олий таълимдан кейинги таълимни ривожлантиришда қуйидаги чоралар кўрилади:

1.1.1. Мактабгача ва мактаб таълими

  • «Янги авлод тарбиячи ва педагогларини тайёрлаш давлат дастури»ни қабул қилиш, шунингдек педагогикага лаёқати бор мактаб битирувчиларини саралаш ва давлат буюртмаси асосида ўқишини ташкил этиш;
  • 3 ёшгача бўлган болалар учун ва умумиллий қадриятларга таянган миллий видео маҳсулотлар контентини яратиш;
  • тарбиячи ва ўқитувчиларни ишга қабул қилиш ва фаолияти жараёнида уларнинг олдинги иш фаолиятини ўрганиш, психологик тестлардан ўтказиш тартибини жорий этиш;
  • мактабгача таълим ва бошланғич таълимнинг 1-синфларида она тили билан биргаликда давлат тилини ҳам ўргатиш, 6-синфдан танлов асосида иккита хорижий тилни ўрганишини йўлга қўйиш;
  • бошланғич синф ўқувчилари билимини баҳолаш тизимини ислоҳ қилиш;
  • умумтаълим мактабларида жисмоний тарбия фани доирасида халқ ўйинлари билан шуғулланишни йўлга қўйиш;
  • E-maktab (Kundalik.com) тизимини тубдан ислоҳ этиш;
  • мактабларда раҳбарларни сайлаш-тайинлаш тизимини такомиллаштириш, кўпи билан 5 йиллик 2 муддатга раҳбар лавозимида ишлашга рухсат этиш;
  • мактабларга педагогларни танлов асосида ишга қабул қилишнинг шаффоф тизимини жорий этиш;
  • ўқитувчилар фаолиятига баҳо беришнинг видеокузатувга таянган рейтинг баллари асосида ҳақ тўлаш тизимини жорий этиш;
  • 7-синфдан бошлаб болаларга қобилиятига қараб олий таълим, ҳунармандлик, тадбиркорлик ёки спорт йўналишига алоҳида тайёрлаш тизимини жорий қилиш;
  • давлат умумтаълим мактабларида куни узайтирилган гуруҳлар фаолиятини давлат бюджети ҳисобидан ташкил этиш каби ғояларни илгари суради.

1.1.2. Касб-ҳунар, олий ва олий таълимдан кейинги таълим

  • кадрлар тайёрлашда халқаро меҳнат бозори талабларини инобатга олиш;
  • олий таълим муассасини рақобат майдони, кириш осон, битириш қийин масканга айлантириш;
  • таълим сифати юзасидан талабалар фикрини ўрганиб бориш;
  • миллий илмий кадрлар тайёрлаш тизимини қайта кўриб чиқиш, бюрократик талабларни бекор қилиш, Олий аттестация комиссиясини ислоҳ этиш;
  • ўзбек тилидаги маълумотлар базасини кенгайтириш, ҳар йили хорижий тилдаги мингта илмий адабиётни давлат тилига таржима қилиш;
  • «Инновацион фаолият ва уни тижоратлаштириш тўғрисида»ги ва «Венчур уюшмалар тўғрисида»ги қонунларни қабул қилиш.

1.2. Жисмоний тарбия ва спорт

Партия аҳоли, биринчи навбатда, ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқаришда жисмоний тарбия ва спортнинг аҳамиятини алоҳида эътироф этади. «Соғлом танда — соғлом ақл!» тамойилига амал қилиш, соҳани ривожлантириш билан боғлиқ ҳуқуқий асосларни такомиллаштириб бориш тарафдори.

Жисмонан ва руҳан соғлом ёш авлодни тарбиялаб вояга етказиш, болалар ва ёшларнинг кенг кўламда спорт билан мунтазам шуғулланиши учун қулай шартшароитлар яратиш, шунингдек, мактаб «ўқувчиларининг халқаро мусобақаларда иштирок этишига кўмаклашиш, миллий спорт турларини қайта тиклаш партия учун устувор вазифалардир.

Партия жисмоний ва спорт йўналишида қуйидагиларни қўъллаб-қувватлайди:

  • ёшларнинг «Беш ташаббус олимпиадаси» ва халқаро мусобақаларда иштирок этишига кўмаклашиш;
  • спорт билан профессионал ва доимий шуғулланувчи ёшларни кўпайтириш;
  • селекция ишларида шаффофлик, холисликни таъминлаш;
  • миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини тиклаш;
  • миллий олимпиада спорт ўйинлари ўтказишни йўлга қўйиш.

2. Маънавий юксалиш ва маданият соҳаси (Қадриятларга таянган тараққиёт)

Партия маънавий тараққиётни таъминлаш, маданият соҳасини янги босқичга олиб чиқиш жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашнинг пойдевори эканлигини эътироф этади. Маънавий юксалиш жараёнида «Тарих — келажак учун маёқ!» тамойили дастуриламал бўлиши лозим, деб ҳисоблайди.

Ушбу жараёнда давлатчилигимиз ривожининг уч минг йилдан зиёд тарихий тажрибасидан келиб чиқиб иш кўриш, жаҳон цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг илмий, маданий ва маънавий меросига таяниш партия сиёсатининг асосини ташкил этади. Партия маънавий юксалиш ва маданият соҳасида қуйидагиларга эътибор қаратади:

2.1. Миллий маданият ва маънавиятни ривожлантириш, қадриятларни сақлаш, бойитиш

Партия инсон салоҳиятининг рўёбга чиқишида унинг маънавий дунёси, маданий дунёқараши муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаган ҳолда, китобхонликни оммалаштириш, театр, кино ва санъатнинг бошқа соҳаларини тарғиб қилиш орқали жамият ва ҳар бир шахс маънавияти ва маданий савиясини ошириш чораларини кўриб боради ва қуйидагиларни таклиф этади:

