Хорватия қурилиш соҳасида ишловчи ўзбекистонликларни ишга таклиф этмоқда, дея хабар берди Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати.

Ишга қолипчи, арматурачи, паркет ётқизувчи, штукатуркачи, кранчи ва экскаваторчи кабилар олинади. Номзодлар 18−50 ёш оралиғида бўлиши, рус ёки инглиз тилларини билиши ҳамда соҳа бўйича камида 1 йиллик иш тажрибасига (тасдиқловчи ҳужжат билан) эга бўлиши лозим.

Бундан ташқари, ариза юборувчилардан судланмаган, хорижга чиқиш тақиқланмаган, жисмонан ва руҳан соғлом, шунингдек, зарарли одатлардан ҳоли бўлиши талаб этилади.

Иш ҳақи ойига 1000 евродан бошланади. Ётоқхона ва транспорт харажатлари иш берувчи ҳисобидан қопланади. Виза тўлови, авиачипта, агентлик тўлови эса фуқаро ҳисобидан бўлади.

Мазкур бўш иш ўринлари учун номзодлар мазкур ҳавола орқали рўйхатдан ўтишлари керак.

Қўшимча маълумотларни 71 202−33−55, 71 200−00−61 ёки 1282 қисқа рақами орқали олиш мумкин.