«Газета.uz» тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати -Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг 2025−2029 йилларга мўлжалланган сайловолди дастурини тақдим этади. Ундан 5 та мақсад ва 500 та вазифа ўрин олган.

Вазифалар:

  1. «Барқарор иқтисодий ўсиш орқали ҳар бир инсон, оила ва жамият фаровонлигига эришамиз».
  2. «Сифатли таълим, тиббиёт ва кучли ижтимоий ҳимояни таъминлаймиз».
  3. «Аҳолига қулай атроф-муҳит шароитларини яратамиз».
  4. «Халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этамиз».
  5. «Мамлакатимиз суверенитети ва хавфсизлигини кафолатлаймиз».

I. «Барқарор иқтисодий ўсиш орқали ҳар бир инсон, оила ва жамият фаровонлигига эришамиз»

Партия барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлашнинг қуйидаги ечимларини таклиф қилмоқда:

  • ялпи ички маҳсулот ҳажмини 2030 йилга бориб 160 миллиард долларга, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни эса 4 минг долларга етказиш;
  • тадбиркорлар сонини 3 миллион нафардан ошириш;
  • барқарор иш жойларини яратиб, камбағалликни қисқартириш;
  • келгуси 5 йиллик якунида камбағаллик кўламини икки карра камайтириш;
  • аҳолини тадбиркорликка жалб қилишнинг маҳаллабай дастурларини ишлаб чиқиш;
  • туман, шаҳар, маҳаллаларнинг алоҳида мастер-режаларини ишлаб чиқиш, тадбиркорлик оммавий тус олишига эришиш;
  • касб-ҳунарга ўқитиш кўламини ҳар йили икки баравар ошириб, беш йилда камида 1 миллион фуқарони бозори чаққон касбларга ўргатиш;
  • нодавлат таълим муассасалари иштирокини 30 фоиздан ошириш ва мономарказларни барча туман (шаҳар)ларда ташкил қилиш
  • мактаб битирувчиларига давлат томонидан камида бир касбни эгаллашига кўмаклашувчи тизим жорий этиш;
  • оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида имтиёзли кредит ҳажмларини ҳар йили 30 фоизга ошириб бориш;
  • ижтимоий тадбиркорликни янада рағбатлантириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини иш билан таъминлаб келаётган тадбиркорларга мол-мулк ва ер солиғидан имтиёзлар бериш, оғир вазиятга тушиб қолган фуқаролар учун кредит таътиллари бериш тизимини жорий этиш;
  • ички меҳнат миграциясини ривожлантиришга эътибор қаратиш, бандликни молиявий қўллаб-қувватлаш манбаларини кенгайтириш;
  • хусусий бандлик агентликлари тизимини ривожлантириш;
  • янги фойдаланишга киритиладиган ерларни аҳолига бўлиб бериш;
  • давлатнинг иқтисодиётга аралашувини чеклаш, қулай бизнес, инвестиция ва рақобат муҳитини шакллантириш;
  • иқтисодиётда давлат иштирокини кескин қисқартириш, давлат мулкини хусусийлаштириш орқали хусусий сектор улушини ошириш, монопол соҳаларни бозор тамойилларига ўтказиш.
  • давлат органлари мансабдор шахсларининг тадбиркорлик фаолиятига, шу жумладан, фермерлар фаолиятига (ҳосилни тасарруф этиш, нарх белгилаш ва бошқалар) аралашувини қатъий тақиқлаш;
  • тадбиркорлар фаолиятига ҳар қандай ноқонуний усулда аралашганлик учун давлат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлигини кучайтириш;
  • қонуний фаолият юритаётган ва солиқларни ўз вақтида тўлаётган тадбиркорларни текширмасликни таъминлаш
  • хусусий мулк дахлсизлигини бузиш, қонуний талабларга риоя этмаган ҳолда ер участкаларини олиб қўйиш, мол-мулкка зарар етказиш учун жиноий жавобгарликни кучайтириш;т
  • тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлган жиноят турларини камайтириш, мазкур соҳани либераллаштириш;
  • бизнес юритишни соддалаштириш, 1000 га яқин бюрократик талабни бекор қилиш чораларини кўриш
  • лицензиялар сонини икки бараварга камайтирамиз, лицензия бекор бўладиган 60 та фаолият учун хабардор қилиш тизимини жорий этиш;
  • яширин иқтисодиёт иллати билан бизнесга тўсиқ яратмайдиган воситалар орқали муросасиз курашиш;
  • хусусий сектордаги иш берувчиларнинг меҳнат қонунчилигидаги ходим олдидаги мажбуриятларини соддалаштириш;
  • самарасиз корхоналар давлатдан қўшимча ёрдам олмасдан, хусусий сектор каби «ўз аравасини ўзи тортиши»;
  • сув хўжалиги, экология, энергетика соҳаларида давлат-хусусий шериклик лойиҳалари амалга оширилишини кенгайтириш;
  • йўл қурилиши, газ ва электр етказиб бериш соҳаларига хусусий бизнесни кенг жалб этиш;
  • келгуси 5 йилда иқтисодиётда нодавлат сектор улушини 85 фоизга етказиш;
  • давлат улуши мавжуд корхоналар сонини 6 баробарга камайтириш;
  • давлат харидларида шаффофликни ошириш ва унда кичик бизнес иштирокини янада кенгайтириш мақсадида «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунни изчил такомиллаштириш;
  • келгуси йилларда 250 миллиард долларлик, жумладан, 110 миллиард доллар хорижий инвестициялар ва 30 миллиард доллар давлат-хусусий шериклик доирасидаги инвестицияларни жалб қилиш;