  • маданий-маърифий соҳада ҳокимлар масъулиятини ошириш;
  • театр санъатини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш;
  • миллий сериаллар ишлаб чиқариш концепциясини яратиш;
  • болалар адабиёти, мусиқаси, қўшиқлари, санъати, киноси, мултфилмларини яратиш, нашрлари фаолиятини ривожлантириш;
  • жамоат жойлари одоб-ахлоқ қоидаларини ишлаб чиқиш;
  • миллий ва ўзга рамзлар, тимсол (символ)лардан фойдаланиш тартибларини
    такомиллаштириш;
  • озчилик ҳуқуқларини ҳурмат қилган ҳолда ягона миллий ўзига хосликни тарғиб қилишни таъминловчи чораларни амалга ошириш;
  • исм олиш ва уларнинг ёзилишини миллий анъаналарга мувофиқлаштириш;
  • қадимий асарлар ва қўлёзмаларни тадқиқ этиш, нашр қилиш;
  • қадриятларни тоифалаштириш, тикланишга муҳтож, барқарор сақланиши зарур қадриятлар рўйхатини тузиш, оммалаштириш.

2.2. Маданий мерос муҳофазаси, ундан фойдаланиш, ташкилий-ҳуқуқий асослари

Партия халқимизнинг тарихий, маънавий, маданий, илмий ва табиий мероси фуқаролар томонидан авайлаб асралиши шартлиги, давлат томонидан муҳофаза этилиши зарурлигини қўллаб-қувватлайди ва бу борада ҳуқуқий асосларни такомиллаштириб бориш зарурлигини таъкидлаб, қуйидагиларни амалга ошириш лозим, деб ҳисоблайди:

  • рўйхатга олинмаган маданий мерос объектларини аниқлаш, давлат муҳофазасига олиш, йўқолиб кетиши ёки бузилишининг олдини олувчи қонунчилик ташаббусларини илгари суриш;
  • археология ёдгорликларини очиқ осмон остидаги музейга айлантириш;
  • маданий мерос объектларини рўйхатга олиш, сақлаш ва фойдаланиш тартибини такомиллаштириш;
  • хорижда сақланаётган қадимий қўлёзма, китоблар ва бошқа осори атиқаларимизни асли ёки нусхасини мамлакатимизга қайтариш;
  • маданий мерос объектлари билан танишиш ва уларни зиёрат қилишдан бошқа мақсадларда фойдаланишни тақиқлашга қаратилган қонун ташаббус қилиш;
  • маданий мерос объектларини ижарага бериш тизимини бекор қилиш;
  • маданий, табиий ва бошқа мерос объектларини ЮНEСКО рўйхатларига киритиш
    таклифлари билан чиқиш.

2.3. Давлат тили мақомини ошириш, мамлакатимиз ва хорижда кенг тарғиб этиш

Партия давлат тилининг мақоми ва нуфузини оширишга қаратилган давлат сиёсатини қўллаб-қувватлайди ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида унинг тўлиқ қўлланилиши тарафдори. Шундан келиб чиқиб, қуйидаги таклифларни илгари суради:

  • давлат тилини ислоҳ қилиш давлат комиссиясини ташкил этиш;
  • қонун ҳужжатлари ҳамда идоравий ёзишмаларнинг давлат тилида ёзилишини таъминлаш;
  • ташқи реклама ҳамда бошқа ёзувларнинг давлат тилида ва ёзувида бўлишини таъминлаш;
  • расмий идоралар, мобил операторлар хабарларининг давлат тилида бўлишини таъминлаш;
  • чет тиллардаги кинофильмларни мамлакат кинотеатрларида намойиш этишда уларни ўзбек тилига мажбурий таржима қилишга қаратилган ҳуқуқий нормани белгилаш;
  • «Давлат тили ҳақида»ги қонунни янги таҳрирда қабул қилиш;
  • алифбо ислоҳотларини, хусусан лотин алифбосига ўтишни якунига етказиш «Давлат тили ҳақида»ги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш, шунингдек давлат тилида иш юритмаган ташкилот раҳбарларига кескин чоралар кўриш;
  • ўзбек тили ва адабиёти фанидан миллий сертификат олиш учун белгиланган имтиҳон
    топшириш тўловларини бекор қилиш.

3. Оилани мустаҳкамлаш, аёллар, ёшларга муносиб шароитлар яратиш (Оила — қадриятлар бешиги)

Биз оила деганда, ота-она, фарзандлар, бобо-бувилар ва бир хонадонда истиқомат қиладиган бошқа — шахсларнинг ўзаро иноқ-иттифоқ бўлиб яшаётган, бир-бирини қўллаб-қувватлаётган, бир ёқадан бош чиқариб, биргалашиб, келажакка умид билан қараётган жамиятнинг асосий бўғинини кўз олдимизга келтирамиз. Партия учун оила қадриятлар бешиги, ватан ичра ватандир.

Партия оила жамият ва давлат муҳофазасида бўлишини, никоҳ Ўзбекистон халқининг анъанавий оилавий қадриятларига, никоҳланувчиларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланишини, давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратишини қўллаб-қувватлайди.

Партия — оилани мустаҳкамлаш, аёллар, ёшларга муносиб шароитлар яратишда қуйдагиларни эътироф этади:

3.1. Оила институти ва оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш

Биз учун «Оила — муқаддас қўрғон!». Оналик, оталик ва болаликнинг давлат томонидан муҳофаза қилиниши, аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқли, деб эътироф этилиши, уларга жамият ва давлат ишларини бошқаришда ҳамда барча соҳаларда тенг ҳуқуқ ва имкониятлар берилиши партиянинг устувор мақсадларига уйғундир.

Шундан келиб чиқиб, партия қуйидаги ташаббусларни илгари суради:

  • оиладаги муайян анъаналар, ахлоқий қадриятлар ва ҳуқуқий мезонларни такомиллаштириш;
  • оила шаъни ва шавкати ҳимоячиси — эркакларнинг оиладан, бола тарбиясидан узоқлашишининг олдини олиш, «Оталар куни» — ижтимоий сиёсий кун сифатида байрам қилинишини таъминлаш;
  • эрта никоҳнинг олдини олиш, вояга етмаган қизларни унаштириш, ёки «оғиз солиш» билан боғлиқ салбий удумларнинг олдини олиш; қадриятларимизга зид бўлган оила тушунчаси, гендер ўлчовларига қарши курашнинг ҳуқуқий асосларини кучайтириш;
  • ота-онанинг фарзанд тарбиясидаги ролини ҳамда уларнинг болалар хавфсизлигини таъминлашга масъуллигини ошириш.

