Ўзбекистон Мустақиллигининг 33 йиллиги нишонланган 1 сентябрдан бери Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани, ҳудуддаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» (М-25) газ кони сабаб, жамоатчилик диққат марказида турибди. Коннинг 604-қудуғида 1 сентябрь ва 17 сентябрь кунлари юз берган авариялардан сўнг, аҳоли берган маълумотларга кўра, туманда аҳвол кўнгилдагидек эмас (икки авария оралиғида Бойсун қандай яшагани ҳақида эса «Газета.uz» видеорепортаж тайёрлади); кондан чиқаётган заҳарли газ эса нафақат Сурхондарёнинг бошқа туманларида, балки қўшни Қашқадарё вилоятида ҳам сезила бошлаган.

«Газета.uz» мухбирлари билан суҳбатлашган бойсунликлар газдан заҳарланишаётгани, бунга қарши чоралар кўрилмаётгани, ҳимояланиш бўйича расмийлар томонидан ҳали ҳам бирор бир кўрсатма берилмаганини айтган бўлса, бошқа бир қисми энди ижарада яшаши ва ўзига етказилган зарарни қоплаши учун моддий ва маънавий компенсацияга эҳтиёжи борлигини таъкидламоқда. Улар қишда ҳам шундай таҳликали ҳолат такрорланишидан хавотирда. Шунингдек, кон яқинидаги қишлоқларга бир марталик ёрдам сифатида гўшт ва гуруч тарқатилгани ҳам айтилмоқда.

Маълумотларга кўра, бойсунликлардан воқеа ҳақида интернетда маълумот, фото ва видеолар тарқатмаслик сўралган. Шу боис, тумандаги вазият ҳақида маълумот берган ва ўз фикри билан бўлишган бойсунликларга зарар етмаслиги учун, «Газета.uz» респондентларнинг шахсини яширди.

«Уйимга ўғри тушгани учун хавфсизроқ ҳудудга кўчиб ўтмадим»

Кофрунлик эркак

Авария юз берган кондан 5−6 км узоқликда яшайман. Иккинчи марта газ очилиб кетганини 17 сентябрь куни пешиндан кейин, молларга қараётганда билдим. Ҳаво бирдан аввалгидек сасий бошлади. Қишлоқнинг Telegramʼдаги гуруҳига кириб, газ очилгани ҳақидаги ёзувларни кўрдим ва саросимага тушдим. Ўзи газ ёпилгани хабар берилган кунининг эртасига бола-чақани уйга чақиргандик.

Хаёлимдан биринчи ўтган нарса: «Яна сарсон-саргардонлик бошланар экан-да», деган гап бўлди. Чунки 15 сентябргача оила аъзоларимизни бошқа ҳудудларга жўнатишга мажбур бўлгандик. Еб-ичиш, ётоқ-жой, бошқа масалалар қийнаб қўйганди. Тўғри, бизнинг оилада ўзим ҳаминқадар ҳаракат қилдим, қариндош-уруғлар ёрдам беришди, лекин шунда ҳам қийналдим.

Ўзимдан ўтганини ўзим билдим, болаларимга билдирмадим. Шунчалик иложсиз, оғир аҳволда қолганимиз, ҳеч кимга керакмасдек ташлаб қўйилганимизни фарзандларим билишини хоҳламадим. Имконияти чекланган оилалар, бева-бечоралар, боқувчисини йўқотганлар кўп эди, аҳоли ҳам жуда қийналди.

Газ ҳиди олдингисидан ҳам ёмон. Чунки бундан аввал газни ҳам ёқиб туришганди, ҳам сув сепиб туришганди. Ҳид икки-уч соат келарди-да, бир айланиб кетарди. Ҳозир эса газ кундузи соат 10 дан кечки соат 7 гача тинмай келади. Шу пайтда ҳаводан нафас олиш деярли имконсиз. Кучли бошоғриқ, қайт қилиш билан бирга еганинг ошқозонга тошдек ботади.

Ўша куннинг ўзида болаларда яна ланжлик, иштаҳасизлик кузатилди. «Тез ёрдам» чақиришга ҳам мажбур бўлдик. Онамнинг юраги қалтираб, қон босими жуда ошиб кетди, аёлимнинг кўнгли айниб, тинимсиз бош оғириғидан шикоят қилди. Бир кеча чидадик, эртасига болаларим, аёлим ва онамни, қарз-ҳавола қилиб бўлса ҳам, Термизга жўнатдим.