  • банк бозорига нуфузли чет эл банклари кириб келиши, нобанк молиявий хизматларини кенгайтириш учун зарур имкониятлар яратиш;
  • фонд бозори ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш; акцияларнинг бирламчи (IPO) ва иккиламчи (SPO) оммавий таклифи ўтказиладиган корхоналар рўйхатини кенгайтириш;
  • «Капитал бозорини ривожлантириш тўғрисида»ги қонунни ишлаб чиқиш;
  • криптоактивлар бозорини ривожлантириш ва соҳадаги қонунчиликни либераллаштириш;
  • хусусий жамғариб бориладиган пенсия тизими ташкил этилиши учун барча қонуний асослар яратилиши;
  • Инвестиция кодексини ишлаб чиқиш;
  • хорижий сармоядорлар учун ерларни ижарага бериш муддатини 25 йилдан 49 йилгача узайтириш;
  • «Венчур инвестициялар тўғрисида»ги ва «Краудфандинг тўғрисида»ги янги қонунларни ишлаб чиқиш;
  • «Тадбиркорлик кодекси» қабул қилинишини жадаллаштириш;
  • Барқарор, содда ва адолатли солиқ сиёсати;
  • солиқ маъмурчилиги тизимини соддалаштириш, барча тадбиркорлар учун солиқни тўлаш борасида адолатли ва тенг шароитлар яратиш, солиқ ставкаларининг ўзгармаслигини таъминловчи сиёсат юритилиши йўналишида иш олиб бориш;
  • солиқ ҳисоботида инсон омили таъсирини кескин камайтириш;
  • айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар учун товарларни реализация қилишдан олинган жами даромад миқдори чегарасини БҲМнинг 5 минг баробари даражасида белгилаш;
  • Солиқ кодекси ва бошқа меъёрий ҳужжатлардаги тадбиркорлик субъектининг ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтиши учун айрим талабларни бекор қилиш, онлайн назорат касса машиналарининг дастурий таъминотини давлат томонидан юритилишини жорий этиш орқали тадбиркорлар улардан фойдалангани учун ундириладиган ҳар ойлик тўловни мақбуллаштириш;
  • саноат тармоқлари ва замонавий сервисни иқтисодиёт драйверига айлантириш;
  • илғор технологияларга асосланган саноатни ривожлантириш ва шу орқали саноат маҳсулотлари ҳажмини 1,4 баробарга, меҳнат унумдорлигини 2 баробарга ошириш, 115 миллиард долларлик йирик лойиҳаларни амалга ошириш;
  • саноатда таннархни камайтириш сиёсатини олиб бориш;
  • махсус саноат зоналарини хорижий компанияларга аутсорсинг асосида бошқарувга бериш;
  • автомобиль ишлаб чиқариш ҳажмини йилига 1 миллион донага етказиш;
  • Ўзбекистонни минтақавий «тўқимачилик хаби»га айлантириш учун соҳадаги тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;
  • саноатда қўшилган қиймат ҳажмини 45 миллиард долларга етказиш ва 2,5 миллионта юқори даромадли иш ўринларини яратиш;
  • Саноатни ривожлантириш жамғармаси молиялаштириш имкониятларини 1 миллиард доллардан ошириш;
  • кичик саноат зоналарида инвестиция мажбуриятини бажарган тадбиркорларга ер участкаларини хусусийлаштиришга рухсат беришнинг қонуний асосларини яратиш;
  • салоҳиятли тадбиркорларга кичик ва ёшлар саноат зоналаридан 10 йилгача бўлиб тўлаш имтиёзи билан ер ажратиш;
  • экспорт ҳажмини 45 миллиард долларга етказиш;
  • «Янги Ўзбекистон — рақобатбардош маҳсулотлар юрти» ғоясини тезроқ амалга ошириш;
  • 50 та нуфузли хорижий бренд билан махсус экспорт зоналари ташкил қилиниши, экспортчи тадбиркорлар учун кредит фоиз ставкалари камайтирилиши борасида иш олиб бориш;
  • ҳар бир туманда камида мингта иш ўрни яратадиган 2 тадан янги саноат зоналарини ташкил қилиш, IT хизматлари экспортини 5 миллиард долларга олиб чиқиш;
  • юқори иқтисодий ўсишни таъминловчи барқарор ва самарали молиявий хизматлар бозорини шакллантириш (партия бу йўналишда фискал барқарорликни таъминлаш, инфляцияни прогноз кўрсаткичлари доирасида жиловлаш, асосий турдаги товар ва хизматлар нархлари барқарорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратади);
  • кредит ресурслари таннархини пасайтириш орқали кредит фоизларини 3−4 бандга камайтириш;
  • йиллик кредитлаш ҳажмини 40 миллиард долларга етказиш, иқтисодиётга кредит қўйилмаларининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан улушини ошириб, омонатлар ҳажмини 4 баробарга кўпайтириш;
  • туман марказларидан ҳар бир қишлоққача 5,5 минг километр цемент-бетон йўллар қуриш, аҳоли пунктларини жамоат транспорти билан тўлиқ қамраб олиш;
  • барча аҳоли пунктлари ичимлик суви билан таъминланиши учун йўналтириладиган 2,5 миллиард доллар маблағнинг мақсадли сарфланишини қатъий назорат қилиш;
  • иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини зарур энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш (партия буни «асосий мақсадларимиздан» дея таъкидламоқда);
  • сайёҳлик индустрияси кенгайиши учун ривожланган мамлакатлар тажрибаси асосида ҳудудларнинг туризм мастер-режаларини ишлаб чиқиш;