3.2. Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш

«Маърифатли она — «Қудратли миллат» тамойилига асосан хотин-қизларга оид партия сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш, аёллар келажагимиз бунёдкорлари бўлган болаларни дунёга келтирувчилар ва уларнинг тарбиячилари бўлиши баробарида давлат ва жамият бошқарувида ўзларининг бой билими, малакаси ва кучини сафарбар этишга қодир улкан салоҳиятга эга жамиятимизнинг фаол аъзолари эканлигини эътироф этади.

Оналик, оталик ва болаликнинг давлат томонидан муҳофаза қилиниши, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқли, деб эътироф этилиши, уларга жамият ва давлат ишларини бошқаришда ҳамда бошқа соҳаларда тенг ҳуқуқ ва имкониятлар берилиши партиянинг устувор мақсадларига уйғундир. Партия аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, давлат бошқарувидаги ўрни ва таъсирини ошириш масаласи давлат дастурларида устувор йўналишлар сифатида эътиборга олиниши, бу борадаги улуғвор мақсад ва режалар, умумбашарий қадрият саналган аёллар ва эркаклар тенглиги ғояси ҳуқуқий мустаҳкамлангани билан бирга, аёлнинг оиладаги ўрнини мустаҳкамлаш тарафдори.

Партия аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада ошириш, ислоҳотлар ва ўзгаришлар жараёнларида бевосита иштирокини таъминлаш, улардаги дахлдорлик туйғусини кучайтириш учун қуйидаги вазифаларни амалга ошириш лозим, деб ҳисоблаймиз:

  • меҳнат жамоаларида хотин-қизлар ва эркаклар тенглигини таъминлашга оид таълимни ривожлантириш;
  • xotin-qizlar.uz платформаси фаолиятини жонлантириш, унинг негизида «Банд бўлмаган аёллар ва қизлар» модулини яратиш;
  • мослашувчан иш вақтини жорий қилиш, аёлларнинг оилада кўпроқ бўлишлари учун шароитлар яратиш;
  • талаба оналар фарзандлари учун олий таълим муассасалари ҳузурида махсус болалар хоналари ёки боғчалар ташкил этиш;
  • фарзанд кўрган аёлларга бола уч ёшга тўлгунига қадар ҳақ тўланадиган «Оналик таътили» бериш тизимини жорий қилиш.

3.3. Партиянинг ёшларга оид сиёсати

Партия оила, боғча ва мактабни ёшлар сиёсатининг пойдевори деб ҳисоблайди. «Ёш миллатпарварлар» шиори остида ёшларнинг бирлашиши, миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлик, ватанпарварлик руҳида тарбия топиши, улар қалбида шу юрт фарзанди эканлигидан ҳамда халқимизнинг тарихи, бой маданий меросидан фахрланиш туйғуси шаклланиши партиянинг бош ғояларидан ҳисобланади.

Партия ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқаришда уларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ва ривожланишини таъминлашга қаратилган таълим олиши, соғлиғини мустаҳкамлаши, спорт билан шуғулланиши ва бошқа шахсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши билан боғлиқ ҳуқуқий асосларни мунтазам такомиллаштириб бориш тарафдори.

Партия ўз фаолиятида ёшларга алоҳида эътибор қаратади, ўз ташкилий тузилмасининг юқоридан қуйигача бўлган бўғинларида «Ёшлар қаноти» ҳаракатини йўлга қўяди. «Ёшлар қаноти», Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги «Ёшлар парламенти» орқали ёшларнинг сиёсат майдонида ўз иқтидорларини намоён этишларига шарт-шароитлар яратади. Ёшларнинг давлат ва жамият бошқарувида сиёсий ходим сифатида қуйидан юқори поғоналар сари ўсиб боришида уларнинг партия ҳаётидаги фаолияти бошланғич қадамлардан эканлигини эътироф этган ҳолда, ушбу ғояларни устувор билади:

  • ёшларга оила ва никоҳнинг муқаддаслигини англатиш;
  • хорижда яшаётган, ишлаётган, таҳсил олаётган ёшларимиз билан узвий алоқалар ўрнатиш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;
  • ёшларни «оммавий маданият» кўринишидаги медиа маҳсулотлардан ҳимоя қилишга оид қонунчиликни такомиллаштириш;
  • ижтимоий тармоқларнинг зарарли таъсиридан ҳимоялаш бўйича ота-оналар ва ўқувчилар учун қўлланмалар яратиш;
  • ёшларни терроризм, эсктремизм, фундаментализмнинг ёт ғояларидан ҳимоя қилиш давлат дастурларини такомиллаштириш;
  • ёшларнинг руҳий саломатлигига эътибор қаратиш, иш берувчи ва таълим муассасаларида ёшлар руҳий саломатлиги билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олиш чораларини кўриш.

3.4. Соғлом ва фаол ҳаётни таъминлаш, миллат генофондини сақлаш

Партия аҳолининг соғлом ва фаол ҳаёт кечириши малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ва ижтимоий ҳимояланиш ҳуқуқларидан келиб чиқади, деб ҳисоблайди. Партия давлат томонидан соғлиқни сақлаш тизимининг ривожлантириб борилиши, тиббий суғуртанинг турли шакллари жорий этилиши, аҳолининг санитария-эпидемологик осойишталигини таъминлашга қаратилган чоралар кўриб борилиши инсон салоҳиятини рўёбга чиқаришнинг асосларидан, деб ҳисоблайди.