Мактаб-боғчалар газ иккинчи марта очилиб кетган кунда ёпилганди, эртаси куни яна очилди. Юқоридагиларнинг топшириғи эмиш, ота-оналар ихтиёрий равишда боласини мактабда жўнатиши мумкин экан. Қизим боғчага боради, ўғлим эса мактабга. Дарсидан қолса қолар деб шаҳарга жўнатдим. Бу ерда газ хонада тўпланиб қоляпти.

Болаларда ҳали биздагидек иммунитет йўқ. Улар ёш нарса бўлса. Таниш-билишлар, дўхтирлардан суриштирдик — газ ҳаво орқали ўпкага ўтаркан, ўпкада сув билан реакцияга киришиб, ошқозонга таъсир кўрсатаркан, кейин ичакнинг шиллиқ қаватини емириб, болаларда ич кетиш, овқат ушлаб туролмаслик, асаб, бошқа касалликларни ривожлантирар экан.

Ўзим уйда қолганман. Мол-ҳолга эгалик қилиб ўтирибман. Биринчи [авариядан кейинги дастлабки] 15 кунликнинг икки кунида оиламни Термизга жойлаштиргани кетган вақтим, уйга орқа деразани синдириб, ўғри кирган, ҳаммаёқни титган, қараса, олиб кетгулик ҳеч нарса йўқ — пул, тилла буюмларни ўзимиз билан олиб чиқиб кетгандик. Иккита эски телевизор бор эди, кўтариш қийин бўлгани учун ташлаб кетган.

Қариндошлар, танишлардан эшитяпмиз — ҳамма «ўз кунингни ўзинг кўр», дегандек ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Имкон қила олганлар асосан Термизга, Деновга чиқиб кетяпти, чунки у ерга газ ҳиди бормайди.

[Вазият ҳақида, нима қилиш кераклиги ҳақида] бирор маълумот ҳам айтилмаяпти. Ҳатто Telegramʼдаги гуруҳларда хавотир олиб бир нарса ёзсанг, бирор нарса сўрасанг, спам қўйиб, блоклаб ташлашяпти ёки ёзганингни ўчиришяпти. Ҳеч йўғи қилаётган ишлари ҳақида, «Мана бугун шунча ишни қилдик, шунчасини қилолмадик», деб айтиб турса, жараёнлардан хабардор бўлиб турсак, [одам сал хотиржамлашарди].

Аҳолига олдин ҳам, ҳозир ҳам ёрдам берилгани йўқ. Тошкентга, раҳбарларга бу ердаги аҳвол ҳақида ёлғон маълумот етказиляпти, шекилли — аслида аҳволимиз абгор. Майли, ҳолатни яхши деяётганлар, оиласи, бола-чақаси, ота-онаси, хотини, синглиси, келинини олиб келиб, шу ерда бир кун яшаб кўрсин. Кейин кўрамиз. Ойни этак билан ёпиб бўлмайди.

Ўзбекистонда яшаётган барча фуқаролар давлат деганда отани тушунади. Бу ердаги масъулларнинг ҳозир қилаётган хатти-ҳаракати эса халқнинг давлатга нисбатан ишончсизлигини уйғотади. Чунки халқ оғир кунида отаси келиб фарзандларининг ҳол-аҳволини сўраши, ёрдам беришини хоҳлайди. Телевизорда, ижтимоий тармоқларда бирор ерда, бирор давлатда шунақа фалокатлар бўлса, ёрдам жўнатилишини кўрамиз, Ўзбекистон томондан ҳам жўнатилади. Лекин нимага ўзбекнинг ўзига оддий ҳимоя воситалари, респираторлар тарқатилмаяпти? Респираторлар Тошкентдаги дўконларда 45−50 минг тураркан. Жилла қурса ўшалардан олиб келиб, уйида қолган одамларга тарқатилса ҳам бўларди. Компенсация ҳақида-ку гап бўлиши мумкин эмас. Уни тўламаслигини ҳам биламиз.

Аҳоли саросимада, эртанги кунга умид бор-у, ишонч йўқ. Буёғига кунлар совияпти. Аҳвол шу зайлда давом этса, одамлар бола-чақасини судраб қаерга боради? Ота бошим билан мен ич-этимни еб ўтирибман — қаерга бораман, қаерларда яшайман, бола-чақамни қайси пулга боқаман? Шаҳарларда квартира нархи қиммат, коммунал хизмат ҳақлари бор. Қолаверса, у ерда яна мактабга жойлаштириш керак. На кўзга уйқу келади, на томоқдан овқат ўтади.

