Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёси муҳофаза минтақасидан техника воситалари ёрдамида қум-шағал қазиб олинаётганлиги аниқланди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар қилди.

Ҳолат сабаб Вазирлар Маҳкамасининг «Норуда материалларни ноқонуний қазиб олишда табиий объектларга етказилган зарарни ҳисоблаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги 2022 йил 20 январдаги 666-сонли қарорига асосан табиатга 183 миллиард сўмдан ортиқ зарар етказилгани маълум бўлди.

Махсус техника воситалари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддаси тегишли бандига асосан вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилди. Ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чора кўриш учун ҳужжатлар Тошкент табиатни муҳофаза қилиш прокуратурасига юборилди.

Эслатиб ўтамиз, 1 май куни президент фармони билан Чирчиқ, Сангзор, Зарафшон, Норин, Қашқадарё ва Сурхондарё дарёлари ўзанларида норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий этилганди.