Партия юртимизда миллат генофондини сақлаш умумдавлат миқёсидаги вазифага айланганлигини жиддий қабул қилади. Миллат генофонди унинг бетакрорлиги, ўзига хослигини англатиши баробарида, бу бетакрорлик, ўзига хослик ушбу миллат тарихий ривожланишнинг муайян даврлари билан боғланганлигини намоён этади.

Партия мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларида болаларнинг сифатли, хавфсиз овқатланишини таъминлаш — миллат генофондини сақлашнинг асоси эканлигини таъкидлайди ва қуйидаги вазифаларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришни таклиф этади:

  • аҳолининг тиббий маданиятини оширишни жадаллаштириш;
  • «Оилавий шифокор» тизимини кучайтириш;
  • шифобахш доривор гиёҳларни саноат асосида етиштириш;
  • никоҳдан ажратишлар оқибатида уйжойсиз қолган аёллар ва уларнинг фарзандлари манфаатларини ҳимоя қилиш;
  • «Ўзбекистонда соғлом овқатланиш миллий концепцияси»ни қабул қилиш, таркибида GMO бўлмаган маҳсулотларни оммалаштириш;
  • мактабгача ва бошланғич таълимда компьютер саводхонлигига оид машғулотлар ўтказилмаслиги таклифи билан чиқиш;
  • электрон сигареталар, снюслар, таркибида никотин аралашмаси бўлган бошқа турдаги воситаларни тақиқлашга қарши қаратилган қонун қабул қилиш.

4. Миллий иқтисодиёт ва туризмни ривожлантириш (Биз бирмиз, Ўзбекистонмиз!)

Партия миллий иқтисодиётга аҳоли фаровонлигини таъминлашга йўналтирилган, турли шакллардаги мулк негизида ташкил топган, барқарор ривожланиб бориши лозим бўлган соҳа сифатида қарайди ва яқин келажакда Ўзбекистонни «даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар» қаторидан ўрин олишига эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди.

Илғор технологияларга асосланган саноатни ривожлантиришда маҳаллий хомашёдан самарали фойдаланиш, «яшил иқтисодиёт»га ўтиш, аҳолини энергия ресурслари билан таъминлаш, миллий транспорт тизими салоҳиятини ошириш, туризмни ривожлантириш учун кенг шароитлар яратиш масалалари партиянинг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Партия мамлакатда ўрта қатламнинг кўпайиши тарафдори бўлиб, аҳолининг ўрта қатламида қаноат ва шукроналик, илғор тадбиркор ва ҳомийларда масъулият, маънавий қадриятларни эътироф этиш, олийжаноблик, каби хислатларни оширишни тарғиб этади.

Аҳолининг реал даромадлари ва харид қобилиятини оширишни, даромадлари бўйича табақаланиш даражасини пасайтиришни қўллаб-қувватлайди. Даромад келтирадиган ёки бошқа наф берадиган хўжалик фаолияти бизнеснинг ҳар қандай турини ривожлантириш, кредит ажратиш тизимини соддалаштириб бориш, тўлов муддатларини узайтириш, шароитлар яратишга кўмаклашиш, капитал сарфлаб товар ва хизматлар яратиш билан фойда топишга қаратилган иқтисодий фаолият тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувга қатъий чек қўйишни таъминлаш борасида амалий таклифларни илгари суради.

Миллий иқтисодиётнинг экспорт салоҳиятини оширишни, миллий маҳсулотларимиз ва брендларимизнинг хорижга, салоҳиятли харид бозорларига барқарор кириб боришини ҳаётий зарурат, деб билади. Товарлар ва хизматлар экспорти ва импорти борасида боғланиб қолмаслик, балки турли йўналишларда ҳамкорлик муносабатларини кучайтириш сиёсатини илгари суради, миллий иқтисодиёт ва туризмни ривожлантиришда қуйидагиларга эътибор қаратади:

4.1. Миллий иқтисодиётни ривожлантириш

Миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлашга қаратилган партиянинг устувор вазифалари маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар жиҳатдан қўъллабқувватлаш, «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» тамғаси остидаги маҳсулотларни кенг тарғиб қилиш, халқимизда миллий маҳсулотлардан фахрланиш ва фойдаланиш кўникмаларини шакллантиришдан иборат.

Шу мақсадда қуйидагилар таклиф этилади:

  • ишлаб чиқаришга йўналтиримаган харажатларнинг асоссиз ўсишини олдини олиш;
  • озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирувчи маҳаллий тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш орқали энг муҳим истеъмол товарларининг бозор нархлари барқарорлигини таъминлаш;
  • бозорларда энг муҳим истеъмол маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш мақсадида, фермерлар, жумладан маҳаллий озиқ овқат ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш дастурларини жорий қилиш;
  • китоб ишлаб чиқариш ва унинг сетилишда қўлланиладиган қўшимча қиймат солиғи бўйича имтиёз жорий этиш;
  • маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга маҳсулотларини ташқи бозорга тез, ўз вақтида ва арзон нархларда олиб чиқиши учун божхона тартибтаомилларида қулайликлар яратиш, масофавий (онлайн) божхона хизматлари турларини кўпайтириш;
  • солиққа тортиш тизимини соддалаштириш;
  • қазиб олинадиган ёқилғиларга босқичма-босқич боғлиқликни камайтириш, яшил энергияга ўтишни рағбатлантириш;
  • миллий валютанинг қадрини ошириш, миллий суғурта тизимини кенг жалб қилиш.

4.2. Миллий туризмни ривожлантириш

Туризм жадал ривожланаётган иқтисодиёт драйверларидан ҳисобланади. Шунингдек, туризмга бугун жаҳон халқлари ўртасида маданий алмашувларни кучайтирадиган, бағрикенглик тамойилларини мустаҳкамлайдиган қудратли восита сифатида қаралмоқда. Биз учун туризм халқимизнинг узоқ асрлар давомида яратилган ва авайлаб асраб келинаётган тарихий-маданий мероси билан чет элликларни таништириш орқали мамлакатимиз, халқимизнинг тарихий тараққиёти, маданияти, санъати, қадриятлари ҳақида маълумотлар бериш воситасидир.