Газ кони ўйлаб, режалаштириб қилинмаган экан-да. Кон борлиги 1960−1970 йилларда аён бўлган. Аввал заводни қуриб бўлиб, кейин конни очиб заводга, улаб юборганда, ишлаб чиқариш бошланиб, бирдан узатаверарди. Ҳозир газ камида 700−750 атмосфера босимда чиқяпти. Кечалари унинг алангаси, ҳувиллаган овозидан қўрқиб ҳам чиқасиз — овози яққол эшитилиб туради.

Аҳолига ижтимоий кўмак, яъни озиқ-овқат маҳсулотлари берилиши керак. Кўпчилик қийналяпти, чунки у шаҳардан бу шаҳарга кўчиб юришнинг ўзи бўлмаяпти. Қариндош-уруғиникига ҳам икки-уч кун сиғади. Ундан кейин 5−6 жонни ким меҳмон қилади, ким яхши кўради? «Ўз уйинг — ўлан тўшагинг», дейишган.

Умид ва қўрқинч орасидаман. Нима қилишни, қаёққа қараб кетишни билмайман. Масъуллардан жавоб йўқ, жавоб йўқ, жавоб йўқ (бироз тўхтаб, овози бўғилиб, йиғи аралаш гапида давом этади — таҳр.).

Телевидиниядами, ҳеч бўлмаса, қишлоқма-қишлоқ юрибмид, газдан қандай ҳимояланиш керак, нималар истеъмол қилиш керак, қандай дорилар ичиш кераклиги ҳақида маълумот беришса, яхши бўларди.

Аҳоли «тез ёрдам» чақиради, «тез ёрдам» келади, иккита «актированний угол»ни беради, битта тинчлантирувчи билан димедрол бериб кетади. Агар аҳволи оғир бўлса, уни тумандаги шифохонага кўчиради. Лекин бундан заҳарланиш қандай оқибатларга олиб келади? Ёшларга, эмизикли оналарга, ҳомиладорларга, кексаларга қандай зарари бор — батафсил, очиқ-ошкора ёритиш керак. Буни яшириб нима қилади, яшириб нима топади? Вақти келиб, бу ўзининг таъсирини кўрсатмайдими?

Бора-бора ҳид сезмай қоляпмиз, асабларимиз фалажланяпти. 10 секунд олдин қўйган нарсангизни эсдан чиқарасиз, бирор ерга кетаётганда ўзингизга: «Қаерга кетаётгандим?», деб савол берасиз. Таъсири жуда кучли.

Мана шундай қийин вазиятдамиз. Газ нафақат Бойсун тумани, қўшни Шеробод, Бандихон туманларигача боряпти. Шамол йўналишини ўзгартирганда ўша ёқни бориб, яксон қилиб ташлаяпти. Аҳоли кечқурун бошқа ёққа қочиб чиқиб кетишга мажбур бўляпти. Совуқдан ҳимояланишингиз, иссиқдан бошпана топишингиз мумкин, лекин бундан ҳимояланишнинг умуман имкони йўқ.

Оддийгина ҳайдовчи пиёдага йўл бермаса, ЙПХ ходими уни ушлаб, «Пиёданинг ҳаётини хавф остига қолдиринг» деб, жаримага тортди. Лекин бу ерда минглаб инсонлар, минглаб болалар, кексалар, аёлларнинг ҳаёти хавф остида. Буни яширишяпти. «Вазият назорат остида, ҳаммаси яхши, ваҳимага ўрин йўқ», дейишади. Лекин аҳвол мана шунақа. Авариядан 15 кун олдин ҳам «вазият назорат остида», дейишганди. Ёпган газлари қайта очилиб кетгач, назоратлари қандай бўлганини билдик.


«Даромадидан айрилган одамлар, тадбиркорлар ва чорвадорларнинг зарарини қачон, ким қоплаб беради?»

Кофрунлик эркак

17 сентябрь куни соат 16:40 лар атрофида маҳалламизнинг Telegramʼдаги гуруҳида конга яқин бўлган одамлардан бири газ яна очилиб кетгани ҳақида видеохабар қолдирди. Биз эҳтиётимизни қилишимиз кераклиги ҳақида ёза бошладик. Маҳалла раисимиз: «Менга тепадан хабар келмади», деб ёзди. Биз эса тепадан нимадир гап келишини кутишимиз керак эмаслиги, ҳаммаёқни газ ҳиди яна қоплаганининг ўзи кетишимиз учун асос бўлиши ҳақида ёздик.

