Самарқандда фуқароларни Исроилга ишга юборишни ваъда қилган шахслар ушланди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Маълум бўлишича, департамент Самарқанд шаҳрида терговга қадар текширув ўтказиб, муқаддам фирибгарлик ва бошқа жиноятлари учун судланган 2 шахснинг бошқа бир 3 нафар фуқаронинг ишончига кириб, уларни Исроилга ишга юборишни ваъда қилганини аниқлаган.

2 шахс бунинг эвазига жами 52 700 АҚШ долларини фирибгарлик билан қўлга киритган. Улар ўз айбига иқрор бўлиб, фуқаролардан олган пуллари ҳисобидан 7 000 АҚШ долларининг қайтарилиши процессуал тартибда расмийлаштирилган.

Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги «Э.Л.» нодавлат таълим муассасаси иш юритувчиси ҳам 2 фуқарони ушбу ўқув марказида ўқитиб, кейинчалик Исроилга ишга юбориши эвазига жами 6 700 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, фуқароларни хорижга ишга жўнатиш Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, лицензияли фаолият ҳисобланади.