Партия хавфсиз туризмни ривожлантириш, стартап лойиҳаларни амалга оширишда қуйидагиларни бугуннинг долзарб вазифаларидан, деб ҳисоблайди:

  • соҳани умуммиллий ҳаракатга айлантириш, «очиқ эшиклар» сиёсатини юритиш, визасиз кириш тизимини кенгайтириш;
  • «Туризм ассамблеяси» коллегиал-консультатив кенгаши фаолиятини ташкил этиш;
  • туризмни комплекс ривожлантириш бўйича 2030 йилгача бўлган стратегияни ишлаб чиқиш;
  • миллий туристик маҳсулотлар рекламаси — таргетинг стратегиясидан, тарғиботда ижтимоиймедиа имкониятларидан фойдаланиш.

5. Миллий ва умуминсоний қадриятларга таянган жамият барпо этиш (Инсон ўзгарса — жамият ўзгаради)

Партия Ўзбекистонни бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, «дунёвий давлат сифатида бой маънавий-маърифий мерос замирида қурилган, иқтисодиёти барқарор ривожланаётган, фуқаролик жамияти тараққий этаётган, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари кафолатланган, дунё ҳамжамиятида юксак нуфузга эга бўлган адолатли ва замонавий мамлакат сифатида кўради.

Шу билан бирга, мамлакатимиз тарихий тараққиёти давлат бошқарувидан кўпроқ жамоатчилик бошқарувига босқичма-босқич ўтиб боришини тадрижий воқелик сифатида қабул қилади. Халқ вакилларининг ислоҳотларда фаол иштирок этиши, парламент, депутатлик ва жамоатчилик назоратини йўлга қўйиши, аҳоли билан ҳамнафас фаолият юритиши долзарб бўлиб қолаётганини таъкидлайди ва давлат, жамоатчилик бошқаруви ҳамда қонун устуворлигини таъминлашда қуйидагиларни таклиф этади:

5.1. Давлат ва жамоат бошқарувини такомиллаштириш

Партия давлат бошқаруви органлари фаолиятини инсон манфаатларини таъминлашга қаратиш, фуқаро ва давлат ўртасидаги муносабатларда бюрократик тўсиқларга барҳам бериш мақсадида давлат хизматларини рақамлаштириш орқали аҳолига хизмат тизимини такомиллаштириш, халқ билан мулоқотни янада кенгайтириш борасидаги ислоҳотларни устувор вазифалар сифатида қўллаб қувватлайди.

Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партияларнинг жамиятдаги ролини янада ошириб бориш, норма ижодкорлиги фаолиятининг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга уйғунлигига эришиш, давлат ҳуқуқий сиёсатининг институционал асосларини ривожлантириш Янги Ўзбекистон учун зарурат эканлигини англайди ва бу борада фаол иш олиб боради. Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари ваколатларини кенгайтириш, бунда маҳаллий ижра ҳокимияти органларининг аҳоли манфаатларига хизмат қилишини таъминлаш, маҳаллани жамоатчилик ҳамда давлат органлари ўртасида «кўприкка» айлантириш масалалари долзарб эканлигини таъкидлайди.

Давлат бошқарувида меритократия, ҳалоллик ва профессионаллик тамойилларига асосланган давлат фуқаролик хизмати ташкил этилишини партия ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида кўради. Шунингдек, эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш ҳаётий зарурат эканлигини эътироф этади.

Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолиятида соғлом маънавий муҳит ва мафкуравий иммунитетни барқарорлаштириш, қонунийликни таъминлаш,ходимларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш партиянинг кун тартибидаги асосий вазифалардан ҳисобланади.

Партиянинг бу борадаги устувор қарашлари қуйидагилардан иборат:

5.1.1. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари самарадорлигини ошириш

Партия давлат ҳокимияти ва ижро этувчи органлар самарадорлигини оширишга қаратилган қуйидаги ғояларни қўллаб-қувватлайди:

  • ходимларнинг идоралараро ва ички ротациясини кенг жорий этишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш;
  • раҳбарларнинг жамият ва халқ олдидаги ҳисобдорлигини ошириш;
  • хориждаги фуқароларимизга Ватанга қайтиш гувоҳномаси ва хорижга чиқиш паспортларини расмийлаштиришни енгиллаштириш;
  • «Давлат хизматчисининг ҳалоллик текшируви» институтини жорий этиш, давлат хизматчилари сонини мунтазам камайтириб борамиз.

5.1.2. Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партиялар

Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партиялар фаолиятини такомиллаштиришда қуйидаги вазифалар муҳим аҳамиятга эга:

  • Олий Мажлиснинг ҳукумат фаолияти устидан назоратни амалга оширишга оид ваколатларини босқичма-босқич кенгайтириш;
  • давлат ва ҳудудий дастурлар лойиҳаларини барча даражадаги депутатларга кўриб чиқиш учун мажбурий тақдим этиш;
  • қонунларнинг ҳаволаки нормалари амалга оширилиши устидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатиш;
  • халқ вакиллари томонидан очиқ шаклда давлат ҳокимияти ва ижроия органлари фаолияти шаффофлигини баҳоловчи рейтинг тизимини жорий қилиш.

5.1.3. Маҳаллий давлат ҳокимияти, ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини такомиллаштириш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш

Партия маҳаллий давлат ҳокимияти, ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини такомиллаштириш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича қуйидаги таклифларни қўллаб-қувватлайди:

  • маҳаллий кенгаш депутатлари партия гуруҳлари тўғрисида низом қабул қилиш;
  • маҳалла раиси ва аъзоларига ҳақ тўлаш тизимини қайта кўриб чиқиш, уларнинг мустақиллигини таъминлаш;
  • тўй ва оилавий, «Ҳаж» ва «Умра» зиёратлари билан боғлиқ маросимларни тартибга солиш;
  • маҳалла оқсоқоли, унинг ёрдамчилари ваколат муддатларини беш йилга узайтириш, кўпи билан икки марта сайланиши тартибини жорий этиш;
  • фуқаролик жамияти институтларининг фуқаролар, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги қонунчилик талабларини кучайтириш.

