Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳридаги ихтисослашган мактабда ўқувчилар сувдан заҳарлангани ҳақидаги хабар юзасидан болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонованинг матбуот хизмати маълумот берди.

Қайд этилишича, ўқувчилар мактаб ҳудудидаги фильтрланмаган сувдан ичган ва соғлиғидан шикоят қилган. 15 сентябрдан 19 сентябрга қадар 12 нафар ўқувчи ўткир ичак касаллигига гумон қилиниб, юқумли касалликлар бўлимига борган.

Ҳолат болалар омбудсмани томонидан ўрганилмоқда. Мактаб ўқувчиларининг соғлиғи ижобий бўлиб, уларнинг 7 нафарига уйида даволанишга жавоб берилган, дейилади хабарда.

Воқеа юзасидан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан текшириш ишлари олиб борилиб, сувдан, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа воситалардан кимёвий таҳлил учун намуналар олинган.

Ўз навбатида, «Ўзсувтаъминот» Тошкент вилоятида ўқувчилар сувдан заҳарланганини рад этди.

Мазкур вазият юзасидан Олмалиқ туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.