23 сентябрь куни Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги 188-мактабда синов муддатида бўлган ўқитувчи дарс вақтида ўқувчини калтаклагани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. Тошкент шаҳри мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳолатга расмий муносабат билдирди.

Видеода ўқитувчи қўлида дафтар тутган ўқувчи билан низоли суҳбатдан сўнг уни уриб, доска томонга итариб юборгани кўринади. Устознинг болани калтаклаши бундан сўнг ҳам давом этган ва якунда ўқувчини жойига ўтиришга ундаган.

Вазиятни таълим бошқармаси ўрганиб чиққанда, воқеа иккинчи сменада ўқийдиган 6-«В» синфида рус тили фани дарсида бўлганини аниқлади.

Видеотасвирдаги рус тили фани ўқитувчиси синов муддати билан мактабга ишга таклиф қилинган, расман у 188-мактабга ишга қабул қилингани бўйича ҳали буйруқ чиқмаган ва юқоридаги воқеа унинг дастлабки иш кунида содир бўлган.

Маълум бўлишича, ўқувчи устозига гап қайтарган ва тортишиб қолган. Сўнгра ўқитувчи ўқувчининг қулоғидан чўзган, ўтирган жойидан партасидан тортиб олиб чиққан ва ўқувчининг юзига тарсаки туширган. Ўқувчига тан жароҳати етказилмаган, саломатлиги жойида, дейилади хабарда.

Бундан хабар топган ўқувчининг ота-онаси ўқитувчининг бу хатти-ҳаракати юзасидан ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган. Айни пайтда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.