5.2. Қонун устуворлигини таъминлаш

Бугун мамлакатимизда жамиятимиз, биринчи навбатда, меҳнат қилаётган инсонлар, айниқса, раҳбар ходимлар Конституция ва қонунларда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва мажбуриятларини пухта билиши, уларнинг ижросини тўғри ташкил этиши, бу қоидаларга амал қилиши долзарб вазифага айланганлиги партия томонидан ҳаётимиз, келажагимиз истиқболи учун зарурият сифатида қабул қилинади.

Партия қонунийликни мустаҳкамлашда фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ғоят муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлайди. Бу ҳар бир шахсда, жумладан, давлат хизматчиларида қонунларга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш ҳамда ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантиришдаги ўрнини эътироф этади.

Партия реновациянинг мустаҳкам қонуний асоси бўлиши ва бу борадаги дастурлар уй-жой мулкдорлари ҳамда кенг жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда амалга оширилиши зарурлиги тарафдори. Жамиятни демократлаштириш, мамлакатни ислоҳ қилиш жараёнида қонунларнинг халқчил, ҳаётий бўлишини таъминлашга хизмат қиладиган қонун ижодкорлиги фаолиятини янада такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилишини қўллаб-қувватлайди.

Партия қонун устуворлигини таъминлашда қуйидаги ҳолатларнинг олдини олиш масаласини долзарб, деб ҳисоблайди:

  • юридик хизматларни индивидуаллаштириш, шахсий ва оилавий юридик хизмат турларини жорий қилиш;
  • нодавлат нотижорат ташкилотларини коррупцияга қарши курашиш жараёнларига жалб этишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш; «Кибермаданиятни юксалтириш» дастурини ишлаб чиқиш;
  • «Ташқи ёзувлар тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш;
  • «Ҳунармандчилик фаолияти тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш;
  • таълим муҳити хавфсизлигини таъминлаш, жавобгарлик чораларини кучайтириш;
  • «Халқ табобати тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш;
  • оилавий ажримлар учун давлат божини ошириш;
  • тиббий ёрдам кўрсатмаслик, нотўғри ташхис қўйиш ва даволаш бўйича нотўғри маълумотнома берганлик учун жавобгарлик белгилаш;
  • дори воситалари рекламасини чеклаш, рецептсиз бериладиган дориларни қисқартириш, антибиотикларни қатъий рецепт асосида берилишини таъминлаш;
  • «Реновация тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш;
  • ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти устидан жамоатчилик назорати механизмлари самарадорлигини ошириш;
  • масофавий ишлашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш.

5.3. Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш

Давлат ва жамият ҳаётининг барча бўғинларида Конституция ва қонунлар устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали назорат ўрнатиш суд-ҳуқуқ соҳасидаги долзарб вазифалардан бўлиб қолмоқда.

Шу билан бирга, суд ҳокимиятининг мустақиллигига эришиш, унинг фаолиятида очиқликни таъминлаш орқали одил судловни таъминлашга бўлган ҳуқуқий асосларни кучайтириб бориш талаб этилади. Бу эса ўз навбатида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фаолиятини инсон манфаати, қадр-қиммати ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишида такомиллаштириб боришни, шу мақсадда малакали ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга ихтисослаштирилган адвокатура фаолиятини янада кучайтиришни талаб этади ва партия бу борада қуйидагиларни амалга ошириш лозим, деб ҳисоблайди:

  • шахслар ва тадбиркорларнинг хусусий мулкка оид ҳуқуқларини амалга ошириш кафолатларини кучайтириш;
  • адвокат ва прокурорнинг амалда тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш;
  • оилавий низоларни кўриб чиқиш бўйича судьяларни ихтисослаштириш ишларини давом эттириш;
  • яраштирув институтининг қўлланиш доирасини томонлар розилиги билан кенгайтириб бориш;
  • оила, мерос, уйжой даъвоси ва турмушдаги бошқа низоларни ҳал этишда қадриятларимиздан келиб чиққан ҳолда муроса йўлини излаш, ишларни судгача олиб бормаслик.

6. Хавфсизлик ва аҳоли муҳофазасини кучайтириш (Ўзлигимизни асраш учун бирлашайлик!)

Партия Ўзбекистон «Республикасининг аҳоли хавфсизлиги ва муҳофазасига қаратилган сиёсатини қўллаб-қувватлайди. Жумладан, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, миллий армияни кучайтириш, аҳоли ҳаётига хавф солувчи вазиятлар, иқлим ўзгаришлари таъсирининг олдини олиш ҳамда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлашни устувор вазифа, деб билади:

6.1. Хавфсиз миллий ахборот маконини ривожлантириш

Партия хавфсиз миллий ахборот маконини ривожлантириш масаласига «XXI аср — ахборот асри» эканлигидан келиб чиқиб ёндашади. Бу борада шахс, жамият ва давлат тараққиётида ахборот ресурслари ва технологиялари ролининг ортиши, мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ахборотлаштирилган жамият сифатида қуриш борасида амалга оширилаётган ишларни қўллаб-қувватлайди.

Ахборот хавфсизлигини таъминлаш мамлакат истиқболи, халқимизнинг тинч-тотув ҳаёт кечириши асоси эканлигини таъкидлаган ҳолда, партия глобаллашув шароитларида ахборотга бўлган эҳтиёжни қондириш масаласида аҳолининг ахборот излаш, олиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқлари кафолатларини янада такомиллаштириш, ахборотни таҳлил этиб, қабул қилиш маданиятини ўстириш — давр талаби эканлигини эътироф этади ва қуйидагиларни эътиборга олишни таклиф этади:

  • давлат оммавий ахборот воситаларини «миллий контент»га асосланган кўрсатувлар улушини ошириш нуқтаи назаридан ислоҳ қилиш;
  • «Янги Ўзбекистоннинг ахборот сиёсати» концепцияси ва унинг асосида «Ахборот хавфсизлиги» доктринасини ишлаб чиқиш;
  • ахборот тарқатишда бозор муносабатлари миллий қадрият ва маънавий мезонлардан устун бўлмаслигига эришиш.

