Украина президенти Владимир Зеленскийнинг Нью Йоркдаги БМТ Бош ассамблеяси сессиясига ташрифи доирасида Ғарб иттифоқчиларига тақдим этадиган «ғалаба режаси» тўртта асосий банддан иборат, деб ёзмоқда The Sunday Times.

Ушбу бандлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • Украина учун Ғарб томонидан «НАТОга киришда ўзаро мудофаа пактига ўхшаш» хавфсизлик кафолатлари;
  • Курск вилоятидаги Украина операциясини ҳудудий устунликда давом эттириш;
  • «махсус» замонавий қурол тўғрисида сўров;
  • вайрон бўлган Украина иқтисодиёти учун халқаро молиявий ёрдам.

Зеленский 26 сентябрь куни АҚШ президенти Жо Байден билан учрашувга қадар режанинг тўлиқ тафсилотларини ошкор қилмаслигини айтди. У, шунингдек, режани икки президентликка номзод — Дональд Трамп ва Камала Ҳаррисга тақдим этмоқчи.

Газетанинг таъкидлашича, Зеленский АҚШ президентлик сайловларида Дональд Трамп ғалаба қозонган тақдирда, Россияга ён беришга мойил бўлиши мумкин бўлган Трамп маъмуриятидан Америка қўллаб-қувватлашининг кафолатларини олишни истамоқда.

  • Украина раҳбари август ойи охирида Россия билан урушни тўхтатиш режасини эълон қилганди. «Режа тайёр. Мен бу режани биринчи бўлиб АҚШ президентига тақдим қилсам тўғри бўлади, деб ўйлайман. Ушбу режанинг муваффақияти унга боғлиқ — улар бизга ушбу режадаги нарсаларни берадими ёки йўқ, биз ушбу режада мавжуд бўлган нарсаларни ишлатишда эркин бўламизми ёки йўқ», — деган у ўшанда. Зеленский, шунингдек, мамлакат ҳудудларини хавфсизлик кафолатлари ва НАТО аъзолигига алмаштиришга тайёр эмаслигини ва Украина Россия президенти Владимир Путин билан муроса қилмаслиги кераклигини айтганди.