Собиқ президент ва Республикачилар партиясидан президентликка номзод Дональд Трамп 5 ноябрь куни бўлиб ўтадиган сайловда мағлуб бўлса, 2028 йилда ўз номзодини қўймайди. Бу ҳақда у Full Measure дастури эфирида айтиб ўтди, деб хабар берди BBC ва Reuters.

Бошловчи Шэрил Аткинсоннинг агар у вице-президент ва Демократик партиядан номзод Камала Ҳаррисга ютқазадиган бўлса, 2028 йилда президентликка қайтишга ҳаракат қилиши ёки йўқлиги ҳақидаги саволига Трамп шундай жавоб берди: «Йўқ, мен бундай деб ўйламайман. Менимча, шуниси етади. Умуман бунақа кўрмаяпман. Умид қиламанки, биз [бу сайловда] муваффақият қозонамиз».

АҚШ қонунчилиги президентларнинг икки муддатдан ортиқ муддатга сайланишини тақиқлайди, шунинг учун Трамп 2028 йилда ғалаба қозонган тақдирда ҳам яна ўз номзодини қўя олмайди.

Илгари Трамп камдан-кам ҳолларда сайловларда мағлубиятга учраши мумкинлигини тан оларди — ўз тарафдорлари олдидаги чиқишларида ва ижтимоий тармоқлардаги постларида у ғалабани ваъда қиларди. Аммо сўнгги тўрт кун ичида у ютқазиши мумкинлигини икки марта тан олди, дея аниқлик киритди BBC.

Ўтган ҳафта Исроил-Америка кенгаши маросимида республикачи, агар у ютқазса, яҳудий сайловчилар қисман айбдор бўлишини айтди.

Reuters агентлигининг таъкидлашича, сўровномалар ғолибни аниқлаши мумкин бўлган асосий штатларда Трамп ва Ҳарриснинг имкониятлари тенглашганини кўрсатмоқда, аммо Ҳаррис миллий сўровларда олдинга чиқа бошлаган.

  • АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден Трамп билан муваффақиятсиз дебатлар туфайли партиядошларининг босими остида сайловолди пойгасидан чиққанидан сўнг Камала Ҳаррис Демократлар партиясидан давлат раҳбари лавозимига номзод бўлди.
  • 10 сентябрь куни ABC телеканалида Трамп ва Ҳарриснинг биринчи дебати бўлиб ўтди. Улар иқтисодий сиёсат, миграция, ташқи сиёсат ва соғлиқни сақлаш масалалари ҳақида гапирди. Сўровномалар иштирокчилари ва кўплаб сиёсий таҳлилчилар Ҳаррис ғолиб бўлганини айтди. Трамп ортиқ демократ рақиби билан сайловолди дебатида қатнашмаслигини билдирди.