Ўзбекистонда йил якунигача 16 қаватдан юқори бинолар қуриш бўйича Тошкент архитектура-қурилиш университети қошида алоҳида Конструкторлик бюроси ташкил қилинади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигидаги видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Йиғилишда Шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг 38 таси рўйхатдан ўтмаган, яна 13 таси янгиланмагани таъкидланди.

«Шу боис қурувчилар замонавий объект қуришда лойиҳага махсус техник шарт олиш учун қўшимча вақт ва маблағ сарфламоқда, бу эса таннархга салбий таъсир кўрсатмоқда», — дейилади хабарда.

Қурилишдаги ўзгаришлардан орқада қолиб кетмаслик учун ШНҚларни мунтазам янгилаб бориш кераклиги таъкидланди.

Шу муносабат билан Қурилиш ва Адлия вазирликларига бир ойда 38 та ШНҚни рўйхатдан ўтказиб, амалиётга жорий қилиш, 1 мартга қадар 16 қаватдан юқори бинолар, савдо комплекси ва паркинглар бўйича миллий нормаларни ҳамда яна 13 та ШНҚни ишлаб чиқиш топширилди.