Шавкат Мирзиёев 23 сентябрь кунги йиғилишда туман ва шаҳарларнинг мастер режаларини ишлаб чиқишни тезлаштиришни буюрди, деб хабар берди президент матбуот котиби.

Ўтган йили ҳокимларга хусусий секторни жалб қилиб, «мастер режа» ишлаб чиқишга рухсат берилди. Бундан мақсад кичик ҳудудларни белгилаб, уй-жой қуриш, туризм, савдо ва сервисни ривожлантирса бўладиган жойларга тадбиркорларни жалб қилиш эди, деди президент.

Бу борада Бухоро, Навоий вилоятларидаги 85 та ҳудуднинг мастер режасини ишлаб чиқиш бошланган. Лекин қолган вилоятлар ҳали масалани ичига кирмагани танқид қилинди.

Шу боис вилоят ҳокимларига йил якунигача камида 10 тадан ҳудудининг мастер режасини ишлаб чиқиш топширилди.

Бундан ташқари, 106 та туман-шаҳарда 136 та мастер режа қилиш бўйича топшириқ берилган. Давлат раҳбари ҳозиргача шундан 21 таси ишлаб чиқилгани, Андижон ва Хоразмда эса бирорта мастер режа тайёрмаслигини кўрсатиб ўтди.

У қолоқликларни тезкор бартараф этиш бўйича вилоят ҳокимликларига вазифа қўйди.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил июль ойида ҳудудларнинг бош ва мастер-режаларини уч босқичда ишлаб чиқиш бўйича Республика кенгашини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинган эди. Кенгаш биринчи босқичда муайян вилоятнинг 5, 10 ва 20 йиллик ривожланиш йўналишлари, ер ва инфратузилма чегараларини белгилайдиган бош схемасини тасдиқлаши лозим.

Улар асосида, иккинчи босқичда, ҳудуднинг бош режаси ишлаб чиқилади. Бунда саноат, хизмат кўрсатиш ва аҳоли масканларини белгилаш, йўллар ва инфратузилма тармоқларини тақсимлаш кўзда тутилади. Учинчи босқичда, бош режаларга асосан, вилоят, туман ва шаҳар бош архитекторлари ҳамда ҳокимнинг биринчи ўринбосарлари ўз ҳудудининг мастер режаларини тасдиқлайди. Бунда уй-жойлар, мактаб, боғча, шифохона, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларининг жойлашуви кўрсатилади.

Президент жорий йил январида туманларнинг мастер режалари йўқлигини танқид қилиб, «бу — коррупцияга асос»лигини айтганди. У бош вазир ўринбосарига йил охиригача 70 та, 2025 йилда эса Ўзбекистоннинг барча туманлари бўйича мастер режалар ишлаб чиқиш топшириғини берган.