Ўзбекистон Будапештда бўлиб ўтган шахмат Олимпиадасида 189 та давлат орасида учинчи ўринни эгаллади. Президент шу муносабат билан шахматчиларга табрик йўллади.

Эслатиб ўтамиз, мусобақада, шунингдек, Шамсиддин Воҳидов олтин, Нодирбек Абдусатторов кумуш медаль билан тақдирланди. Аёллар жамоаси 12-ўринни эгаллади, Нодира Нодиржонова эса ўз доскасида иккинчи энг яхши натижани қайд этди.

Шавкат Мирзиёев спортчиларни ушбу натижа билан табриклаб, улар «ўзбек шахмати тарихида яна бир ёрқин саҳифа очгани»ни таъкидлади.

«Ғоят кескин ва муросасиз мусобақаларда сизлар юксак ақл-заковат, мустаҳкам ирода ва матонат фазилатларини намоён этиб, Хитой, Сербия, Арманистон, Германия, Озарбайжон, Словения, Испания каби манаман деган давлатларнинг жамоаларини ортда қолдирганингиз улкан таҳсин ва тасанноларга сазовордир», — деб ёзди у.

«Албатта, Ўзбекистон шахмат усталари қўлга киритган улкан ютуқ Янги Ўзбекистонда ёшларга қаратилаётган юксак эътибор, спорт ва унинг энг интеллектуал тури бўлган шахматни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган улкан ислоҳотларимизнинг амалий натижаси, десак, тўғри бўлади», — таъкидлади президент.

Унинг таъкидлашича, бундай муваффақиятлар халқни эзгу мақсадлар йўлида бирлаштиради, минглаб ёшлар учун илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади.

Давлат раҳбари спортчиларга, уларнинг мураббийлари, ота-онасига миннаторлик билдирди. 2026 йилда Ўзбекистон мезбонлик қиладиган навбатдаги жаҳон шахмат олимпиадасида юқори натижаларга эришишни тилади.