6.2. Миллий армиямиз салоҳиятини ошириш

Партия мамлакатимиз мудофаа доктринаси мудофаа характерига эга эканлигини қўллаб-қувватлайди, унда мустаҳкамлаб қўйилган асосий тезислар: ҳеч бир давлатни ўзининг душмани деб ҳисобламаслик, бошқалар билан муносабатларда миллий манфаатларнинг устворлиги ва халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган принциплари ва нормаларига амал қилиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, низоли масалаларни тинч воситалар ва музокаралар йўли билан ҳал этиш, чегараларнинг бузилмаслиги ва ўзгармаслигини тан олиш тамойиллари халқимизнинг тинчлиги, осойишталигини таъминлашнинг асоси, деб билади.

Партия дунёда кечаётган жараёнларга бефарқ эмаслигини таъкидлаган ҳолда ўз юртимизни ўзимиз ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлишимиз кераклигига алоҳида урғу берган ҳолда, қуйидаги ғояларни илгари суради:

  • давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилишда ҳарбий хизмат ўтаганлик ҳолатини эътиборга олиш;
  • ҳарбий психологлар институтини янада такомиллаштириш;
  • армия ва жамоат ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик тизимини яратиш, «Халқ ва армия — бир тану бир жон!» тамойили моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш;
  • ҳарбий рутбаларни миллий давлатчилигимиз тарихига хос бўлган тартибларга мувофиқлаштириш бўйича қонун лойиҳасини ташаббус қилиш;
  • ҳарбий хизматчилар онгига халқимизнинг эзгулик, раҳмдиллик, инсонпарварлик, меҳр-оқибат каби анъаналарни сингдириш.

6.3. Аҳоли ҳаётига хавф солувчи вазиятлар, иқлим ўзгаришларига қарши чоралар

Партия аҳоли ҳаётига хавф солаётган офатларнинг олдини олиш, глобал иқлим ўзгаришларига қарши туриш, фавқулодда вазиятларда аҳоли муҳофазаси масалаларига эътиборни кучайтириб бориш тарафдори бундай вазиятларнинг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий жараённи такомиллаштиришда фаол иштирок этади.

Экологик вазиятни барқарорлаштиришда «Яшил майдон» умуммиллий лойиҳаси, «яшил боғлар», «яшил жамоат парклари», «яшил қалқон» ва «яшил қоплама» ҳимоя ўрмонзорларини ташкил этиш, ўрман майдонларини кўпайтириш ташаббусларини ҳамда Миллий табиий мерос объектлари рўйхатини кенгайтириб боришни маъқуллайди.

Бошқа табиий ресурслар қаторида сув ресурсининг давлат муҳофазасига олинганлигини қўллаб-қувватлаш баробарида соҳанинг ҳуқуқий асослари мунтазам такомиллаштириб борилишига ҳаёт зарурати сифатида қарайди. Бу борада аҳолининг сувдан оқилона фойдаланиш маданиятини шакллантириш долзарб вазифа ҳисобланади.

Шунга кўра, партия қуйидагиларни рўёбга чиқаришни муҳим деб ҳисоблайди:

  • «Аҳолини ва ҳудудларни табий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон республикаси қонунининг янги таҳририни ишлаб чиқиш;
  • моддий маданий мерос объектларининг табий ва техноген — таъсирлардан шикастланишини олдини олиш;
  • мавсумий аномал иқлим ҳолатларига тайёргарлик кўриш ва уларнинг хавфини камайтириш бўйича дастурлар жорий этиш;
  • «Сув истеъмоли маданиятини юксалтириш» дастурини қабул қилиш;
  • ота-боболаримиз удумлари: ёшлар турмуш қурганда, фарзанд туғилганда яхши ниятлар билан дарахт экиш одатини оммалаштириш.

6.4. Миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш

Партия «Барча миллий қадриятлар қадрлидир» тамойили асосида мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик тамойилларини қарор топтириш, миллатларнинг ҳар томонлама равнақ топиши, уларнинг миллий қадриятларини сақлаб қолиш, урф одатлари ва анъаналарининг ривожланишига имконият ҳамда шарт-шароитлар яратиб беришга қаратилган давлат сиёсатини қўллаб қувватлайди.

Партиянинг миллатлараро муносабатлар борасидаги сиёсати бағрикенглик ва инсонпарварликни кенг тарғиб этишни, миллатлараро ҳамжиҳатликни, жамиятда фуқаролар тотувлигини мустаҳкамлашни, барча фуқароларга миллати, эътиқодидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратишни назарда тутади. Бу борада қуйидагиларни амалга ошириш муҳим ҳисобланади:

  • «Биз — бирмиз, Ўзбекистонликмиз!» ғоясини қўллаб-қувватлаш;
  • фуқароларнинг тинч ва фаровон ҳаёти ҳамда бирдамлигини мустаҳкамлаш, уларни дўстлик, аҳиллик, ватанпарварлик, мамлакат тақдири учун масъуллик ва дахлдорлик туйғуси атрофида жипслаштириш;
  • инклюзив сиёсатга асосланган ҳолда миллий бирликни мустаҳкамлаш бўйича комплекс интеграция дастурларини ишлаб чиқиш;
  • ҳудудларни мувозанатли ривожлантириб бориш орқали Минтақавий ривожланиш тафовутларини камайтириш ва аҳолининг миллий бирдамлик ва ҳамжиҳатлик туйғусини кучайтириш;
  • турли миллат ва элатлар ўртасидаги ҳамкорликни рағбатлантирадиган, ижтимоий бирлик ва ягона — миллий ўзига хосликни таъминлайдиган. жамоат лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш;
  • «Миллий тикланиш» китоб жавони" лойиҳаси доирасида таълим хорижий тилларда олиб бориладиган мактаблардаги кутубхоналар фондини давлат тилидаги бадиий адабиётлар. ҳамда миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлашга бағишланган илмий-оммабоп рисолалар билан бойитиш;
  • бу мактаблар ўқувчилари ўртасида давлат тилида «Ким кўп китоб ўқийди? «танловини ўтказиш.

