БМТ Бош ассамблеяси аъзолари Келажак учун пактни бир овоздан маъқуллади, бу декларация келажак авлодлар учун хавфсизроқ, тинчроқ, барқарор ва инклюзив дунё учун ҳаракатларни назарда тутади, дейилади БМТ сайтидаги хабарда.

Ҳужжат дунё етакчилари, фуқаролик жамияти вакиллари ва экспертлар иштирок этган Келажак саммити доирасида қабул қилинди. Шартнома, шунингдек, интернетга ишончни оширишга қаратилган Глобал рақамли келишув ва ҳукуматлар тенгсизликни тугатиш мажбуриятини олган Келажак авлодлар ҳақидаги декларацияни ўз ичига олади.

Келажак учун пакт нима ҳақида?

Пакт бешта асосий йўналишни ўз ичига олади: барқарор ривожланиш; халқаро тинчлик ва хавфсизлик; фан ва технология; ёшлар ва келажак авлодлар; ва глобал бошқарувни ўзгартириш.

«Биз чуқур глобал ўзгаришлар даврини бошдан кечирмоқдамиз. Биз тобора ортиб бораётган ҳалокатли ва экзистенциал хатарларга дуч келяпмиз, уларнинг аксарияти биз қабул қилаётган қарорлар билан боғлиқ… Агар йўналишни ўзгартирмасак, биз келажакда доимий инқироз ва пасайиш хавфига дуч келамиз», — дейилади ҳужжатда.

«Бироқ бу умид ва имконият лаҳзаси ҳамдир. Глобал ўзгаришлар — бу умуминсониятга асосланган янгиланиш ва тараққиёт учун имконият. Билим, илм-фан, технология ва инновациялардаги ютуқлар орқали яхшироқ ва барқарор келажакка ёриб киришимиз мумкин. Танлов бизники», — дейилади пактда.

БМТга аъзо давлатлар пактни маъқуллаб, жумладан, қуйидагиларни бажариш мажбуриятини олди:

  • Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) ва иқлим ўзгариши бўйича Париж келишувига эришишни тезлаштириш;
  • Ёшларни тинглаш ва уларни миллий ва глобал даражада қарорлар қабул қилиш жараёнига жалб қилиш;
  • Фуқаролик жамияти, хусусий сектор, маҳаллий ва ҳудудий ҳокимият органлари билан мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйиш;
  • Тинч, инклюзив ва адолатли жамиятларни яратиш ва қўллаб-қувватлаш ва низоларнинг асосий сабабларини бартараф этиш учун саъй-ҳаракатларни икки баравар ошириш;
  • Қуролли можароларда барча тинч аҳолини ҳимоя қилиш;
  • Хотин-қизлар, тинчлик ва хавфсизлик бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини тезлаштириш.

Умуман олганда, пакт мамлакатлар амалга оширишга ваъда берган 56 та умумий ҳаракатни белгилайди. Ҳужжатни келишиш учун музокаралар тўққиз ойга яқин давом этди, дея қайд этади Reuters.

Охирги лаҳзада Россия ҳужжатга «БМТ ва унинг тизими моҳиятан ҳеч бир давлатнинг ички ваколатига кирувчи масалаларга аралашмаслиги керак» деган тузатиш киритишни таклиф қилди. Бош ассамблея тузатиш бўйича овоз бериш ўтказишдан бош тортди, бу қарорни 143 мамлакат қўллаб-қувватлади, 7 делегация унга қарши чиқди, 15 таси эса бетараф қолди.