Сиёсат
Мирзо Улуғбек туманига янги ҳоким тайинланди
Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманига Боходир Гаибназаров ҳоким этиб тайинланди. У бунгача шаҳар ҳокимлиги ташкилий-кадрлар бўлими бошлиғи бўлган.
Бобир Абубакиров Шайхонтоҳур тумани ҳокими бўлди
Марказий банк раиси ўринбосари Бобир Абубакиров Шайхонтоҳур тумани ҳокими этиб тайинланди. Туманнинг аввалги ҳокими бандлик вазири бўлганди.
Саидикром Ниёзхўжаев Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчиси этиб тайинланди
Саидикром Ниёзхўжаев Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланди. У бунгача Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчиси лавозимида ишлаб келаётган эди.
Шавкат Мирзиёев Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг Самарқанддаги йиғилишида иштирок этади
Президенти Шавкат Мирзиёев Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) Бошқарувчилар кенгашининг Самарқанддаги йиллик йиғилишида иштирок этади. У йиғилишнинг ялпи сессиясида нутқ сўзлайди ҳамда тадбир доирасида бир қатор учрашувлар ўтказади.
Ўртача глобал ҳарорат 2030 йилдаёқ 1,5 даражага ортиши мумкинлиги бизни жиддий хавотирга соляпти — президент
Президент Шавкат Мирзиёев ўртача глобал ҳарорат 2040 йилгача 1,5 даражага ортиши прогноз қилинганига қарамай, ҳозирги вазиятда бу ҳолат 2030 йилдаёқ юз бериши мумкинлиги мамлакатни жиддий хавотирга солаётганини таъкидлади.
Президент Самарқандда Хитой, Ҳиндистон ва Қатар молия вазирлари билан учрашди
Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги ОИИБ йиғилиши доирасида Хитой, Ҳиндистон ва Қатар молия вазирлари билан учрашди. Уларда стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, ҳукуматлараро комиссия йиғилишлари ва қўшма бизнес форумлари ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.
«Табиат учун бирлашайлик». Экологик партиянинг сайловолди дастури
Экологик партиянинг сайловолди дастуридан автомобиль йўли қатнов қисмида скутер ва велосипедлар учун алоҳида йўлак ташкил этиш, тамаки маҳсулотларига қўшимча солиқ солиш, Қизил китобдаги ўсимликлардан фойдаланиш ва ёввойи ҳайвонларни овлашга муддатсиз мораторий эълон қилиш ва бошқалар ўрин олган.
Иқтисодиёт
«Пулли йўл қуришимиз учун унга муқобил бепул йўлни таъминлаб беришимиз шарт» — Жамшид Турсунов
Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Жамшид Турсунов Бектемирдан Чорвоққа борувчи йўлнинг бир қисми пулли йўлга айлантирилиши ҳақида гапириб, бу йўлнинг бошқа муқобиллари борлигини таъкидлади. «Бугунги кунда Тошкент — Бўстонлиқ йўлда муқобиллик асосида бориладиган бир эмас, иккита йўл бор», — дейди у.
3,1 млрд сўмлик 11 та давлат хариди қонунчиликка зид тарзда ўтказилгани аниқланди
Антикоррупция агентлиги август-сентябрь ойларида 3,1 млрд сўмлик 11 та давлат харидида қонун бузилиши ҳолатларини аниқлади. Хусусан, 1,5 миллиард сўмлик тендерда аффилланган шахслар иштирок этган. Ушбу харидлар натижалари бекор қилинди.
Тошкент-Самарқанд ва Самарқанд-Навоий-Бухоро йўналишларида тезюрар поездлар учун янги темирйўл қурилади
Ўзбекистонда 2030 йилгача Тошкент-Самарқанд ва Самарқанд-Навоий-Бухоро йўналишларида тезюрар поездлар учун янги темирйўл қуриш лойиҳалари амалга оширилади. Республиканинг 6 та халқаро аэропортини модернизация қилиш давлат-хусусий шерикликка берилади.
Ўзбекистон ОИИБ билан кейинги 3 йилда яна 4 млрд долларлик лойиҳалар дастурини амалга оширишга келишди
Шавкат Мирзиёев келгуси уч йилда Ўзбекистонда Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан яна 4 млрд долларлик лойиҳалар дастурини амалга ошириш бўйича келишувга эришилганини маълум қилди.
Ўзбекистон ва ОИИБ ўртасида 2030 йилгача стратегик шериклик дастури ишлаб чиқилади
Шавкат Мирзиёев ОИИБ билан инфратузилмани ривожлантириш бўйича 2030 йилгача бўлган стратегик шериклик дастурини қабул қилишни қўллаб-қувватлади. Банк президенти Цзинь Лицюн мамлакат раҳбари билан учрашувда Ўзбекистондаги ислоҳотларни бундан буён ҳам қатъий қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Ўзбекистон яқин 5 йилда сувдан фойдаланиш самарадорлигини 25 фоизга оширишни режалаштирмоқда — президент
Ўзбекистон яқин беш йилда сувдан фойдаланиш самарадорлигини 25 фоизга ошириш ҳисобига 15 млрд куб метр сувни тежаш бўйича йирик лойиҳаларни амалга оширишни бошлади, деди президент. У ОИИБ билан ҳамкорликда сувни тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича ҳудудий марказ ташкил этишни таклиф қилди.