  • агротуризм имкониятларидан самарали фойдаланиш мақсадида «Агротуризм — 2030» стратегиясини ишлаб чиқиш. Қорақалпоғистон ва Оролбўйида экотуризмни ривожлантириш бўйича алоҳида дастур қабул қилиш;
  • давлат-хусусий шериклиги асосида транспорт, йўл қурилиши, сув хўжалиги каби устувор соҳаларга 14 миллиард доллар инвестиция жалб этиш;
  • йирик аэропортлар модернизация қилиниши, хусусий авиакомпаниялар сони кўпайишига хайрихоҳлик;
  • йўлларни реконструкция қилиш ва сақлаш учун хусусий секторни жалб қилиш;
  • тартибсиз урбанизация жараёнига барҳам бериш, уни яқин ва олис келажакни жиддий ҳисобга олган ҳолда тизимга солиш, шу мақсадда барча аҳоли пунктларининг бош режаларини тайёрлаш;
  • объектларни ижтимоий-иқтисодий ҳамда демографик ўсишни ҳисобга олган ҳолда жойлаштириш;
  • реновация дастурларини амалга ошириш (бу авария ҳолатидаги кўп қаватли турар жойларни янгилашда муҳим ўрин тутади, бироқ дастурлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган якка тартибдаги турар жойлар ҳамда нотурар жойлар дахлсизлигига рахна солмаслиги шарт — партия);
  • реновация тўғрисида ишлаб чиқилаётган қонунда уй-жой мулкдорлари, тадбиркорларнинг мулк ҳуқуқи ва қонуний манфаатлари мутлақ кафолатланиши; бу йўналишда партия таъсирчан парламент ва жамоатчилик назоратини олиб бормоқчи;
  • йўл-транспорт ҳодисаларини кескин камайтириш учун йўл инфратузилмасини тубдан яхшилаш ва йўл белгиларини тўғри ва зарурий жойларга ўрнатиш;
  • шаҳарларда тирбандликнинг олдини олиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида автотураргоҳлар қуриш учун ер участкаларини хусусий тадбиркорларга бериш;
  • қишлоқ ва овулларни интернет билан тўлиқ қамраб олиш, унинг тезлигини 10 карра ошириш;
  • ирригация, дренаж тизими, чиқиндини қайта ишлаш, ижтимоий объектларда энергия ва иссиқлик таъминоти тизимини бошқаришга давлат-хусусий шериклик механизмларини кенг жорий этиш;
  • аҳолининг сифатли озиқ-овқат маҳсулотига бўлган талабини тўла қондириш ва ички бозорда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархлари барқарорлигига эришиш (партия буни бош вазифа деб кўрмоқда);
  • қишлоқ хўжалигида 1 гектар ердан олинадиган ўртача даромадни 5 минг долларга етказиш;
  • фойдаланилмаётган майдонларни ўзлаштириш ҳисобига 300 минг гектарда интенсив боғ ва узумзорлар барпо этиш;
  • ҳар бир маҳаллада етиштирилган маҳсулотларни қабул қилиш, саралаш, сақлаш, қайта ишлаш ва сотишга кўмаклашувчи шохобчалар ташкил этиш;
  • деҳқон хўжаликлари ўртасида кооперация алоқаларини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини яратиш;
  • етиштирилган маҳсулотларни сақлаш учун 2,5 миллион тонна қувватга эга бўлган 100 та агрологистика марказини ташкил қилиш;
  • органик маҳсулот етиштираётган фермер хўжаликлари учун солиқ имтиёзларини жорий этиш;
  • соҳада экспортни йилига 10 миллиард долларга етказиш;
  • қишлоқ хўжалигини иқлим ўзгаришларига мос ҳолда ривожлантириш, тупроқ ва яйловлар деградациясининг олдини олиш юзасидан Миллий дастур қабул қилиш;
  • соҳага 15 миллиард доллар инвестициялар жалб этишни таъминлаш;
  • фермер ва деҳқонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг имкониятларини кенгайтиришни;
  • фермер ва деҳқонларга имтиёзли кредитларни ажратиш, уларнинг қайтариш муддатларини мавсумийликдан келиб чиққан ҳолда белгилаш;
  • қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ҳақиқий бозор активига айлантириш, ижара ҳуқуқини бўлиб сотиш, ундан гаров предмети сифатида фойдаланиш учун қонуний базани такомиллаштириш;
  • «Агросаноат кластерлари тўғрисида»ги қонунни ишлаб чиқиш. Қишлоқ хўжалиги экинлари ва чорва молларини суғурталаш тизимининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш;
  • хориждан серҳосил, касалликларга чидамли ўсимлик уруғлари, кўчатлари олиб кирилиши йўлидаги тўсиқларни олиб ташлаш;
  • рақамли иқтисодиёт, инновацияларни ривожлантириш, сунъий интеллектдан унумли фойдаланишни рағбатлантирувчи ҳуқуқий ва молиявий шароитларни яратиш, рақамли саноатни жадал ривожлантириш дастурлари қабул қилиш;
  • рақамли технологияларга ихтисослашган корхоналарнинг экспорт фаолиятини жадаллаштириш;
  • «Чип саноати», сунъий интеллект, нанотехнологиялар ва шу каби илғор тармоқларни ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқиш;
  • сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ва қўллаш, рақамли маълумотларни қайта ишлашнинг умумий тамойиллари ва меъёрлари, стандартлари ва қоидаларини ўрнатиш;
  • такси ҳайдовчиларидан такси компаниялар (электрон такси хизматлари) фойдасига ушланадиган комиссия ставкалари миқдорларини тартибга солиш;