Бир неча дақиқа ўтиб раис «Ҳамма тайёргарлигини кўриб кўчаларга чиқсин, автобуслар келиб олиб кетади, коллежларга жойлашасизлар», деб ёзди. Раис айтганидек автобуслар келди, маҳаллани айланиб, аҳолини олиб чиқиб кетди…

Мени қизиқтираётган савол шуки, нега масъуллар ҳақиқий аҳвол ҳақида ҳали ҳам хабар бермаяпти? Нега Соғлиқни сақлаш вазирлиги ёки ҳокимлик аҳолининг ичида заҳарланганлар бор-йўқлиги билан қизиқмаяпти? Ёки давлатимизга фақат бойлик қизиғу, аммо аҳолининг соғлиғи ва тинчлиги қизиқ эмасмикан?

Маҳалламиздан кўпчилик заҳарланган. Улардан ҳол сўрайдиган одам, мутасадди йўқ. Маҳалла раисимизнинг ўз неча кундан бери шифохонада даволаняпти. Ободонлаштиришнинг бир неча ходими ис газидан заҳарланиб, шифохонага тушгани, кейин ҳокимнинг топшириғи билан кўчага ҳайдаб солингани ҳақида эшитдик. Кўп жойларда аҳвол шундай: одамлар даволанишга имкони йўқлигидан уйида қон босими кўтарилиб, қусиб ётибди.

Давлатимиз нега шуларни ўйламаяпти? Нега шундай вазиятда аҳоли бепул дори-дармонлар билан таъминланмаяпти? Ижтимоий тармоқлар ёки телеканаллардан бу газдан заҳарланганда уй шароитида қандай усуллар билан даволаниш мумкинлиги кўрсатилмаяпти? Ёки бизда инсон қадри шунчалик пастмикан?

Шу газ туфайли аҳолининг уй ҳайвонлари ва паррандалари ўлиб кетяпти. Нонимиз ҳам, пулимиз ҳам шулар эди, шулар ҳисобига кун кечирардик. Даромадидан айрилган одамлар, тадбиркорлар ва чорвадорларнинг зарарини ким қоплаб беради? Ижарада яшаётган одамларнинг ижара ҳақини-чи?

Хавфсиз жой деб, аҳоли кўчирилган маҳаллаларни ҳам вақти-вақти билан газ ҳиди қоплаб оляпти. Бундай ҳолатларда эвакуация аслида ФВВ ходимлари томонидан тиббиёт ходимлари назорати остида амалга оширилиши керак эмасми? Иккала эвакуацияда ҳам ФВВ ва тиббиёт ходимлари маҳаллага келмаган. Автобуслар Enter Engineering ва ҳокимлик томонидан жўнатилган. Бойсунда ФВВ ва тез тиббий ёрдам ходимлари йўқми ё уларни газланган аҳолининг аҳволи қизиқтирмасмикан?


«Лола узган чўпонга 2 млн сўм жарима солишни билган Экология вазирлигимиз нимагадир ҳозир жим»

Бойсун шаҳрида истиқомат қилувчи эркак

20 сентябрь куни вазият янаям жиддийлашди. Аввалги кунлардагидан ҳам кучлироқ қандайдир ҳид тарқалди. Тунда Работ қишлоғидаги аҳолининг аксари газдан заҳарланган. Уларни тез тиббий ёрдамга олиб келтириш учун автобуслар, тез ёрдам машиналари жалб қилинган.

Иш юзасидан ўша коннинг ёнидан ўтиб қайтаман. Эвакуация қилингани айтилганига қарамай, қишлоқнинг аксар аҳолиси ўз уйида яшаяпти. Пули бор, яшаш учун жой топа олганларигина бошқа ёққа чиқиб кетган. Раҳбариятнинг эса кўзи кўр, қолоғи кар, «жиннини ёқиб олган».

Газни ёпишолмаслиги аниқ. Нима йўлини қилиб бўлса ҳам, заводни ишга тушириб, ўша газни заводга қайта ишлаш учун йўналтириш керак — энг тўғри ечим шу. Битта тоғ лоласини қизиқиб узган чўпонга 2 млн сўмга яқин жарима солган Экология вазирлигимиз шунча одам, табиат қийналиб турганда нимагадир жим ўтирибди.

22 сентябрь ҳолатига кўра, газ ҳали ҳам кучли чиқяпти. Яқин ўртадаги қишлоқларга мол сўйиб, бир марталик ёрдам сифатида гўшт ва гуруч тарқатишгани ҳақида эшитдим, аммо бу ёрдам ким томонидан берилгани номаълум.

Одамлар газнинг зарарли таъсиридан ҳимоясиз қолишда давом этяпти. 23 сентябрь куни вазият янада жиддийлашди — газ қудуқнинг бошқа жойларидан ҳам қайнаб чиқа бошлади.


