Президент Шавкат Мирзиёев Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилишида иштирок этиш учун 25 сентябрь куни Самарқанд шаҳрига келди, дея хабар берди президент матбуот хизмати.

Давлат раҳбари йиғилишнинг ялпи сессиясида нутқ сўзлайди ҳамда тадбир доирасида бир қатор учрашувлар ўтказади.

Бошқарувчилар кенгашининг тўққизинчи йиғилиши «Барча учун барқарор инфратузилма яратиш» мавзусига бағишланган. Глобал иқтисодиёт кун тартибидаги долзарб масалалар кўриб чиқилади, Осиё ва дунёнинг бошқа минтақаларида инфратузилмани ривожлантиришнинг стратегик дастурлари ва режалари муҳокама этилади.

Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган икки кунлик саммитда 100 дан ортиқ мамлакатдан юқори даражали делегациялар, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва бошқа халқаро ташкилотлар раҳбарлари ҳамда вакиллари, етакчи хорижий компанияларнинг бошқарувчилари ва нуфузли экспертлар, жами 2 мингга яқин иштирокчи қатнашиши кутилмоқда.

Ўзбекистон ОИИБга 2016 йил ноябрь ойида аъзо бўлган. Сўнгги йилларда мамлакат банкнинг энг йирик бенефициарларидан бирига айланди. Амалга оширилган ва жорий лойиҳалар портфели 3 млрд доллардан ошиб, «яшил» энергетика, йўл-транспорт ва коммунал инфратузилмани модернизация қилиш, таълим ва соғлиқни сақлаш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш каби устувор йўналишларни қамраб олган.