II. «Сифатли таълим, тиббиёт ва кучли ижтимоий ҳимояни таъминлаймиз»

Партия таълим ва интеллектуал ривожланиш бўйича Ўзбекистон дунёдаги етакчи мамлакатлар қаторига кириши зарур деб ҳисоблайди. Соҳадаги бошқа мақсадлар:

  • мактабгача таълимга бўлган эҳтиёжни тўлиқ қондириш (бунда давлат-хусусий шериклик ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари биринчи навбатда қўллаб-қувватланади);
  • ота-оналар фикри инобатга олиниб, барча боғчаларни компьютер синфи билан таъминлаш;
  • мактабгача таълим ташкилотлари ва умумий ўрта таълим муассасалари педагог ходимларининг ўртача иш ҳақини 2 баробар ошириш;
  • умумий ўрта таълим мактабларида 153 мингдан ортиқ синф раҳбарлари учун тўланадиган маблағ миқдорини кўпайтириш;
  • Мактабларни ривожлантириш давлат дастурини жорий этиш. 2030 йилга қадар қўшимча 2,5 млн ўқувчи ўрнини яратиш, таълим сифатини тубдан яхшилаш;
  • нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари сони 2 баробарга оширилиб, улар фаолиятини йўлга қўйиш учун 1 триллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратиш;
  • давлат ташкилотларидан мустақил бўлган ва холисона баҳолайдиган нодавлат «таълим аудити» тизимини жорий қилиш;
  • мактаблар ўртасида ўтказиладиган барча танловлар ва тадбирларда нодавлат мактабларининг ҳам иштирокини таъминлаш;
  • республика ва халқаро олимпиадаларда ғолиб бўлган ўқувчиларнинг ўқитувчилари учун бериладиган мукофотлар ҳажмини ошириш;
  • кутубхоналар фондини бойитиш ва тўлиқ рақамлаштириш;
  • боғчалар ва мактабларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш ҳамда канализация тармоғига улаш ёки локал канализация тизимларини ўрнатиш масалалари назорати;
  • 2030 йилгача битирувчиларни олий таълим билан қамраб олиш кўламини 50 фоизга етказиш;
  • жаҳондаги Топ-500 даги хорижий олийгоҳлар билан ҳамкорликда камида 50 та қўшма ўқув дастури ва «икки дипломли тизим»ни жорий этиш;
  • ёшларни Топ-100 глобал рўйхатга кирган университетларда таълим олиши учун валютада узоқ муддатли ва имтиёзли кредитлар бериш амалиётини жорий этиш;
  • олийгоҳлар учун қўшимча 120 минг ўринли ўқув бинолари ва 150 минг ўринли талабалар турар жойларини қуриш;
  • олий таълим муассасаларида илмий тадқиқотлар натижадорлигини ошириш ва илмий салоҳиятни 70 фоизга етказиш;
  • илм-фанга йўналтирилган маблағларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 2030 йилгача 10 баробар ошириш;
  • 40 ёшгача бўлган тадқиқотчиларнинг улушини камида 60 фоизга етказиш, илмий ходимларнинг иш ҳақини ўртача 2 баробарга ошириш борасидаги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш;
  • ҳар бир миллион аҳолига тўғри келадиган илмий тадқиқотчилар сонини 2 минг нафарга етказиш учун зарур шароитларни яратиш. Биотехнология, сунъий интеллект ва бошқа юқори технологик йўналишларда истеъдодли ёшларни энг нуфузли хорижий олийгоҳларга давлат ҳисобидан ўқишга юбориш бўйича 200 миллион долларлик дастурларни амалга ошириш;
  • Ўзбекистон Глобал инновацион индексда Топ-50 талик мамлакат қаторига киришини таъминлаш. Янги инновацион ишланмалар сонини 2 баравар ошириш, бу ишланмаларни тижоратлаштириш чораларини кўриш;
  • «Янги Ўзбекистон — маърифатли жамият» концепцияси ва уни амалга ошириш миллий дастурини ишлаб чиқиш;
  • маданият ва спорт муассасалари, кутубхоналар, театр ва музейларнинг моддий-техник базасини яхшилаш;
  • аҳоли ўртасида касалликларни кескин камайтириш, соғлом турмуш тарзини фаол жорий этиш, ўртача умр давомийлигини 78 ёшга етказиш;
  • келгуси 5 йилда бюджетдан тиббиётга ажратиладиган йиллик маблағ ҳажмини камида 2 карра ошириш, яъни 6 миллиард долларга етказиш;
  • асосий эътиборни касалликлар профилактикасига қаратиш. Келгуси йилларда оналар ва болалар ўлими, болалар ўртасидаги ирсий касалликларни камида 2 баробарга қисқартириш, онкологик, юрак-қон томир, қандли диабет бўйича эрта ўлимни эса 2,5 баробарга камайтириш;
  • хотин-қизлар ўртасида онкологик касалликларни камайтириш мақсадида 40 ёшдан ошган аёллар учун тегишли даврийликда тиббий кўрикдан ўтишни жорий қилиш. Кафолатланган бепул тиббий ёрдам, унинг аниқ ҳажмининг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш;
  • «Тиббий суғурта тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш;
  • соғлиқни сақлаш тизимини тўлиқ рақамлаштириш, фуқароларга тиббий хизматлар учун кредитлар ажратиш;
  • саломатликни тиклаш учун банкдан имтиёзли 3 йил муддатидаги кредит олиш имкониятини яратиш. Юрак нуқсони бор 5 минг болани ва кўриш қобилиятини йўқотиш эҳтимоли юқори бўлган 10 минг чақалоқни ҳар йили бепул даволаш чораларини кўриш;
  • онкологик беморлар даволаниши, соғайиб кетиши учун зарур шароитлар яратиш, уларнинг одатий ҳаётга қайтишига кўмаклашиш;
  • эҳтиёжманд оилаларнинг онкологик касаллиги бор фарзандларига ўзак ҳужайраларини трансплантация қилиш харажатлари тўлиқ давлат ҳисобидан қоплаш;
  • нодавлат тиббиёт муассасаларига аҳолининг ҳаёти, соғлиғи ва санитария-эпидемиологик хотиржамлиги учун юқори даражадаги хавф-хатар билан боғлиқ тиббий фаолият турларидан бошқа барча тиббий хизматларни кўрсатишга, мураккаб операцияларни амалга оширишга рухсат бериш ва лицензиялаш тартибини соддалаштириш;
  • чекка ҳудудларда таълим ва соғлиқни сақлаш ташкилотларидаги юқори малакали мутахассислар учун тиббий хизмат кўрсатиш, қўшимча таътил кунлари, саёҳат учун тўловлар, уй-жой ижарасини ўз ичига олган «Ижтимоий пакет» тизимини жорий этиш;