«Бу газнинг заҳарига чидаб бўлмайди»

Бойсун шаҳрида яшовчи онахон

17 сентябрь кечга яқин хўжайинимни шифохонага олиб борган эдим, осма укол олаётган эдилар. 1 сентябрда газ очилганидан бери бошим, ошқозоним, ичим оғрияпти, деб юрарди. Ўтиб кетар, деб ўзларига олмай, қатиқ, суюқ нарсалар ичиб юрдилар. Охири ётқизиб қўйди. Аҳволлари оғир эди. Ҳамшира кириб: «Яна газ очилибди, ёмон бўлибди», деб қолди. Юрагим шув этиб, кайфиятим тушиб кетди. Хўжайиним ҳам қусиб, мазалари бўлмай, шундай ёмон аҳволда османи олдилар.

Шифохонадан чиқаётганимизда кўплаб «тез ёрдам» машиналари келиб-кетаётганди. Таксига ўтириб уйга қайтаётсак, аҳоли кўчада ғала-ғовур ва ваҳимада юрганини кўрдик. Уйга кирдик. Ярим соатлар ўтиб, шунчалик ҳид келдики, энди чидаб бўлмайди-да, даҳшат. Эшикларини ёпсак ҳам ичкарини газ босиб кетди. Жуда саросимага тушиб қолдик.

Хўжайиним: «Шифохонага ётмайман, уйга бораман, бу ерда қон босимим кўтарилади», деб уйга келгандилар. Невараларимни уёқдан буёққа яшираман. Художон, шугиналарнинг умри узоқ бўлсин, эсон-омон юрсин, биз-ку кўрадиганларимизни кўрдик, деб дуо қиламан…

Бойсун шаҳрининг ўзида бўлиб, томоғимиз қичийди, кўздан ёш оқади, тинмай акса урамиз. Кон атрофидагилар қандай чидаяпти экан, билмайман. Худойим, шу инсонларга сабр, соғлик берсин. Газни ёпиш учун ишлаётганларга ҳам куч-сабр, мадад берсин.

Қўшнимнинг иккита келини ҳомиладор. Бечора, шундай қийин аҳволда. Катта келинининг бир неча ҳомиласи бўлмаган эди. «Ичкарига олиб кираман, яшираман, ҳаво тоза бўлса, яна олиб чиқаман, аҳвол жуда оғир», дейди бечора қайнонаси. Иккинчи келини кечалари қусиб чиқаркан.

Бу газнинг заҳарига чидаб бўлмайди. Шу кунгача ҳиди тўхтагани йўқ. Ҳозиргача томоғим ачишяпти. Менинг аҳволим-ку шундай, гўдаклар айтолмайди, улар қандай чидайди? Ҳомиладорлар қандай фарзанд дунёга келтиради? Бу газ ўпка, жигарни тамом қиларкан, дейишяпти. Ёпиб ташлашнинг иложи йўқми? Барака топгурлар, шу газ конини таг-туги билан ёпиб ташласин! Бечора халқни, оддий халқнинг айби нима?

18 сентябрь куни туш пайти боғча опалар телефон қилиб «Болаларингизни олиб кетинглар, ухлашса, газлаб қолишади» деб айтишди. Мактабда иккинчи сменага борадиган ўқувчиларни ҳам хонага киргизмай, қайтариб юборибди — бечора ўқитувчилар ҳам хоналар газнинг ҳидига тўлиб кетганига қўрққан-да. Кейинги кундан дарслар яна давом этаверди. Ўқувчилар хоналар газнинг ҳидидан димиқиб кетгани айтса, боғча болалари ёстиқларидан ёмон ҳид келишини айтиб шикоят қиляпти.

Биринчи авариядан кейин фақат олтингугуртнинг ҳиди келарди, ҳозир эса — газ плитангиз очилиб қолса, қанақа ҳид келади — олтингугурт ҳиди шунақа ҳид билан қўшилиб келяпти. 22 сентябрда газ ҳиди келишда давом этяпти — пешиндан бошлаб шу даражада кучли келадики, бунга чидаш имконсиз, нафас ҳам ололмай қоляпмиз.

аҳоли мурожаатлари, бойсун, бойсундаги кон, газ кони, газ конида портлаш, кофрун, м-25, олтингугурт гази

«Enter Engineering халққа компенсация тўлаши керак»

Кофрунлик эркак

Кофрунда, кондан 500−600 метр узоқликда яшайман, шунинг учун газ яна очилиб кетганини ҳам яққол билдик. Гаплашиб тургандик, гурс этган овоз ва чанг-тўзон кўтарилди, кейин газ чиқа бошлади.

