Ўзбекистонда камбағал оилаларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун қиймати 30 млн сўмгача бўлган гаровсиз ва фоизсиз қарз берилади. Бу 23 сентябрь куни имзоланган президент қарорида назарда тутилган, дея хабар берди Адлия вазирлиги.

Қарз «Халқ банки» ва «Микрокредитбанк» бириктирилган раҳбарларининг хулосаси асосида берилади. Маблағ тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун қиймати 30 млн сўмгача бўлган кичик ишлаб чиқариш ускуналари, кўчма дўконлар (food truck), мотороллер, скутер ва шу каби бошқа асосий воситаларни сотиб олишга, 5 йил муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти берилади.

Шунингдек, «Халқ банки» ва «Микрокредитбанк» бириктирилган раҳбарларининг хулосаси асосида камбағал оилаларга ноутбук сотиб олиш учун ҳам 5 йил муддатга 2 йил имтиёзли давр билан гаровсиз ва фоизсиз қарз ажратилади.

Президент қарори «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирларни ўз ичига олади. Қарорга кўра, шунингдек, 2025/2026 ўқув йилидан камбағал оилалар фарзандларининг давлат ОТМ талабалар турар жойларидаги яшаш харажатлари Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.

2025 йилдан «Эл-юрт умиди» жамғармаси томонидан камбағал оилаларнинг фарзандлари учун алоҳида квоталар ажратилади.

2024−2025 йилларда тажриба тариқасида оғир аҳволдаги оилаларни камбағалликдан чиқариш мақсадида жойлардаги ташкилотларининг 14 мингта раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарларининг ҳар бирига ҳар 6 ойда 5 тадан энг оғир аҳволдаги камбағал оилалар бириктирилади.

2025 йил 1 апрелдан:

  • Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида эксперимент тариқасида аутсорсинг асосида Камбағал оилалар реестрига киритилган боқувчисини йўқотган тўлиқ бўлмаган оилалар, меҳнатга лаёқатли аъзоси бўлмаган оилалар, икки ва ундан ортиқ ногирон аъзолари мавжуд оилалардаги ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга кундузги қатнов асосида қараб туриш хизмати кўрсатилади;
  • ижтимоий етимликнинг олдини олиш, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга индивидуал ёндашув асосида оилага яқин муҳитда ғамхўрлик кўрсатиш ҳамда тарбиялаш хизматини кўрсатиш мақсадида маҳаллаларда оила шаклидаги кичик ҳажмли болалар уйлари ташкил этилади;
  • ЯТТ сифатида рўйхатдан ўтган жисмоний шахсларга алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг кундузги парвариш хизматларини ҳамда юридик шахсларга ногиронлиги бўлган болалар, шу жумладан, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун кундузги парвариш хизматларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида кўрсатишга рухсат берилади.

Шунингдек, 23 сентябрь куни камбағалликни қисқартириш йўналишида президент қарори ҳам қабул қилинди. Ҳужжат билан 1 декабрдан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан Камбағал оилалар реестри шакллантирилиши назарда тутилган.