Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Исроил томони «Ҳизбуллоҳ» билан алоқадорлигини даъво қилаётган Ливандаги юзлаб нишонларга ҳаво ҳужумлари амалга оширди. Ҳужумлар 23 сентябрь куни эрталаб бошланди.

«Исроил мудофаа кучлари (ЦАХАЛ) Ливан жанубида ва Ливан ҳудудидаги Бекаа минтақасида «Ҳизбуллоҳ»нинг 800 га яқин террор нишонларига аниқ разведка маълумотлари асосида зарбалар берди. Урилган нишонлар орасида «Ҳизбуллоҳ» ракеталар, снарядлар, ракета ишга туширгичлар ва учувчисиз учиш аппаратларини яширган бинолар ҳам бор», — дейилади ЦАХАЛ хабарида.

ЦАХАЛнинг айтишича, зарбалардан мақсад «Исроил фуқароларига таҳдидларни бартараф этиш ва «Ҳизбуллоҳ»нинг террорчилик инфратузилмаси ва имкониятларини бузиш» ҳисобланади.

Ҳужумлар натижасида, Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, камида 274 киши ҳалок бўлган, яна 1024 киши яраланган. Бу Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўртасида 2006 йилдаги можаро тугаганидан кейинги энг кўп қурбонлар сони, дея аниқлик киритди CNN.

Қурбонларнинг қанчаси тинч аҳоли, қанчаси «Ҳизбуллоҳ» жангарилари экани номаълум, деб ёзди телеканал, бироқ Исроил «Ҳизбуллоҳ» нишонга олинган жойларнинг аксарияти турар-жой маҳаллалари ва қишлоқлар эканини таъкидламоқда.

Ливан давлат телекоммуникация компанияси Ogero’нинг маълум қилишича, Исроил хизматлари маҳаллий аҳолини эвакуация қилишга чақирувчи 80 мингдан ортиқ қўнғироқни амалга оширган.

Ливан ҳукумати бутун мамлакат бўйлаб мактаб ва университетларда дарсларни тўхтатиб туришни буюрди.

Ливан бош вазири Нажиб Микати БМТ ва «нуфузли давлатлар»ни Исроилга унинг мамлакатига қарши «тажовуз»ини тўхтатиш учун босим ўтказишга чақирди.

Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу, ўз навбатида, Тель-Авив шимолий жабҳада «кучлар мувозанатини» ўзгартираётганини айтди.

«Тушунмаганлар учун мен Исроил сиёсатига ойдинлик киритмоқчиман: биз таҳдидни кутмаймиз, биз унинг олдидан чиқамиз», — деди Нетаньяҳу ва ЦАХАЛ «Исроил шаҳарлари ва фуқароларига қаратилган минглаб ракета ва снарядларни демонтаж қилаётганини» қўшимча қилди.

  • Ўтган ҳафтада ҳам Исроил Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» марраларига катта зарба берганди. Ўшанда, ЦАХАЛ маълумотларига кўра, гуруҳнинг 100 дан ортиқ ракета учириш мосламалари йўқ қилинган. Ҳужум «Ҳизбуллоҳ» аъзолари томонидан фойдаланиладиган пейжерлар ва рациялардаги бир қатор портлашлар ортидан содир бўлди.