Венгрия пойтахти Будапештда бўлган 2024 йилги шахмат Олимпиадасида қатнашган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 24 сентябрь куни Тошкентда тантанали кутиб олинди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси Алишер Саъдуллаев ОАВ вакиллари билан суҳбатда 2021 йилдан буён АҚШ терма жамоасида дона суриб келаётган асли ўзбекистонлик Гулруҳбегим Тоҳиржоновани Ўзбекистон терма жамоасига қайтариш ҳаракатида эканлигини айтди.

алишер саъдуллаев, гулруҳбегим тоҳиржонова, шахмат, шахмат олимпиадаси

Фото: Мурод Юсуф / «Газета.uz»

«Гулруҳбегимнинг ўзига ҳам, ота-онасига ҳам, опаларига ҳам [Ўзбекистонга қайтиш] таклифини берганмиз. Албатта, унинг қайтиш нияти бор, деб ўйлайман. Уни олиб келиш ва қўллаб-қувватлаш ниятимиз бор. Чунки Гулруҳбегим барибир Ўзбекистонга керак, у яхши ва салоҳиятли шахматчи. Юзи ёруғ бўлиб, Ўзбекистон терма жамоасида 2026 йили [Тошкент мезбонлик қиладиган] шахмат Олимпиадасида иштирок этса, бундан фақат хурсанд бўламиз», — деди Алишер Саъдуллаев.

Гулруҳбегим нега Ўзбекистон терма жамоасини тарк этган?

Шахмат федерацияси билан можародан сўнг АҚШ терма жамоасида ўйнай бошлаган халқаро гроссмейстер Гулруҳбегим Тоҳиржонова 2022 йил январидаги видеомурожаатида федерация раҳбарининг биринчи ўринбосари, истеъфодаги ДХХ генерали Ҳусан Турдиалиев сабаб Ўзбекистон терма жамоасини тарк этганини айтганди.

«Ҳа, ҳақиқатдан ҳам менинг кетишимга Ҳусан Турдиалиев ва унинг хатти-ҳаракатлари сабаб бўлган. Биринчидан, мен ва опа-сингилларимга (Ҳулкар Тоҳиржонова ва Нафиса Мўминова — таҳр.) терма жамоа сафида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилишимизга рухсат берилмади, бизда мусобақаларда бир вақтнинг ўзида юрт шарафини ҳимоя қилиш имкони йўқ эди. Молиявий нуқтаи назардан, федерация 15 йил давомида бизни ҳеч қандай тарзда қўллаб-қувватламади», — деганди у ўз видеомурожаатида.

«Ўз ватаним шарафини ҳимоя қилишдан жуда хурсанд бўлардим, аммо ҳозирги шароитда шахсий ривожланиш учун мамлакатни тарк этишга қарор қилдим. Агар федерацияда ўзгаришлар бўлса, албатта, қайтиб келиб, ватаним шарафини ҳимоя қиламан», — деганди у.

Ҳулкар Тоҳиржонова 2021 йил бошида шахматчи опа-сингиллар ва Шахмат федерацияси ўртасидаги айрим келишмовчиликлар Ҳусан Турдиалиевнинг қизи ҳам шахматчи эканлиги билан боғлиқлиги ҳақида хабар берган эди.

«Муаммоларимиз 2000-йилларда бошланган. Чунки у билан бир ёш тоифасида ўйнаганмиз. Ҳар доим ундан ютиб олардик ва ҳеч қачон келишув асосида ютқазиб бермаганмиз. Кимдир унга очколарини берди, лекин биз бермадик. Ҳаммаси шундан бошланган», — деганди у.

Тоҳиржонова 2022 йили Ҳиндистонда ўтказилган Олимпиадада Ўзбекистонга қарши дона сурмаган, у 2024 йилги шахмат Олимпиадасида ҳам шундай йўл тутди.