  • шифокорларни хорижий мамлакатларга тажриба алмашиш учун давлат ҳисобидан юборишда нодавлат тиббиёт ташкилотлари шифокорлари учун ҳам квоталар ажратиш;
  • давлат тиббий суғуртаси билан бирга нодавлат тиббий суғурта тизимини жорий этиш, шу тариқа тиббиётда хусусий секторнинг улушини 25 фоизга етказиш;
  • мамлакатга сифатсиз ва инсон ҳаёти учун хавфли дори воситалари олиб кирилишига чек қўйиш;
  • замонавий фармацевтика кластерлари ҳамда зоналарини ташкил этиш, мавжудлари фаолиятининг самарадорлиги ошириш;
  • «Ҳар бир оила ўз уйига эга бўлсин» шиорини амалда татбиқ этиш. Келгуси йилларда қўшимча уй-жой қурилиши соҳасига 15 миллиард доллар маблағларни йўналтириш орқали 1 миллион хонадонли уй-жойлар қуриш;
  • қурилиш-пудрат ташкилотлари ҳамда аҳолига имтиёзли ва узоқ муддатли кредитлар берилиши бўйича тизимли иш олиб бориш;
  • уч ва ундан ортиқ фарзанди бор 35 ёшгача бўлган шахсларга уй-жой сотиб олиш учун имтиёзли ипотека кредитлари ажратиш. Янги уй-жой сотиб олган фуқароларга қўшилган қиймат солиғининг ярми қайтариб бериладиган тизим жорий этиш;
  • қурилишда яширин иқтисодиётга барҳам бериш. «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини тизимли давом эттириш;
  • «Янги Ўзбекистон — ижтимоий давлат» тамойилига асосланиб, ижтимоий хизматлар сифатини янада яхшилаш, камбағалликни қисқартириш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш. Бу борада Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ваколатлари ва фаолият кўлами янада кенгайтирилади;
  • маош олувчи фуқароларни меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3 баробаригача даромад солиғидан озод этиш;
  • электр энергияси ва табиий газ истеъмоли бўйича белгиланган ижтимоий нормалар миқдорларини мавсумийлик, хонадон аъзоларининг ижтимоий ҳимоя реестрига киритилгани ва оилалар сонидан келиб чиқиб, қайта кўриб чиқиш;
  • энергия таъминоти соҳасидаги молиявий ҳисоботларда шаффофлик ва очиқликни таъминлаш;
  • ортопедия, реабилитация, тиббиёт ва дори воситаларини ногиронлиги бор шахсларнинг ўзи танлайдиган, давлат эса пулини тўлаб тўлаб берадиган тизим жорий этиш. Протез-ортопедия буюмлари билан таъминлаш учун йўналтириладиган маблағларни 250 миллиард сўмга ошириш;
  • ногиронликни белгилаш жараёнларини соддалаштириш, сарсонгарчиликка йўл қўйилмаслик, Тиббий ижтимоий эксперт комиссиялари бемор тўғрисидаги маълумотларни электрон тизимдан олиши ва электрон расмийлаштириши;
  • ногиронликни белгилашда ижтимоий моделга ўтиш йўналишида тизимли иш олиб бориш;
  • ишлаш истагидаги ногиронлиги бор шахсларга зарур шароитлар яратиш;
  • оиласидаги ногиронлиги бор шахсга қаровчи эҳтиёжманд инсонларга иш ҳақи тўлаш тизимини жорий қилиш. Ногиронлиги бўлган шахсларни бизнесга жалб қилиб, даромад топишга ўргатган тадбиркорларга енгилликлар бериш;
  • ёшларни ҳунар ва замонавий касбларга, хорижий тилларга ўқитиш, маънавиятини, маърифатини юксалтириш, китобхонлигини ошириш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда IT соҳаси ва спортга кенг жалб этиш борасида режаларни амалга ошириш;
  • ишсиз ёшларни замонавий касбларга ўқитиш тизимини қайта кўриб чиқиш;
  • корхоналар буюртмаси асосида касбга тайёрлаш амалиётини жорий қилиш;
  • ҳар бир вилоятда камида 100 гектар майдонда «Ёшлар ижтимоий-иқтисодий маркази»ни ташкил қилиш;
  • ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш учун микромолиялаш хизматларини кенгайтириш ва замонавий молиявий инструментлардан кенг фойдаланиш;
  • ўз бизнесини ижарага олинган бинода бошлаётган ёшларга бир йиллик ижара харажатининг 50 фоизини қоплаб бериш;
  • талабалар учун давлат ташкилотларида иш ҳақи тўланадиган стажировка тизимини ривожлантириш;
  • олий таълим муассасалари ҳузурида ташкил қилинган «Карьера ва стажировка марказлари» фаолиятини такомиллантириш;
  • ҳар бир маҳаллада «Мустақил ривожланиш» марказларини ташкил қилиш;
  • ёшлар ўртасида IT соҳасини янада оммалаштириш ҳамда соҳада хизматлар экспортини ошириш учун «мактаб — олийгоҳ — IT компанияси»дан иборат яхлит «IT таълим» ва хизматлар занжирини яратиш;
  • ёшлар учун махсус уй-жойлар қуриш ва ҳар йили мингта ёш оилага имтиёзли ипотека кредитларини бериш;
  • аёлларнинг масофавий меҳнат ва рақамли тадбиркорлик бўйича кўникмаларини ошириш, шу орқали аёллар орасидаги ишсизлик даражасини 2 мартага камайтириш;
  • бошқарув лавозимларидаги хотин-қизлар улушини камида 30 фоизга кўпайтириш. Қийин аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар учун ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш хизматини кенгайтириш. Туғуруқ таътилидаги аёллар учун онлайн ишлаш тизимини жорий этиш юзасидан ҳуқуқий асослар яратиш;
  • тадбиркорлик субъектларининг ёпилиши оқибатида ишсиз қолган ёш болали аёлларни қўллаб-қувватлаш учун уларни ишсизликдан суғурталаш тизимини жорий қилиш;
  • кексалар соғлиғини тиклаш ва дам олиши учун алоҳида дастур қабул қилиш;
  • уч миллиондан ортиқ нуронийни ҳар йили бепул тиббий кўрикдан ўтказиш, шифохона ва сиҳатгоҳларда даволаш, улар учун саёҳатлар ташкил этиш;
  • «Кексалар саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш орқали 70 ёшдан ошган кексаларга бепул тиббий ва зарур ижтимоий хизматни кучайтириш;
  • пенсия тизимини такомиллаштириш орқали жамғариб бориладиган пенсия тўловларининг бир қисмини фуқаролар эҳтиёжлари учун улар пенсия ёшига етмасидан тўлаб бериш амалиётини жорий қилиш.