«Ёпилди» деган хабарни эшитиб, ота қишлоғимизга қайтамиз, деб жуда қувонгандик. Лекин хурсандчилигимиз кўп ўтмай қайғуга айланди ва яна ота қишлоғимизни ташлаб чиқишга мажбур бўлдик. 15 кун сарсон бўлганимиз етмаганидек, бу ғавғо яна давом этадиган ҳам бўлди.

Аввалги ҳолат ҳам ёмон эди, лекин бу сафар ҳид жуда кучли, шахсан менинг соғлиғимга ҳам жиддий шикаст етказяпти. Ҳозир Бойсун тумани марказида яшаётган бўлсак, ҳид шу ергача келяпти.

Газ кони сабаб икки қишлоқдошимиздан айрилдик. Болалари етим, ота-онаси бўзлаб қолди. Бири оғайним эди, яна бири қўшнимнинг ўғли. Қўшнимнинг турмуш ўртоғи ҳам ўтиб қолганди, энди ўғлидан ҳам айрилди.

Мактаб, боғчалар ёпилган. Олдинги талафотда маҳалла раиси соғлиғида жуда катта ўзгариш бўлганди, ҳозир касалхонада. Шунга қарамай, одамларнинг ҳолидан телефонда бўлса ҳам хабар олиб турибди.

Ҳозир газ конини ёпиш ва халққа ҳеч қандай талафот етказилмаслиги, олдингидек тинч яшашга қўйиб беришларини сўраб қоламан. Қўшимча сифатида айтишим керакки, Enter Engineering компанияси халққа етказган моддий ва маънавий зарари учун компенсация тўлаши керак.


«Оғайним: „Биз ўляпмиз, олиб кетадиган ҳеч кимимиз йўқ“, деб телефон қилди»

Мусофир эркак

Мен уч ойдан бери Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудида мусофирчиликдаман. Оилам, кекса ота-онам Кофрун қишлоғида. 1 сентябрдан буён ҳаловат йўқ.

Газ чиққан тунда оилам шаҳардаги бир қариндошимнинг анча йиллардан бери ҳеч ким яшамайдиган эски хонадонига борган. У ерда яшаш учун умуман шароит йўқ экан, ўша тунда ухлашмаган ҳам. Эртаси куни тонгда отам газ қоплаган қишлоғимизга қайтиб бориб, кўрпа-тўшак, озиқ-овқатлар олиб келган. Бориб келгунича газ таъсир қилиб қолиб, анча муддат кўнгли айниб, боши оғриган.

Уч хонали уйга яна бошқа, борарга жойи йўқ қариндошларимиз — олти оилани чақириб, ҳозиргача ўша ерда яшаб келишяпти. Тахминан 15−20 нафар киши. Отамнинг маошдан бошқа даромади бўлмагани учун 15 кун ичида анчагина қийналиб қолишди. Укам, сингилларим мактабга чиқа олмаганига: «Энди умуман ўқимаймизми, уйимизга қайтиб бора олмаймизми?», дея хархаша қила бошлаган. Амакимнинг қизи ҳозир газланиб, касалхонада ётган экан.

Ўша тунда ҳамма ўз жонини сақлаш учун имкон қадар маҳалладан чиқиб кетишга ҳаракат қилган. Оғайнимнинг айтишича, улар тонгги соат 3−4 гача қолиб кетган. «Отам Россияда экани бизнинг чиқиб кетишимизга халал берди. Бирор транспорт топа олмадик. 70 дан ошган момом, онам, мен, иккита кичкина синглим ва боғчага борадиган укам билан қолиб кетдик», деди у.

Ўша куни у: «Биз ўляпмиз, бизни олиб кетадиган ҳеч кимимиз йўқ», деб йиғлаб телефон қилди. Соат тунги 2:30 атрофи эди, мен бошқа маҳалладаги ўртоқларимга телефон қилиб, улар ҳақида айтдим. Машиналари билан келиб, ўша оилани олиб кетишди. Бугунги кунда улар ҳам менинг оилам каби сарсон-саргардонликда юрибди.


