Президент Шавкат Мирзиёев Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки йиғилишидаги нутқида иқлим ўзгариши билан боғлиқ кутилмалар мамлакатни жиддий хавотирга солаётганини таъкидлади.
«Ҳеч кимга сир эмас, дунёдаги таҳликали вазият кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Ҳозирда жаҳондаги мураккаб геосиёсий вазият, глобал иқтисодиётдаги беқарорлик, озиқ-овқат ва энергия ресурслари танқислиги, камбағаллик, экология муаммолари тобора ўткир тус олиб бормоқда. Масалан, ўртача глобал ҳарорат 2040 йилга қадар 1,5 даражага ортиши прогноз қилинган эди. Лекин ҳозирги вазиятда бу ҳолат 2030 йилдаёқ юз бериши мумкинлиги бизни жиддий хавотирга соляпти», — деди давлат раҳбари.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев дунё аҳолисининг тўртдан бир қисми тоза ичимлик суви муаммосига дуч келаётгани, иқлим ўзгариши суръатлари тезлашиши оқибатида озиқ-овқат танқислиги глобал хавфга айланганини қайд этиб ўтди.
«Натижада дунёда 800 миллионга яқин аҳоли ўта оғир камбағаллик шароитида яшаяпти. Турли минтақаларда авж олаётган зиддиятлар боис анъанавий логистика йўналишлари мутлақо ўзгаряпти. Маҳсулот етказиш занжиридаги узилишлар хомашё ва истеъмол товарларининг қимматлашишига сабаб бўляпти», — деди президент.
Давлат раҳбари буларнинг барчаси мавжуд инфратузилмага бўлган юкламани кескин ошириши ва глобал иқтисодий тараққиётга катта тўсиқ бўлишини қайд этди.
Шавкат Мирзиёев экспертлар фикрига кўра 2030 йилгача дунёда янги инфратузилма учун 15 триллион доллар инвестиция талаб қилиниши, шунингдек, хорижий инвестициялар оқими сўнгги икки йилдан буён 10 фоиздан камаяётгани, дунёда молиявий ресурслар қарийб 2 баробар қимматлашганига эътибор қаратди.
Бу муаммолар барча мамлакатларнинг барқарор ривожланиш мақсадларига эришишини қийинлаштираётганини айтди.
«Бундай шароитда глобал хавф-хатарлар оқибатларини юмшатиш, барқарор ўсиш, аҳоли турмуш шароитини яхшилашда халқаро молия ташкилотларининг роли янада ошиб бормоқда. Бу борада Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки қисқа давр ичида 55 миллиард долларлик лойиҳалар портфели билан нафақат минтақа, балки жаҳон миқёсидаги энг нуфузли молия ташкилотларидан бирига айланганини алоҳида эътироф этиш лозим» — деди президент.