Венгрия пойтахти Будапештда бўлган 2024 йилги шахмат Олимпиадасида қатнашган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 24 сентябрь куни Тошкентда тантанали кутиб олинди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Ўзбекистоннинг эркаклар жамоаси 189 мамлакат орасида умумжамоа ҳисобида 3-ўринни эгаллади. Шунингдек, тахталар кесимида Шамсиддин Воҳидов олтин, Нодирбек Абдусатторов эса кумуш медаль эгасига айланди.

Ўзбекистоннинг аёллар жамоаси эса ўзининг аввалги натижаси (19-ўрин)ни яхшилаб, 169 мамлакат орасида 12-ўринни эгаллади. Шунингдек, Нодира Нодиржонова эса ўз тахтасида иккинчи энг яхши натижани қайд этиб, кумуш медаль эгасига айланди.

Тошкент аэропортида бўлиб ўтган тантанали кутиб олиш маросимида шахмат Олимпиадасида умумжамоа ҳисобида 3-ўринни эгаллаган Ўзбекистон эркаклар жамоасининг ҳар бир аъзосига BYD Chazor автомобили совға қилинди.

Фото: Миролим Исажонов / «Газета.uz»Фото: Миролим Исажонов / «Газета.uz»

Аёллар терма жамоаси аъзоси, ўз тахтасидаги натижаси бўйича кумуш медаль эгасига айланган 34 ёшли Нодира Нодиржонова тантанали маросимдан сўнг журналистларга берган интервьюсида мусобақа унинг учун осон кечмаганини таъкидлади.

«Бу Олимпиада мен учун қийин кечди. Чунки оилам бор, фарзандли аёлман. Бу менинг олтинчи Олимпиадам ва бунисида кумуш медални қўлга киритдим. Европа, Америкадан келган шахматчиларнинг мураббийлари Ўзбекистон терма жамоаси ўйинларини тўлиқ кузатиб, бизга қарши кучли тайёргарлик кўриб дона сурди. Мен асосан, тезкор шахмат йўналишида кучлироқман. Ўйинда тезда ғалаба қозонганим уларда бироз шубҳа уйғотди. Ўз кучимни яққол кўрсатиб, рақибаларимга ҳеч бир имкон қолдирмай, кўп партияларни тезкор ютишга муваффақ бўлдим ва натижада кумуш медални қўлга киритдим», — деди у.

Шахматчининг айтишича, у Олимпиадада яхши иштирок этиш учун уч ой қаттиқ тайёргарлик кўрган.

«Мени тўғри тушуниб, қўллаб-қувватлаган, фарзандларимга қараб турган ойижон ва дадажонга (қайнона ва қайнотасини назарда тутяпти — таҳр.) миннатдорчилигимни билдираман. Олимпиададан аввал таркибга тушиш ёки тушмаслигим ҳам аниқ эмасди. Ўшанда турмуш ўртоғим: „Нодира, сени қўллайман, охиригача олиб бориш керак. Сен Олимпиадада албатта совриндор бўласан“, деб ишонч билдирган эди. Уларнинг ишончини оқладим ва уларга раҳмат дейман», — деди Нодира Нодиржонова.

ОАВ вакиллари шахмат Олимпиадасида қатнашган эркаклар жамоасининг ҳар бир вакилига автомашина берилгани, бу эса аёллар жамоасига, хусусан, Нодира Нодиржоновага қандай таъсир қилгани ҳақида ҳам савол берди. Шахматчи аёл бундай муносабатдан ранжиганини яширмади.

«[Шахматчи қизларга автомашина берилмаганидан], албатта, хафаман. [Парижда бўлган] ёзги Олимпиада иштирокчиларини яхши тақдирлашди, паралимпиячиларни ҳам яхши тақдирлашди. Кумуш медални олишим осон бўлмади, бор кучим ва энергиямни бериб, ҳаракат қилдим», — деди у.

Маълумот учун, 34 ёшли Нодира Нодиржонова Ўзбекистон терма жамоаси сафидаги рейтинги энг паст иштирокчи бўлгани учун, шахмат Олимпиадасида бешинчи (захира) тахтада ўйнади. Шунга қарамай, у энг кўп очко олди ва бирорта мағлубиятсиз — 6 ғалаба ва 2 дуранг билан — кумуш медаль эгасига айланди.