Ўзбекистондаги энг оғир аҳволдаги 1000 та маҳалла танланиб, рўйхати шакллантирилади ҳамда уларнинг инфратузилмасини яхшилаш дастури 1 ноябргача тасдиқланади. Бу «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурини амалга ошириш бўйича президент қарорида назарда тутилган, дея хабар берди Адлия вазирлиги.

Қарорга кўра, қуйидагилар тасдиқланди:

  • «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар режаси;
  • 2024−2025 йилларда аҳолини камбағалликдан чиқаришнинг йўналишлар ва ҳудудлар кесимидаги мақсадли кўрсаткичлари.

Шунингдек, 2024 йил 1 декабргача тадбиркорлик фаолияти ҳамда аҳолининг барча қатламларига яшаш ва дам олиши учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида 2024−2025 йилларда туман ва шаҳарларни жадал комплекс ривожлантириш, шу жумладан, уларда камида биттадан маҳаллада «яшил маҳалла» лойиҳаларини амалга оширишни назарда тутувчи дастурлар тасдиқланади.

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, «Бизнесга биринчи қадам» дастурлари ҳамда микромолия ташкилотлари орқали жорий йил якунигача 4 трлн сўм, 2025 йилда 15 трлн сўм кредитлар ажратилиши таъминланади.

23 сентябрь куни камбағалликни қисқартириш йўналишида президент фармони ҳам имзоланди. Унга кўра, 1 декабрдан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан Камбағал оилалар реестри шакллантирилади.

Шунингдек, 2025 йил 1 январдан:

  • кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам олаётган оилаларнинг расмий банд бўлмаган аъзолари ишга жойлашганда, ўзини ўзи банд қилганда ёки тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйганда ушбу нафақа ва моддий ёрдамни уларнинг муддати тугагунга қадар, бироқ 6 ойдан кўп бўлмаган муддатга тўлаш давом эттирилади;
  • меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,5 бараваридан кам бўлмаган ойлик иш ҳақи тўланган ҳолда ишга жойлашган Камбағал оилалар реестрига киритилган оила аъзоси учун ижтимоий солиқ уч йил давомида 1 фоиз ставкада тўланади;
  • камбағал оилаларга кўмак чоралари ижтимоий шартнома асосида меҳнатга лаёқатли оила аъзоларининг бандлигини таъминлаш, ўз томорқасидан самарали фойдаланиш (экин экиш), оила аъзолари, шу жумладан, фарзандларининг билим олиши, касб-ҳунар ва хорижий тилларни ўрганиши ҳамда соғлиғини назоратга олиши, уй-жойини озода тутиши каби шартлар инобатга олинган ҳолда кўрсатилади.

Ҳужжат билан 2024 йилнинг қолган даврида 500 минг, 2025 йилда 1 млн нафар аҳолини камбағалликдан чиқариш давлат ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг ҳамда барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгиланди.