Бухоро вилояти божхона бошқармаси ходимлари 705,5 минг қути сигаретни Ўзбекистон орқали транзит қилишга уринишнинг олдини олди, деб хабар бермоқда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, «Хўжадавлат» темир йўл чегара божхона пости орқали кириб келган ва республикадан транзит тарзида ўтаётган юк поезди контейнерларидан бирининг ҳужжатларида 16 тоннадан зиёд қора чой юклангани ёзилган бўлган.

Божхона кўриги давомида ушбу контейнерга чой эмас, аксинча бутунлай бошқа товар — 2 номдаги 705 500 қути сигаретлар ортилгани аниқланди. Маҳсулотлар қонунчилик талабига биноан қабул қилувчи давлатнинг акциз маркаси билан тамғаланмагани ҳам маълум бўлган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, тамаки маҳсулотларининг умумий қиймати 17 млрд сўмни ташкил этган. Ҳозирда вақтинча сақловга олинган. Ҳолат юзасидан эса божхона текширувлари давом эттирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон орқали тамаки маҳсулотларини транзит қилишда, ташувчилар божхона органларининг ҳисобларига акциз солиғи, ҚҚС ва божхона тўловлари миқдорида пул маблағларини депозитга қўйишлари шарт. Депозит сигареталарнинг мамлакат ташқарисига олиб чиқилганлиги тасдиқлангандан сўнг қайтарилади.