III. «Аҳолига қулай атроф-муҳит шароитларини яратамиз»

  • Сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик ва аутсорсинг асосларини жорий этиш;
  • беш йил ичида барча экин майдонларида сув тежайдиган технологияларни жорий этиш;
  • сув тежайдиган технологияларни жорий қилган фермер ва деҳқонлар харажатининг 50 фоизини қоплаб бериш;
  • фуқаролар хонадонига сув фильтрларини ўрнатиш учун имтиёзли асосда истеъмол кредитлари ажратиш, мамлакатда тоза сувнинг таркибига нисбатан ягона стандарт жорий қилиш мақсадида «Тоза сув» лойиҳасини амалга ошириш;
  • Сув кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш. Хонадонларда, корхона ва ташкилотларда сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш;
  • фуқаролар экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳит зарарланишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти ҳамда иссиқлик энергияси истеъмоли соҳаларида жамоатчилик назоратини кучайтириш;
  • барча қишлоқ ва шаҳарларни қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш хизматлари билан тўлиқ қамраб олиб, уларни қайта ишлашни камида 65 фоизга етказиш;
  • барча ҳудудларда, аввало, Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосини яхшилаш бўйича «Мусаффо ҳаво — 2030 миллий дастури»ни қабул қилиш;
  • ҳудудларда экологик аудит ўтказиш ва унинг натижаларини жамоатчиликка эълон қилиш;
  • экологик тоза транспортлар учун зарур инфратузилмани ривожлантириш, электр транспорт воситаларини оммалаштириш бўйича қўшимча имтиёзлар тўғрисидаги қонунни қабул қилиш;
  • атроф-муҳитга зарарли ташланмаларни қисқартириш ҳамда инсон фаолиятининг табиатга салбий таъсирини камайтириш;
  • кўмир, мазут каби энергия манбалари ўрнига босқичма-босқич экологик тоза геотермал ва бошқа қайта тикланувчи энергия турларини йўлга қўйиш;
  • эски автотранспорт воситалари учун Trade in тизимини жорий этиб, уларни юқори экологик стандартлардаги автотранспорт воситаларига айрбошлаш истагидаги фуқароларга керакли маблағни узоқ муддатда бўлиб тўлаш имкониятини яратиш. Бу имкониятларни, энг аввало, ўқитувчи ва шифокорларга бериш;
  • ишлаб чиқариш корхоналари томонидан атроф-муҳит ва ҳавога зарарли чиқиндиларни ташлаш кўрсаткичларини ҳисоблаб, уларни камайтириш стратегиясини ишлаб чиқиш;
  • Орол денгизининг қуриган тубида қўшимча 500 минг гектар яшил майдонларни барпо этиб, уларнинг умумий ҳажмини 2,5 миллион гектарга ёки ҳудуднинг 78 фоизига етказиш;
  • Оролбўйида халқаро «Яшил иқлим» ва Глобал экологик жамғармаларининг биохилма-хиллик, иқлим ўзгариши ва тупроқ емирилишининг олдини олишга қаратилган дастурлари асосида 300 миллион АҚШ доллари қийматидаги лойиҳаларни амалга ошириш;
  • Яшил майдонларни кўпайтириш учун йилига 400 миллиард сўм ажратиб бориш. Давлат идоралари, корхоналар, олийгоҳлар ҳам ўз боғларини ташкил қилиши, янги уй-жой қуришда пудратчиларга «яшил ҳудуд» ва автотураргоҳ барпо этиш мажбурий этиб белгиланиши;
  • мамлакатда яшил майдонлар, дарахтзорлар, гулзорларни 30 фоизга етказиш. Шаҳарлар ҳамда уларнинг атрофларида «яшил белбоғ»лар барпо этиш;
  • қайта тикланувчи энергия манбаларини 2,5 баробарга ошириб, ишлаб чиқарилган энергияда уларнинг улушини 40 фоизга етказиш;
  • «яшил» технологияларни кенг қўллаш, экологик тоза маҳсулотларни ишлаб чиқиш, ишлаб чиқаришда ёпиқ циклли технологиялардан фойдаланиш;
  • энергетик хавфсизликни ҳамда иқтисодиётни барқарор энергия билан таъминлаш учун атом технологиялари ва энергиясидан хавфсиз фойдаланиш инфратузилмасини ривожлантириш, АЭС қуриш ва ундан хавфсиз фойдаланишни қўллаб-қувватлаш;
  • саноатда «яшил сертификат»лар бозорини яратиш. Автобусларни экологик тоза электр ёки газ ёнилғисига ўтказишни изчил давом эттириш. Қурилишда энергияни тежаш бўйича талабларга қатъий риоя этилишини таъминш;
  • энергия самарадорлигини 2 карра ошириш. Қишлоқ хўжалигида агровольтаика амалиётини кенг жорий қилиш;
  • экологик тоза энергия ишлаб чиқариш жараёнларига хусусий секторни кенг жалб қилиш.

