Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигига фаолияти тугатилди. Бу ҳақда 23 сентябрь куни Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг хабар беришича, мажлисда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги фаолияти мутлақо бошқача бўлиши кўрсатиб ўтилди. Хусусан, ҳозирги вазир Беҳзод Мусаев ишдан олиниб, унинг ўрнини Ботир Зоҳидов эгаллади.

Маҳаллабай агентлиги тугатилиб, унинг барча вазифалари ҳамда ҳоким ёрдамчилари Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига ўтади.

2021 йилнинг декабрь ойи бошида Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги негизида Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳамда туман (шаҳар)ларда Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш марказлари ташкил этилганди.

Ўша пайтда Фарғона шаҳри ҳокими Мирзохид Убайдуллаев иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг ўринбосари — Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги директори лавозимига тайинланганди.