20 сентябрь куни Бухоро вилояти Ромитан туманида ҳоким ёрдамчиси содир этган ЙТҲда мактаб ўқувчиси ҳалок бўлди, деб ёзмоқда Kun.uz.

Туманнинг Ифтихор маҳалласида ҳоким ёрдамчиси бўлиб ишловчи Элёр Тошпўлатов Nexia-2 автомобилида шу маҳалладаги 7-мактабнинг 3-синфида ўқиган болани уриб юборган. У воқеа жойида вафот этган.

Маҳаллий Telegram каналларда «ҳайдовчи қоидаларни бузган ҳолда катта тезликда ҳаракатлангани» айтилади, дейилади хабарда.

Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Шухрат Жалоловнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳоким ёрдамчисининг хатти-ҳаракатлари кадрлар бўлими томонидан ўрганилаётгани қайд этилди.