Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида Gentra ҳайдовчиси катта тезликда пиёдалар ўтиш жойида 19 ёшли қизни уриб юборди. Жабрланувчи олган тан жароҳатлари туфайли воқеа жойида вафот этди, деб ёзмоқда Kun.uz.

ЙТҲ 18 сентябрь куни соат 11:30 да Самарқанд дарвоза ва Абу Али ибн Сино кўчалари чорраҳасида содир бўлган. 28 ёшли ҳайдовчи светофорда пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган қизни уриб юборган.

Бахтсиз ҳодиса рўй берган жой.Бахтсиз ҳодиса рўй берган жой.

Воқеа гувоҳларининг сўзларига кўра, воқеа содир бўлганидан кейин қиз бир муддат тирик бўлган, ҳайдовчи уни касалхонага олиб боришдан бош тортган. Тез ёрдам келгунига қадар у вафот этган.

«Одам уриб кетди дейишди. Жон ҳолатда пастга тушдим. Келиб қарасам, қиз оғир аҳволда ётган экан. Ҳайдовчига кўтар, ёрдам бер, дедим. У бўлса, қўлида электрон сигарет кўтариб олган, „машинамга ўлик ортмайман“, деб жавоб берди. Бироз ўтиб қиз жон берди. Ҳайдовчи жуда катта тезликда келган. Мен иккинчи қаватдан тушиб, то буёққа келгунимча қиз тирик эди. Кейин 5 минутдан сўнг жон берди. Тез ёрдам машинаси кейин келди», — деди воқеа гувоҳларидан бири.

«Нимадир айланиб учиб тушди, пастга тушиб келиб қарасам, қиз экан. Машина Оқтепа тарафдан катта тезликда келган. Ҳайдовчи 70−80 км тезликда юрдим деди, лекин мен ишонмадим. Чунки 70−80 км тезликда юрса, бунча қаттиқ зарб билан урмасди. Машина жуда тез бўлган ва зарба оқибатида қиз 15 метрга учиб кетган. Gentra эса светофор ва электр линияси устунига бориб урилган», — деди воқеа гувоҳларидан яна бири.

«Ҳайдовчи қизни уриб юборгандан сўнг машинасидан тушди-да, „ўликни машинамга ортмайман“, деди. Ҳайдовчида афсусланиш ҳам йўқ эди. Агар у зудлик билан ёрдам берганда, балки қиз тирик қолармиди», — деди гувоҳ.

йтҳ, тошкент

Марҳумнинг отаси Акмал Сулаймонов ҳуқуқ-тартибот идораларидан айбдорни қонун доирасида жазолашни сўради.

«Фариштадай қизимнинг бошини еди. Инсоф, виждони йўқ экан. Ота-онаси таъзияга келиб, бир оғиз кўнгил сўрамади. Йигит озодликда юрганмиш… Ўша ердаги битта, иккитаси айтди, у „машинам труповозка эмас“ деб айтган эмиш. Ғалати гапирган-да, унинг нима ҳаққи бор? Эртага ўзининг ўлиги кўчада хор бўлсин… Қизим 19 ёшда эди, август охирида туғилган кунини ўтказган эдик… [Оламдан] ўтганини ҳали ҳам англаганим йўқ. Укаси гапира олмаяпти. Синглиси икки-уч кундан бери овқатлангани йўқ, мажбурлаб овқатлантиряпмиз. Уйда онам, яна учта фарзандим ва аёлим бор. 5 кишини тинчлантириб, ухлатгунимча бомдодга азон айтяпти… У айб қилдими, жазо олиши шарт… Яна ўтиб, [ёрдам бериш ўрнига] чекишига бало борми», — деди у.

Яна бир гувоҳнинг сўзларига кўра, қизни машина уриб юборганидан сўнг у онаси ва отасини сўраган, сўнг вафот этган.

Маълум қилинишича, марҳума Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумида таҳсил олган.

Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, одам ўлимига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилди, деди ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот котиби Қаҳрамон Худойберганов.

Марҳуманинг яқинларидан бирининг айтишича, ҳайдовчи ҳамон озодликда ва «тергов ҳаракатларининг адолатли ўтказилишига» халақит бермоқда. Унга кўра, Жиноят кодексининг 266-моддасини (муайян ҳуқуқлардан маҳрум қилиб, 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) қатъийлаштириш зарур.

«Ушбу модда бўйича суд тўрт йил берар, ана боринг, бир йилдан кейин озодликка чиқади. Балки бу моддани қайта кўриб чиқиш керакдир. Бошқа моддаларда жиноят қуроли деб, мусодара қилинади. Балки машинани мусодара қилиб, сотиб, пулини ўша оилага ёки касалхоналарга ўтказиб бериш керакдир. Балки бу масалани Олий Мажлисда кўриб чиқиш керакми», — деди у.

Пойтахт ИИББ матбуот хизматининг «Газета.uz»га хабар беришича, гумонланувчи қўлга олинган.

19 сентябрь куни Тошкент шаҳри Сергели туманида BYD кроссовери катта тезликда ҳаракатланиб кетаётганда автобусдан тушиб, йўлни кесиб ўтаётган 9 ёшли ўқувчи қизни уриб юборган. У касалхонага олиб кетилаётганда вафот этган.

20 сентябрь куни эса Бухорода ҳоким ёрдамчисининг машинаси уриб юборган ўқувчи вафот этган, мансабдор тезликни оширгани ҳақида хабарлар тарқалган.

Ўзбекистонда жорий йилнинг 5 ойи давомида йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 65 нафар мактаб ўқувчиси ҳалок бўлгани, 294 нафари жароҳатлангани ҳақида аввалроқ ёзгандик.