7. Халқаро майдонда миллий манфаатлар устуворлиги (Анъаналар билан ёрқин келажак сари)

Партия Ўзбекистон Республикаси дунё ҳамжамияти — билан муносабатларда халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган принцип ва нормаларига таяниб иш кўриши асносида дўстона муносабатларга 4 эътибор қаратиши, ўзаро ҳамкорлик, қўллаб-қувватлаш, тинчлик ва тотувликни таъминлаш йўналишида бу жиҳатларни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга — интилишини, бунда, биринчи навбатда, қўшни давлатлар билан бўладиган муносабатларга устуворлик берилишини олқишлайди.

Партия бош қомусимизда Ўзбекистон Республикаси давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан икки ва кўп тамонлама муносабатларни ҳар тарафлама ривожлантиришга қаратилган тинчликсевар ташқи сиёсатни амалга оширишини эътироф этувчи норманинг мустаҳкамланиши халқаро майдонда мамлакатимизнинг имиджига ижобий таъсир этишини эътироф этади ва шу сиёсатни давом эттиришни маъқуллайди ҳамда қуйидаги ташаббусларни илгари суради:

7.1. Миллий ташқи сиёсат

Янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати халқ ва давлат манфаатларидан келиб чиқиши ҳамда очиқ, прагматик ва фаол бўлиши зарурлигини замоннинг ўзи талаб этмоқда. Бу сиёсат кўп қиррали бўлиб, унда стратегик шериклик муносабатлари даражасидаги миллий манфаатлар, жумладан, маданий ва гуманитар йўналишлар ҳам қамраб олиниши партия томонидан эътироф этилади.

Партия Марказий Осиё минтақасида амалий ҳамкорликнинг мунтазам яхшиланиб бориши тарафдори, туркий дунё билан алоқаларни янада кучайтиришни ёқлайди, анъанавий шериклар билан манфаатли алоқаларни давом эттириш, уларнинг сафини муттасил ошириб боришни қўллаб-қувватлайди ҳамда қуйидагиларни таклиф этади:

  • ташқисиёсатда миллий манфаатларни қатъий ҳимоя қилиш, икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтириш;
  • ташқи савдо диверсификациясини амалга ошириш, жумладан, савдо ҳамкорларини кенгайтириш, янги бозорларни излаш орқали Ўзбекистоннинг айрим давлат ёки давлатлар гуруҳига боғлиқлигини камайтириш, ташқи сиёсатда мамлакатимизнинг янада мустаҳкам ва барқарор позициясини таъминлаш;
  • туркий тилли давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрганишга қаратилган тадқиқотларни амалга ошириш;
  • Тошкент Туркий халқлар тарихини ўрганиш Халқаро тадқиқот марказини ташкил қилиш;
  • Туркий дунё ва Марказий Осиё телеканалларини яратиш орқали қардош халқлар орасида бирдамлик маданиятини тарғиб этиш.

7.2. Хориждаги ватандошлар билан алоқалар

Партия хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасидаги давлат сиёсатини қўллаб-қувватлайди. Хорижда истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан узвий мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантириш, уларнинг мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлардаги иштирокига зарурат мавжудлигини таъкидлайди. Бу уларга ҳам ўзларининг тарихий Ватани — Ўзбекистоннинг обрўсини оширишда иштирок этишга, ватандошлик бурчини бажариш учун бериладиган имкониятдир.

Партия қадриятларимизни, тарихий-маданий меросимизни мамлакатимиздан ташқарида кенг ёйишда ватандошларимизнинг амалий хизмати беқиёслигини эътироф этади. Шу билан бирга, ташқи меҳнат миграциясига давлат эътиборини янада кучайтириш, хорижда ишлаш учун қулай шароитлар яратиш, меҳнат қилаётганларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга кўмаклашиш зарурати долзарб бўлиб қолаётганлигини таъкидлайди. Бу борада, хусусан, қуйидагиларга эътибор қаратишни урғулайди:

  • «Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон республикаси қонунини қабул қилиш;
  • ватандошлик гувоҳномаларини юртимизнинг иқтисодий-ижтимоий ҳаётида иштирок этишга интилаётган ватандошларга бериш амалиётини жорий этиш;
  • хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар учун махсус телекўрсатувларни йўлга қўйиш, радиоэшиттиришлар фаолиятини жонлантириш;
  • бошқа давлат фуқаролигини қабул қилган Ўзбекистон фуқаросининг автоматик тарзда Ўзбекистон фуқаролигини йўқотиши тўғрисида қонун қабул қилинишига оид ташаббус билан чиқиш.

«Миллий тикланиш» демократик партияси депутатлари томонидан 2025−2029 йилларда ишлаб чиқиш ёки ташаббус қилиш режалаштирилган қонун лойиҳалари

  • «Стратегик режалаштириш тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси.
  • «Жиноятдан жабр кўрганларни реабилитация қилиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси.
  • «Жиноий ишлар бўйича халқаро хамкорлик тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси.
  • «Ҳунармандчилик фаолияти тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси.
  • Таълим кодекси лойиҳаси.
  • «Тарбия асослари тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси.
  • «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси тўғрисида»ги (янги таҳрирдаги) қонуни лойиҳаси.
  • «Ташқи ёзувлар тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси.
  • «Театр ва театр фаолияти тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси.
  • «Кино санъати ва саноати тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси.
  • «Музейлар тўғрисида»ги (янги таҳрирдаги) қонуни лойиҳаси.
  • «Халқ табобати тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси.
  • «Интернетда ижод маҳсулотларини тарқатиш ва ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси.
  • «Миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси.
  • «Ташқи миграция тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси.
  • Ахборот кодекси лойиҳаси.
  • «Онлайн платформалар тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси.