Пойтахтдаги «Илҳом» театрида 1968−1988 йилларда бўлиб ўтган Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатларининг Тошкент халқаро кинофестивалига бағишланган Destination: Tashkent архив кўргазмаси очилди.

Кўргазма иштирокчи давлатлар ўртасида кино соҳасидаги ҳамкорлик ва мулоқотни ривожлантиришга хизмат қилган тадбирнинг тарихий аҳамияти ҳақида ҳикоя қилади.

destination tashkent, кўргазма

Биринчи фестивал 1968 йил 21 октябрдан 31 октябргача Тошкентда бўлиб ўтган ва унда 49 давлатдан 240 дан ортиқ кино делегатлари қатнашган. Кейинги йигирма йил ичида у нафақат маданий алмашинув учун имкониятлар яратди, балки мунозара ва бирдамлик майдони бўлиб ҳам хизмат қилди.

Америкалик ҳуқуқ ҳимоячиси ва фуқаролик ҳуқуқлари фаоли Анжела Дэвис, ҳинд актёри Раж Капур каби ўша даврнинг таниқли шахслари фестиваль доирасида учрашди. Пойтахт меҳмонлари Тошкент кинофестивалини белгилаб берган халқаро бирдамлик ғоясини ўзида мужассам этди.

destination tashkent, кўргазма

Архив кўргазмаси фестиваль саҳналари ва Сенегал, Камбоджа, Ҳиндистон, Никарагуа, Япония ва Мўғулистон каби мамлакатлардан келган иштирокчиларнинг фотосуратларига асосланган. Суратлар, шунингдек, тадбирнинг ёрқин лаҳзаларини акс эттиради: очилиш маросимлари, фильмлар намойиши ва мукофотлар тақдимоти.

Архив ҳужжатли фильми, таклифномалар, дастурий буклетлар ва иштирокчиларнинг шахсий буюмлари фестивалдаги халқаро учрашувлар муҳитини акс эттирувчи кўргазмани тўлдириб туради.

destination tashkent, кўргазма

Кўргазма Ўзбекистон Гёте институти ва Миллий архив билан ҳамкорликда ҳужжатшунос Элёр Неъматов ва Дона Қулматова кураторлигида Davra жамоаси иштирокида тайёрланди. У 26−29 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган Destination: Tashkent кино ва дискурс фестивали доирасида ташкил этилди.

Кўргазма 14 октябрга қадар давом этади. Кириш бепул.