Жамият
Фарғонада поезд устида селфи тушмоқчи бўлган ўқувчиларни ток урди
Учкўприк туманида поезд вагонлари устида селфи тушмоқчи бўлган уч ўқувчидан икки нафарини 27 минг вольтли ток урди. Улардан бирининг танаси 65 фоиз куйгани, яна бирининг ўнг оёқ суяги сингани айтилмоқда.
Тошкентда синов муддатидаги ўқитувчи ўқувчини урди. Унинг устидан суриштирув кетмоқда
Чилонзор туманидаги мактабда синов муддатида бўлган рус тили фани ўқитувчиси биринчи иш кунида 6-синф ўқувчисини унга гап қайтаргани учун урди. Боланинг ота-онаси ҳолат бўйича ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилди. Айни пайтда суриштирув ишлари кетмоқда.
Тошкентда Lacetti ва Malibu тўқнашувида уч киши жароҳатланди
Тошкент шаҳри Яккасарой туманида Malibu-2 ва Lacetti машиналари тўқнашди. ЙТҲ оқибатида ҳайдовчилар ва яна бир нафар йўловчи жароҳатланди.
Сирдарёда машинасини қасддан одамлар устига ҳайдаб борган ҳайдовчига ҳукм ўқилди
Сайхунобод туманида машинасини қасддан бир гуруҳ одамлар орасида кескин бошқариб, уларни босиб кетишга ҳаракат қилган Captiva ҳайдовчиси 4 йил 6 ойга қамалди. Олдин ҳам судланган шахс жазони қаттиқ тартибли колонияда ўтайди.
Исроилдаги элчихона ўзбекистонликларга мурожаат билан чиқди
Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси мамлакатнинг шимолий ҳудудларида юзага келаётган мураккаб вазият сабабли фуқароларга қатор тавсиялар берди. Элчихона хавфсизлик чораларини кўришга ва ракета отишмалари пайтида бошпаналарни тарк этмасликка чақирди, расмий хабарларини кузатиб бориш сўралди.
Мангистау-Нукус йўловчи поездида ёнғин чиқди (видео)
Мангистау-Нукус йўловчи поездида ёнғин чиқди. Ҳодиса оқибатида фуқаролар ва вагонларга шикаст етмаган. «Ўзбекистон темир йўллари»га кўра, масъул шахсларга нисбатан интизомий чоралар кўрилди.
Тошкентда иккита Yutong автобуси тўқнашди
Янгиҳаёт туманида 117- ва 55-сонли йўналиш автобуслари иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ, автобуслар техник шикастланган.
Тошкент ва унинг атрофида 2030 йилдан бошлаб ёқилғи сифатида мазутдан фойдаланиш тақиқланади
Ўзбекистонда чанг бўронларига қарши курашиш бўйича миллий дастур тасдиқланди. Шунингдек, 2030 йилдан Тошкент шаҳар ва унга туташ Тошкент вилоятининг ҳудудларида жойлашган иситиш ва электр энергия ишлаб чиқариш корхоналарига ёқилғи сифатида мазутдан фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистонда тиббий ва соғломлаштириш туризми ривожлантирилади
Ўзбекистонда Тиббий хизматлар меҳмондўстлиги дастури амалга оширилади. «Авиценна» номи остида тиббий ва соғломлаштириш туризми бренди ишлаб чиқилади. Давлат тили ва хорижий тилларда тиббиёт ҳамда соғломлаштириш муассасаларининг ягона реестри шакллантирилади.
Тошкент — Москва йўналишида поездлар ҳаракати тикланди
24 сентябрдан Тошкент — Москва — Тошкент йўналишида поездлар ҳаракати тикланди. Поезд ҳар ҳафта қатнайди, йўлда Қозоғистон ва Россиядаги бекатларда тўхтаб ўтади.
Ҳайвонот боғлари қандай ташкил этилган ва улар нима учун керак?
Одамлар ҳайвонлар ҳуқуқлари учун курашаётган бир даврда ҳайвонот боғларининг ишлаб туриши баҳсларга сабаб бўляпти. Кимдир уни ноёб турлар сақлаб қолинадиган жой, деб билса, бошқалар шафқатсизликда айблайди. «Газета.uz» худди шу масалада Москва ҳайвонот боғи ходимлари билан суҳбатлашган эди.
Тошкентда иккита машина ёниб кетди
Тошкент шаҳри Юнусобод туманида Matiz билан тўқнашган Nexia-3 автомашинаси ёниб кетди, бир ҳайдовчи жароҳатланди. Бошқа ҳолатда Lacetti’да ёнғин чиқди. Суриштирув ишлари бошланди.
Спорт
Футзал ЖЧ: Украина ва Бразилия чорак финалга чиқди (фото)
Ўзбекистонда ўтаётган футзал мундиалида 24 сентябрь куни нимчорак финалнинг илк ўйинлари бўлиб ўтди. Бразилия Бухорода Коста-Рикани тор-мор келтирган бўлса, Украина Тошкентда Нидерландияни мағлуб этди. 25 сентябрда плей-оффнинг Испания — Венесуэла ва Парагвай — Афғонистон учрашувлари бўлиб ўтади.
Бизни ўқиётганингиз учун раҳмат!