Президент Шавкат Мирзиёев Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки йиғилишидаги нутқида келгуси 3 йилда банк билан яна 4 млрд долларлик лойиҳалар дастурини амалга ошириш бўйича келишувга эришилганини таъкидлади.
Давлат раҳбари Ўзбекистон барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг ҳиссасини юқори баҳолашини қайд этди. Бугунги кунда мамлакатда инфратузилма, энергетика, транспорт, сув таъминоти ва барқарор ривожланиш йўналишида Банк билан 3 млрд долларлик 15 та лойиҳа амалга оширилмоқда.
«Мамнуният билан айтишим керакки, буларнинг ҳисобидан Ўзбекистон банкнинг топ-10 та ҳамкоридан бирига айланди», — деди Шавкат Мирзиёев.
Президент, шунингдек, мамлакатда банк билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳаларга мисоллар келтирди.
«Бухоро вилоятидаги ичимлик суви тармоқларини яхшилаш бўйича 720 млн долларлик лойиҳа қарийб 1,5 млн аҳолини тоза ичимлик суви билан узлуксиз таъминлайди. Ёки „Бухоро — Хива“ темир йўлини электрлаштириш лойиҳасини ишга тушириш натижасида Хива шаҳрига йилига қўшимча 1 млн турист жалб қилиш имконияти яратилади. Таъкидлаш керакки, шу кунларда Банк билан келгуси уч йилда яна 4 миллиард долларлик лойиҳалар дастурини амалга оширишга келишиб олдик», — деди Президент.
Давлат раҳбари ўз нутқида Ўзбекистон билан биргаликда лойиҳаларни амалга ошираётган ва кенг кўламли ислоҳотларни қўллаб келаётган Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки президенти Цзинь Лицюнга, Банкка аъзо давлатлар ҳукуматлари ва бошқарувчиларига чуқур миннатдорлик билдирди. Шунингдек, анжуманда иштирок этаётган Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Европа инвестиция банки ҳамда йирик компания ва инвесторларга ўзининг алоҳида ҳурмат изҳор қилди.
«Келгуси икки кунда Банк бошқарувчилари олдида жуда муҳим глобал ва минтақавий муаммоларга замонавий ёндашувлар асосида ечимлар топиш, янги лойиҳа ва дастурларни муҳокама қилиш каби масъулиятли вазифалар турибди. Сизлар қабул қиладиган қарорлар Банкка аъзо мамлакатларда яшайдиган 6 млрддан зиёд аҳолининг кундалик ҳаётига бевосита таъсир қилади. Ушбу улкан вазифаларни амалга оширишда сизлар ўзингизнинг чуқур билим, бой тажриба ва куч-ғайратингизни аямайсизлар, деб ишонаман», — деди Президент Шавкат Мирзиёев нутқининг якунида.