Ўзбекистон 2027−2029 йилларда Қўшилмаслик ҳаракатига раисилик қилиш режасини эълон қилди. Бу ҳақда ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ўз Telegram каналида маълум қилди.

«Қўшилмаслик ҳаракатининг вазирлар йиғилишида иштирок этдик. Угандани 2024−2026 йилларга янги тайинланган раис сифатида тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз ва Озарбайжоннинг аввалги муваффақиятли раислиги учун миннатдорлик билдирамиз», — дейилади вазир постида.

Саидов Ўзбекистоннинг 20-саммитга мезбонлик қилиши ва 2027−2029 йилларга мўлжалланган ҳаракатга раҳбарлик қилиши режаларини эълон қилинганини маълум қилган.

«Бунда энергия хавфсизлиги, барқарор ривожланиш ва глобал савдо тизимларини мустаҳкамлаш каби асосий устуворликларга эътибор қаратамиз. Тинчликни мустаҳкамлаш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва таълим орқали келажак авлодни қўллаб-қувватлашни мақсад қилганмиз. Биргаликда замонамиз чақириқларини ҳал қилишимиз ва Глобал жанубнинг овозини кучайтиришимиз зарур», — дея қайд этди вазир.

Қўшилмаслик ҳаракати (Non-Aligned Movement, NAM) — халқаро ташкилот бўлиб, у Совуқ уруш даврида ташкил этилган ва асосан ҳарбий ёки сиёсий блокларга қўшилмасликни мақсад қилган мамлакатлардан иборат. Бу ҳаракат 1961 йилда Белградда ташкил топган ва унинг асосий тамойиллари мустамлакачиликка қарши курашиш, тинчликни сақлаш ва давлатларнинг суверенитетини ҳурмат қилиш каби қоидаларга асосланган. Қўшилмаслик ҳаракатига кирган давлатлар ўзаро ҳарбий иттифоқларга қўшилмасликни мақсад қилиб, холисона сиёсат юритишга интилишган.

Ҳаракатга дунё бўйлаб 120 дан ортиқ мамлакат аъзо бўлиб, асосан Африка, Осиё ва Лотин Америкаси давлатлари ушбу ташкилотнинг аъзоларидир. Ҳаракатнинг мақсади халқаро муносабатларда адолат, тенглик, ўзаро ҳурмат ва тинчликни сақлашдир.

Қўшилмаслик ҳаракати ҳар икки йилда бир марта саммит ўтказади ва навбатдаги раислик бошқа бир мамлакатга топширилади.