IV. «Халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этамиз»

  • Давлат хизматчилари томонидан давлат бюджети ҳисобидан ортиқча қиммат нарсалардан фойдаланишни чеклаш, қимматбаҳо автомобиллар ва телефонларни давлат ҳисобидан сотиб олишни тартибга солиш;
  • бюджет харажатларини қисқартиришга эришиш, ижро ҳокимияти тизимида хизмат машиналари сонини қайта кўриб чиқиш;
  • рақамлаштириш орқали бюрократияни бартараф этиш;
  • давлат хизматларининг камида 300 тасини (40 фоизини) хусусий секторга ўтказиш ва фуқароларнинг шахсий иштирокини 2 баробарга қисқартириш;
  • фуқароларнинг давлат хизматларидан фойдаланиш учун мурожаат қилишида аризани ёзиш, турли шаклларни тўлдириш каби ортиқча формал тартибларни бекор қилиб, давлат идоралари зарур ҳужжатларни электрон базадан ўзи оладиган тизимни яратиш;
  • бюджет ташкилотлари харажатларининг шаффофлигини таъминлашда парламент ва маҳаллий кенгашлар олдидаги ҳисобдорлигини кучайтириш. Мулк шаклидан қатъи назар, барча меҳнат жамоаларида иш вақти меъёрларига қатъий амал қилиш;
  • ҳокимларнинг кенгаш олдида ҳисобдор бўлиши, масъулияти ва жавобгарлиги ошишини таъминлайдиган тизимни мустаҳкамлаш. Ҳоким ва маҳаллий кенгашнинг жавобгарлик доираси ва аниқ вазифаларини белгилаш;
    маҳаллий кенгашлар фаолиятига оид 500 дан ортиқ қонунчилик ҳужжатини тизимлаштириш;
  • қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таҳлили ҳамда илғор хорижий тажриба асосида нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида қонунчиликни такомиллаштириш;
  • аҳоли фаровонлигини таъминлашда маҳаллани жамоатчилик ва давлат органлари ўртасидаги «кўприк»ка айлантириш;
  • маҳаллаларни «бир қадам» тамойили асосида фуқароларнинг аксарият масалаларини ҳал этадиган масканга айлантириш;
  • аҳоли турмушини янада яхшилаш мақсадида «Ташаббусли бюджет»га бериладиган маблағлар 3 карра оширилишини кун тартибига чиқариш;
  • «Ташаббусли бюджет» лойиҳасидан мактабгача таълим, мактаб, тиббиёт муассасаларини молиялаштириш масалаларини чиқариб, уларни алоҳида соҳавий дастурлар орқали молиялаштириш тартибига ўтиш;
  • мустақил суд тизими ва одил судлов тизимига эришиш. Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиб, одил судловга эришиш учун барча имкониятларни сафарбар этиш;
  • қонунчиликни қўллашда муайян суд иши бўйича чиқарилган суд ҳужжатини бошқа шу турдаги ишларга қўллаш имконини берувчи «суд прецеденти ҳуқуқи»ни амалиётга жорий этиш;
  • жабрланувчининг илтимосига асосан жиноят ишини қўзғатмасдан ҳам ярашиш имкониятини яратиш;
  • жиноят содир қилган шахслар келгусида тузалиш йўлига ўтиши учун муқобил жазо ва бошқа ҳуқуқий таъсир чораларини кенгайтириш. Терговда шахс ҳуқуқини чеклашга санкция бериш масаласи алоҳида судьялар томонидан кўриб чиқилиши;
  • иқтисодий жиноятлар бўйича «қамоққа олиб тергов қилиш» амалиётига чек қўйиш, бунинг ўрнига гаров эҳтиёт чорасидан кенг фойдаланиш. Бу масалада айбланувчи ёки ҳимоячи томонидан судларга эҳтиёт чорасини ўзгартириш ҳақида мурожаат қилиш имкониятлари кенгайтириш;
  • ички ишлар ва миллий гвардия органлари ходимларининг фуқаролар билан мулоқот қилиш стандартларини жорий этиш орқали уларни халқ кўз ўнгида том маънода ҳимоячига айлантириш;
  • барча соҳаларда шахсга доир маълумотлар билан ишлаш талабларини кучайтириш;
  • фуқароларнинг шахсий ҳаёт дахлсизлигини таъминлаш, мулки ва маблағларини фирибгарлар ва кибержиноятчилардан ҳимоя қилиш;
  • йўл-транспорт ходисаларини кескин камайтириш чораларини кўриш, жиноий жавобгарликни кучайтириш, юқори тезликда ҳаракатланадиган ҳайдовчиларни транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш;
  • йўл ҳаракати ва бошқа соҳалардаги жиноятлар натижасида боқувчисидан маҳрум бўлганларга айбдорлардан 18 ёшга тўлгунга қадар алимент олиш ҳуқуқини бериш;
  • Адвокатлар палатасининг адвокатларни ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги фаолияти такомиллаштириш;
  • адвокатлар рейтингини жорий қилиш орқали адвокатлик тизимида рақобат муҳитини ривожлантириш;
  • бизнес юритишга халақит бераётган қатор нормаларни қайта кўриб чиқиш: (1) тадбиркорнинг манзили, банк реквизитлари ўзгаргани ёки қайта рўйхатдан ўтгани тўғрисидаги маълумотларни тақдим этмаганлик учун белгиланган маъмурий жавобгарликни бекор қилиш; (2) тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисобварақларидаги амалиётларни тўхтатиб туришга фақат суд тартибида рухсат беришни қонун даражасида белгилаш; (3) назорат қилувчи органлар зиммасига текширув ўтказилиши ҳақида Савдо-саноат палатасини камида 10 иш куни олдин хабардор қилиш мажбурияти юкланишини қонунда белгилаш; (4) солиқ интизомининг бузилиши билан боғлиқ маъмурий жарима миқдорини ҳуқуқбузарлик келтириб чиқарган иқтисодий оқибатнинг таъсирини инобатга олиб табақалаштириш; (5) тадбиркорлик субъектларининг ўзларига кўрсатилган хизматлар, шу жумладан, берилган кредитлар юзасидан банклар ва бошқа молия ташкилотлари олдидаги шартнома мажбуриятларини асосли бизнес таваккалчиликлари туфайли бажармагани уларни жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўлмаслигини қонунчиликда белгилаш;
  • эркинлик ва очиқлик сиёсатини давом эттириб, оммавий ахборот воситалари (ОАВ) фаолиятининг эркинлиги, фуқароларнинг ахборот олиш, ундан фойдаланиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқларини қатъий кафолатлаш;
  • сўз эркинлигига қарши ҳар қандай уринишларга қарши туриш ва мустақил нодавлат матбуот тизимини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш;
  • коррупциявий омилларни бартараф этиш тизимининг самарадорлигини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш;
  • коррупцияга қарши курашиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган Миллий стратегия қабул қилиш.

