Ўзбекистонда 2025 йил 1 январдан камбағал оилалар фарзандлари давлат мактабгача таълим ташкилотларига имтиёзли асосда қабул қилинади. Бу 23 сентябрь куни имзоланган президент қарорида назарда тутилган, дея хабар берди Адлия вазирлиги.

Ҳужжат «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирларни ўз ичига олади. Қарорга кўра, шунингдек, 2025/2026 ўқув йилидан камбағал оилалар фарзандларининг давлат ОТМ талабалар турар жойларидаги яшаш харажатлари Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.

2025 йилдан «Эл-юрт умиди» жамғармаси томонидан камбағал оилаларнинг фарзандлари учун алоҳида квоталар ажратилади.

Шунингдек, АТ «Халқ банки», «Микрокредитбанк» АТБ бириктирилган раҳбарларнинг хулосаси асосида:

  • камбағал оилаларга ноутбук сотиб олиш учун 5 йил муддатга 2 йил имтиёзли давр билан гаровсиз ва фоизсиз қарз ажратилади;
  • тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун қиймати 30 млн сўмгача бўлган кичик ишлаб чиқариш ускуналари, кўчма дўконлар (food truck), мотороллер, скутер ва шу каби бошқа асосий воситаларни сотиб олиш учун 5 йил муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан гаровсиз ва фоизсиз қарз ажратилади.

Жамоат ишлари жамғармаси, Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси негизида Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилади. 2025 йил учун уй-жой ва ипотека бозорини ривожлантириш дастури доирасида ажратиладиган субсидиялар сонини 1,2 бараварга ошириш назарда тутилади.

2024−2025 йилларда тажриба тариқасида оғир аҳволдаги оилаларни камбағалликдан чиқариш мақсадида жойлардаги ташкилотларининг 14 мингта раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарларининг ҳар бирига ҳар 6 ойда 5 тадан энг оғир аҳволдаги камбағал оилалар бириктирилади.

2025 йил 1 апрелдан:

  • Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида эксперимент тариқасида аутсорсинг асосида Камбағал оилалар реестрига киритилган боқувчисини йўқотган тўлиқ бўлмаган оилалар, меҳнатга лаёқатли аъзоси бўлмаган оилалар, икки ва ундан ортиқ ногирон аъзолари мавжуд оилалардаги ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга кундузги қатнов асосида қараб туриш хизмати кўрсатилади;
  • ижтимоий етимликнинг олдини олиш, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга индивидуал ёндашув асосида оилага яқин муҳитда ғамхўрлик кўрсатиш ҳамда тарбиялаш хизматини кўрсатиш мақсадида маҳаллаларда оила шаклидаги кичик ҳажмли болалар уйлари ташкил этилади;
  • ЯТТ сифатида рўйхатдан ўтган жисмоний шахсларга алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг кундузги парвариш хизматларини ҳамда юридик шахсларга ногиронлиги бўлган болалар, шу жумладан, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун кундузги парвариш хизматларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида кўрсатишга рухсат берилади.

Ҳужжатда бундан ташқари мамлакатдаги 1000 та маҳаллани танлаб олиш ва уларнинг инфратузилмасини яхшилаш назарда тутилган.

Шунингдек, 23 сентябрь куни камбағалликни қисқартириш йўналишида президент қарори ҳам қабул қилинди. Ҳужжат билан 1 декабрдан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан Камбағал оилалар реестри шакллантирилиши назарда тутилган.