Ўзбекистонда раҳбарлар ва уларнинг ўринбосарларига оғир аҳволдаги камбағал оилалар бириктирилади. Бу 23 сентябрь куни имзоланган президент қарорида назарда тутилган, дея хабар берди Адлия вазирлиги.

Қарорга мувофиқ, 2024−2025 йилларда тажриба тариқасида оғир аҳволдаги оилаларни камбағалликдан чиқариш мақсадида жойлардаги ташкилотларининг 14 мингта раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарларининг ҳар бирига ҳар 6 ойда 5 тадан энг оғир аҳволдаги камбағал оилалар бириктирилади.

Шунингдек, 2025 йил 1 апрелдан:

  • Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида эксперимент тариқасида аутсорсинг асосида Камбағал оилалар реестрига киритилган боқувчисини йўқотган тўлиқ бўлмаган оилалар, меҳнатга лаёқатли аъзоси бўлмаган оилалар, икки ва ундан ортиқ ногирон аъзолари мавжуд оилалардаги ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга кундузги қатнов асосида қараб туриш хизмати кўрсатилади;
  • ижтимоий етимликнинг олдини олиш, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга индивидуал ёндашув асосида оилага яқин муҳитда ғамхўрлик кўрсатиш ҳамда тарбиялаш хизматини кўрсатиш мақсадида маҳаллаларда оила шаклидаги кичик ҳажмли болалар уйлари ташкил этилади;
  • ЯТТ сифатида рўйхатдан ўтган жисмоний шахсларга алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг кундузги парвариш хизматларини ҳамда юридик шахсларга ногиронлиги бўлган болалар, шу жумладан, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун кундузги парвариш хизматларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида кўрсатишга рухсат берилади.

Ҳужжатда, шунингдек, 2025 йил 1 январдан камбағал оилалар фарзандларини давлат боғчаларига имтиёз асосида қабул қилиш бошланиши назарда тутилган. Бундан ташқари, 2025/2026 ўқув йилидан уларнинг давлат ОТМ талабалар турар жойларидаги яшаш харажатлари Давлат бюджетидан қоплаб берилади, «Эл-юрт умиди» жамғармаси камбағал оилалар фарзандлари учун алоҳида квоталар ажратади.

Ҳужжатда мамлакатдаги 1000 та маҳаллани танлаб олиш ва уларнинг инфратузилмасини яхшилаш ҳам белгиланган. Шунингдек, 23 сентябрь куни камбағалликни қисқартириш йўналишида президент қарори ҳам қабул қилинди. Ҳужжат билан 1 декабрдан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан Камбағал оилалар реестри шакллантирилиши назарда тутилган.