V. «Мамлакатимиз суверенитети ва хавфсизлигини кафолатлаймиз»

  • диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш, фуқароларни турли мафкуравий таҳдидлар, зарарли оқим ва ғоялардан ҳимоя қилиш;
  • диний ва маънавий меросни чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси халқаро маркази ва бошқа илмий-маърифий марказлар имкониятларини тўлиқ ишга солиш;
  • Партия Ўзбекистон ташқи сиёсати фақат халқнинг миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда олиб борилиши зарур, деган қатъий позицияда;
  • узоқ ва яқин давлатлар, халқаро ташкилотлар билан алоқалар ва ҳамкорликни ана шу тамойил асосида ривожлантириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсатни давом эттириш;
  • ташқи сиёсатда қўшни давлатлар билан яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини жадал ривожлантириш;
  • Ўзбекистоннинг сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ташаббусларини халқаро майдонда фаол илгари суриш, Марказий Осиёда турли йўналишлар, айниқса, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, транспорт йўлакларини ривожлантириш борасидаги амалий ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқилишини қўллаб-қувватлаш;
  • дунёнинг қудратли давлатлари ва бошқа стратегик ҳамкорлар билан янги форматдаги амалий алоқаларни мустаҳкамлаш;
  • Марказий Осиёда хавфсизлик, савдо-иқтисодий, сув, энергетика ва транспорт, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан юқори босқичга олиб чиқиш;
  • Афғонистонда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш борасидаги ишларни узлуксиз давом эттириш. Транспорт соҳасида ташқи савдо учун «яшил коридорлар» ҳамда транзит имкониятлари кенгайтириш;
  • иқтисодий дипломатияни кучайтириш. Бунда инвестиция ва инновацияларни кенг жалб қилиш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва Ўзбекистон имижини фаол тарғиб этиш барча дипломатик ваколатхоналарнинг асосий вазифасига айланиши керак;
  • халқ дипломатиясининг, айниқса, унинг муҳим шаклларидан бири бўлган партиявий дипломатиянинг ролини ошириш. Ўзбекистоннинг халқаро ташаббусларини кенг жамоатчиликка етказиш борасидаги ишларни жадаллаштириш;
  • хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлаб, уларнинг Ўзбекистон тараққиётида фаол иштирок этишлари учун зарур шароитларни яратиш;
  • хориждаги ватандошлар орасида она тили, миллий маданият ва анъаналарни тарғиб этиш бўйича тизимли чоралар кўриш;
  • ташқи меҳнат миграцияси тизимини ислоҳ қилиб, хорижга ишлаш учун бораётган фуқароларни касбга ва чет тилларига ўқитиш кўламини кенгайтириш;
  • хорижда ишлаб юрган юртдошлар учун, аввало, Ўзбекистонда ишлаб, муносиб иш хақи олишлари учун имконият яратиш;
  • мураккаб вазиятга тушиб қолган юртдошларга ҳуқуқий ва бошқа ёрдамлар кўрсатишни ошириш;
  • меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларига доимий ғамхўрлик қилиш ва ижтимоий суғурта тизимини такомиллаштириш;
  • хорижда даромадли меҳнат билан банд бўлиш истагида бўлган ёшларга асосий миграция оқими бўлган мамлакатлар тилларини бепул ўрганиш учун шароит яратиш;
  • хорижга меҳнат қилиш учун чиқишда ҳужжатларни расмийлаштириш, суғурта, йўл ҳақи ва бошқа харажатлар учун кредит, субсидия ва грантлар ҳажмларини кенгайтириш;
  • ҳар бир ҳудудда фуқароларни хорижий тилларга ва талаб юқори бўлган касбларга бепул ўргатадиган марказлар фаолиятини йўлга қўйиш;
  • жаҳонда содир бўлаётган мураккаб жараёнлар шароитида Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги, сарҳадлари дахлсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини янада мустаҳкамлаш. Бунда миллий хавфсизлик соҳасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, мамлакат мудофаа салоҳиятини юксалтириш;
  • Қуролли кучларнинг қудрати, мудофаа қобилияти ва ҳарбий салоҳиятни ошириш мақсадида миллий армияни 2030 йилга қадар энг замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника билан таъминлаш;
  • қўшинларнинг жанговар руҳи ва салоҳиятини юксалтириш, ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш, уларни ва оила аъзоларини ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш.

«Ўзбекистон — инсон қадри улуғланадиган, ҳар бир фуқаро ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун барча имкониятлар яратилган мамлакат бўлмоқда ва бўлмоғи керак! Халқимиз эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун ўз ҳаётида буни кўришни истайди… Биргаликда биз кучмиз! Биргаликда қудратлимиз! Ўзбекистон тараққиёти учун бирлашайлик!Ваъда эмас натижа, эртага эмас бугун!» — дейилади партия дастурида.