Ўзбекистон фермерлари ўз зарарига пахта-тўқимачилик кластерлари билан фючерс шартномаларини «ихтиёрий-мажбурий» тарзда ўзгартириш бўйича қўшимча битимлар тузишга мажбурланмоқда. Бу ҳақда Kun.uz ёзди.

Нашр қўлга киритган аудиоёзувда овози Сурхондарё вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Раҳматулло Ғаффоровникига ўхшаш шахс туман ҳокимларидан бирига фермерлар Тошкентдан жўнатилган «бланка»га имзо қўйиши кераклигини айтганини эшитиш мумкин.

«Ҳоким бува, ҳозир Тошкентдан, биржа томонидан бланка ташлаб берилди. Эртага 100 фоиз фермер хўжаликлари йиғилишда қатнашиши шарт. Ҳамма фермер йиғилганида, шу бланкага печат бостириб, бир тарафига имзо қўйдириб бериши керак. Вазирлар Маҳкамасининг янги чиққан 574-сонли қарори ижроси мана шу билан бўлиб кетади. Қайтадан 6800 сўмдан бўлади, устига давлат субсидия беради, 1000 сўм қўшилганидан кейин 7800 сўм бўлади. Олдинги тузилган, 8000−9000 сўмдан сотилган ҳаммаси 100 фоиз бекор бўлади», — дейди эркак.

кластерлар, раҳматулло ғаффоров, қишлоқ хўжалиги, фермерлар

Kun.uz мухбири ушбу овозли хабарни Telegram орқали жўнатган «Гаппаров Рахматулла» номли аккаунтга бириктирилган рақамга қўнғироқ қилди. Телефонга Раҳматулло Ғаффоровнинг ўзи жавоб бергани айтилади. У журналистга «Ғаниевнинг видеойиғилишида ўтиргани» ва суҳбат тугаганидан кейин у билан боғланишини айтган. У катта эҳтимол билан давлат раҳбарининг аграр ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Шуҳрат Ғаниевни назарда тутган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, ҳудудий қишлоқ хўжалиги бошқармаларига бундай буйруқ, кўрсатма ёки топшириқ берилмаган. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги эса вазият ва аудиоёзувни ўрганаётганини маълум қилди, шунингдек, бундай кўрсатма йўқлигига ишонтирди.

Вазирлар Маҳкамасининг 13 сентябрдаги (574-сон) юқорида қайд этилган қарорига мувофиқ, пахта етиштирувчилар ва қайта ишлаш корхоналари ўртасида пахта нархи 1 тоннаси учун 6,8 миллион сўмдан паст бўлмаслигини ҳисобга олган ҳолда 2024 йил учун биржа савдоларида тузиладиган шартномаларга қўшимча шартномалар тузиш назарда тутилган.

«Газета.uz» аввал ёзганидек, февраль ойида ҳукумат фермер ва кластерлар фючерс шартномалари тузадиган 1 кг пахта учун тавсия этилган минимал нархни 7800 сўм деб эълон қилганди (айрим ҳолларда 8500 сўм). Ваҳоланки, жаҳон биржасида ўша пайтдаги нархлар 1 кг учун 6000 сўмга яқин эди. Биз нарх қандай белгиланаётгани, шартномалар шартлари фермерлар зарарига қандай қайта кўриб чиқилаётгани ва улар нима сабабдан норози эканини тушунтиргандик.