«Бошқа шаҳарга ўтаётганда автоҳалокатга учрадим»

Газ конига яқин қишлоқлардан бирида яшовчи эркак

Ота-онам, яқинларим Бойсунда. Аёлим ва икки яшар қизимни заҳарланишмасин, деб бошқа шаҳарга кўчириб юбордим. Ўзим ишлаш учун бошқа шаҳарга келдим. Йўлда автоҳалокатга учраб, бир ўлимдан қолдим. Хотиним 8 ойлик ҳомиладор. Телефон қилиб, йиғлайди, туғиб қўяман, келинг, дейди, мен эса сабр қил, ҳаммаси яхши бўлади, дейман. Бошим қотган, нима қилишга ҳам ҳайронман…


«Қишлоқ аҳолиси шу лойиҳа бошлангандан бери газдан азият чекиб келади. Аввал ҳам қудуқлардан газ сизиб чиқиб, ҳиди келарди»

Кофрунлик эркак

Оддий халқ, Кофрун халқи газдан азият чекяпти. Вазирлар иштирокида бўлган брифингда водород сулфид концентрацияси 7 дан ошмагани айтилиб. Вилоят ҳокими ўринбосари Алишер Амиров халқни кўчириш керак бўлганда кўчиришга тайёрмиз деди, аммо қишлоқ аҳолиси шу лойиҳа бошлангандан бери газдан азият чекиб келади. Аввал ҳам қудуқлардан газ сизиб чиқиб, қишлоққа ҳиди келиб юрарди. Халқ шундай яшашга мажбурми? Ёки миқдордан ошиб кетганда эвакуация қилинаркан-да, қолган пайт заҳарланиб юраверадими?

Эвакуация қилинган жойларда жой етишмовчилиги муаммоси бор. Бу борада нега аниқ маълумот беришмаяпти? Уй ҳайвонларини қаровсиз қолдириб бўлмайди, емишидан хабар олиш керак. Аҳоли уларга қараш учун бориб-келганда ҳам маълум миқдорда газланяпти. Нега бу бўйича кўрсатмалар берилмайди?

Аҳолига компенсация пули берилиши борасида ҳам гапирилди. Лекин аниқ маълумотлар айтилмади. Ёки аҳоли орасида газдан заҳарланишлар, ўлимлар сони кўпайганидан кейин ҳаракат бошлашадими?


«Ҳар бир кун давомида олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумот бериб борилиши керак»

Бойсун шаҳрида яшовчи эркак

Газ конидан 25−30 километр узоқликда тураман. 23:00 да кўчада ошналарим билан юрганимда, газ кони қайта очилиб кетганини эшитдик. Кон атрофидаги қишлоқлар эвакуация қилиниши кераклиги, лекин аксар одамлар кўчада қолиб кетганини билиб, хавотирга тушдим. Ўзи яқинда кон ёпилганини эшитиб хурсанд бўлгандим. Чунки жуда кўп танишларим 15 кунлаб кўчада қолганди.

Бошқа ҳудудларда қариндоши борлар қариндошлариникига, йўқлар эса туман мактаблари, коллежларга жойлаштирилибди. Уйида қолганлар ҳам, кўчада қолиб кетганлар ҳам, тоққа чиқиб кетганлар ҳам бор.

Газ аёллар, кексалар ва болаларга зарар етказишда давом этяпти. Болаларни иложи борича уйда олиб ўтирибмиз ва кўпроқ суюқлик, табиий шарбатлар беришга ҳаракат қиляпмиз.

Аҳолига ҳеч қанақа ёрдам кўрсатилмаяпти, вазият юзасидан ҳеч қанақа маълумот очиқланмаяпти. Ҳар кун қилинаётган ишлар ҳақида маълумот бериб борилишини сўраймиз. Бунақа пайтда юқоридаги раҳбарлар қочиб юрмай, одамларга ҳисобот бериши керак.


«Қишда яна шу ҳолат такрорланса, одамлар қаерга боради?»

«Кўлқамиш» маҳалласида истиқомат қилувчи йигит

Авария бўлган газ конидан 1,5 км узоқликдаги «Кўлқамиш» маҳалласида яшайман. Газ кони ёпилганини айтишганда ҳеч нарсани ҳис қилмадик. У босимнинг кучлилиги ва осонлик билан ёпилмаслигини билардик. Энди газ хавфидан ҳоли бўлдик, деб хотиржам ҳам, хурсанд ҳам бўлганимиз йўқ.

Маҳалламда аҳвол жуда оғир. 20 кундан ошибдики, биров аҳолининг ҳолида хабар олгани йўқ. Нафақат «Кўлқамиш», балки бутун Бойсун аҳолиси бу газдан жабр чекишда давом этяпти.

