Тошкент шаҳрида бокс бўйича Париж-2024 Олимпия ўйинлари чемпиони Асадхўжа Мўйдинхўжаев йўл ҳаракати қоидаларини бузиб, юқори тезликда ҳаракатланди. У буни видеога олдириб, Instagram саҳифасига жойлаштирди. Видео кейинроқ ўчириб юборилди.

Мўйдинхўжаев видеосида у шаҳар марказида 110 км/соат тезликда ҳаракатланганини кўриш мумкин. Шаҳарда тезлик чеклови эса 60 км/соатни ташкил қилади.

Спортчи ҳайдаган «Президент совғаси» ёзувли Tahoe автомобили Олимпиада чемпиони бўлгани учун совға қилинганди.

ИИББ ЙҲХБ матбуот котиби Қаҳрамон Худойбергановнинг «Дарё»га маълум қилишича, автомобиль қидирувга берилган.

«Қонун ҳамма учун баробар, ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун ҳам жавобгарлик муқаррар. Тез орада автомобиль топилиб, чора кўрилади ва бу ҳақда жамоатчиликка расмий каналларимиз орқали маълумот берамиз, — деди у.

Таниқли блогерлар чемпионнинг бу ҳаракатини қоралади. Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев рухсат этилган тезликдан (60 км/соат) 50 км/соатга оширганлик учун 3 млн сўмдан ортиқ жаримага тортилишини ёзди. «Мукофотга берилган 200 минг АҚШ долларини ҳисобга олсак, ҳали яна бунақа қоидабузарликни 823 марта такрорласа бўлар экан», — дея қайд этди у.

«Instagramдаги видео остида 130 дан ортиқ изоҳлар қолдирилган бўлса, уларнинг атиги 1−2 тасигина қоидабузарлик ҳақида эди. Қолганлар Асадхўжанинг бу ишини мақтаган… Ҳатто биттаси „Казёллар олға, 80 дан оширгани учун ГАИга ёзиб беринглар энди“ дея изоҳ қолдирган (аслида шаҳар ичида 60 да юриш керак)», — дейди блогер.

«Шу сабабли ҳар куни кўчаларимизда 10 га яқин инсонлар автоҳалокатдан вафот этаверади. Кимлардир отасидан, кимлардир онасидан, кимлардир фарзандидан айрилиб қолаверади. Минг афсус… Қоидабузарлигини интернетга мақтаниб жойлайдиганларнинг ҳайдовчилик гувоҳномасини бекор қилиш ҳақидаги қонун қачон қабул қилинади? Жарима баллари тўғрисидаги қонунни қачон охирига етишади? Ўзи умуман қачон тартибга солинади бунақа ҳолатлар? Қачон қатъий жавобгарлик белгиланган даврларга келамиз? Нега ухлаяпмиз? Пулини тўлаб, истаганини қилса бўладиган қонунлар шармандалик эмасми?», — дея таъкилаган Хушнудбек Худойбердиев.

Эслатиб ўтамиз, Асадхўжа Мўйдинхўжаев 71 килограммгача бўлган вазн тоифасида бокс бўйича Париж Олимпиадасида олтин медал олган. Бу учун унга 200 минг АҚШ доллари, Tahoe автомобили ва икки қаватли коттеж совға қилинган.