Газнинг таъсири соғлом одамга шунчалик билинаётган экан, бемор, ёши катта, ҳомиладорлар, болаларга таъсири ундан ҳам юқори бўлиши аниқ. Оғир аҳволга тушганлар, беморлар, ундан азият чекиб вафот этганларнинг гувоҳи бўляпмиз. Қишлоғимиздан иккита вафот этган акамизга ҳам Аллоҳ ўзининг жаннатларидан жой берсин. Бола-чақам, рўзғорим, халқим деб жонини фидо қилди улар.

Лекин бу нарсанинг олдини олиш, ўлимлар сони кўпаймаслиги учун ҳеч қанақа ҳаракат бўлмаяпти. Бу нимадан далолат беради? Аҳоли, «Кўлқамиш» маҳалласи, Кофрун шаҳарчаси ҳеч кимга керак эмасми?

Янги авария ҳақида кечқурун соат 11−12 ларда хабар келган бўлса, маҳаллий ҳокимлик, маҳалла раислари томонидан кўчиш учун автобус қўйиб берилди. Автобусга сиққанлар автобусда, машинаси борлар машинаси билан коллежга эвакуация қилинди, баъзилар қариндош-уруғиникига кетди. Шунисига ҳам раҳмат.

Лекин қачонгача бунақа юрамиз? Қиш яқинлашяпти, ёғингарчилик, қор, совуқ тушяпти. Газ ёпилди ҳам дейлик — келаётган қишда, совуқ кунларда яна шу ҳолат такрорланса, одамлар қаерга қараб қочади? Буни кимдир ўйлаяптими? Тепадаги одамлар умуман аҳолини эшитаётгани йўқ. Ўзларича брифинг ўтказди, лекин аҳоли тинглангани йўқ. Брифингда иштирок этиш учун борган маҳаллий аҳоли вазирлар олдига киритилмади.

«Кўлқамиш» маҳалласининг ўзида мактабга, боғчага борадиган қанчадан-қанча бола бор. Уларнинг тақдири нима бўлади? Ҳеч бўлмаса, эвакуация қилинган жойда кўчма мактаб ташкил қилиш мумкин-ку. Одамларни олиб бориб, коллежга тиқди — бўлдими, шу билан масъулият ва мажбуриятлар тугадими?


«Кофрунликлар карнай-сурнай қилиб уйига қайтганди»

Бойсун шаҳрида яшовчи қиз

Газ кони қайта очилиб кетганини 17 сентябрь куни соат 19:00 лар атрофида билдик. Уйимиз катта йўлга яқинроқ. Тинмай тез ёрдам машиналари ўта бошлади. Соат 20:00 ларда кучли ҳид келди. Эшик-деразаларни ёпиб, ичкари кирдик.

Газ ёпилганда ўзимни анча енгил ҳис қилгандим. «Чет давлатлардан мутахассислар келди, бўлди энди, ёпилди», дейишганга нафақат мен, балки бутун Бойсун хурсанд бўлди. Газга яқин турадиган Кофрундагилар тўй қилиб, карнай-сурнайлар билан уйига қайтганди. Хурсандчилик бир кунгина экан…

Лекин шу бир кунда ҳам ҳаво тоза бўлди, дея олмайман, ҳавода барибир газ, чанг бор эди. Бир кундан кейин қаттиқ портлагач, мен узоқда бўлсам ҳам, ўзимнинг ҳам, ота-онамнинг ҳам томоқларида тинимсиз ачишиш кузатиляпти.

Холамнинг невараларини касалхонага олиб бориб кўрсатсак, газланиш ҳолати кузатилган экан. Балки биз катта бўлганимиз учун ўзимизга олмай юргандирмиз, лекин газ болаларни зарарлашда давом этяпти. Ҳиди жуда ёмон. Ҳамма ниқоб таққан, дорихоналарда одамлар тиббий ниқобга навбатда турибди. Лекин у ҳам ҳимоя қилолмаяпти.

Айтишларича, газ ҳиди Термизгача ҳам етиб бораётган экан. Маҳалладошлар, танишлар касалхоналарда аллақачон жойлар тўлган, кўп киши кислородда ётганини айтишяпти. Аҳвол чатоқ, буёғи нима бўлади, билмаймиз.

Эвакуация ҳақида эшитмадим. Чунки Кофрунга одамлар ҳали тўлиқ кўчиб бориб улгурмасидан конда яна портлаш бўлди. Аҳоли жуда қийналган, кўча-кўйда қолиб кетганлар ҳам бор. Оиламизда ҳамма ўқийди, ишлайди. Ҳар куни кўчага чиқишга тўғри келади, ҳид эса эшикларни ёпса ҳам келяпти. Имкони бўлса, аҳолининг кўчага чиқмаслиги шароитларини қилиш керак.