«Газета.uz» Ўзбекистон Экологик партиясининг 2025−2029 йилларга мўлжалланган сайловолди дастурини тақдим этади. Партия «Табиат учун бирлашайлик» шиорини илгари сурмоқда.

«Партиямизнинг бош мақсади — мамлакатимизнинг барқарор ривожланишига, экологик хавфсизлигига эришиш, ҳозирги ва келажак авлод учун қулай атроф-муҳитни яратиш ҳамда табиий ресурсларни сақлашга йўналтирилган давлат сиёсатини рўёбга чиқаришни таъминлаш. Шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурсларни сақлаш давлат, жамият ва мамлакатимиз ҳар бир фуқаросининг вазифаси бўлишига эришиш», — дейилади партия хабарида.

I. Аҳолининг қулай атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқларини рўёбга чиқариш.

  • туман (шаҳар)ларнинг бош режаси тасдиқланмагунга қадар қурилиш ишларини тўхтатиб туриш;
  • мамлакатнинг йўл инфратузилмаси учун ажратиладиган сумманинг муайян қисмини мажбурий равишда пиёдалар йўлакчаларини ташкил этишга йўналтириш;
  • шаҳарлараро велосипед ҳаракати учун инфратузилма яратиш, автомобиль йўли қатнов қисми ҳисобидан скутерлар
    ва велосипедларда ҳаракатланиш учун алоҳида йўлаклар ташкил этиш;
  • 2030 йилга қадар йирик шаҳарларда йўловчиларнинг велосипедда ҳаракатланиши улушини 20 фоизга етказиш;
  • Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларида жамоат транспортидан доимий фойдаланувчи шахслар учун йўл ҳақини арзонлаштириб бориш тизимини босқичма-босқич йўлга қўйиш;
  • оқова сувларни тозалаш иншоотлари самарадорлиги паст бўлган ҳудудларда оқова сувларни тозалаш иншоотларини модернизация қилиш ва янгиларини қуриш;
  • аҳоли яшаш пунктларида бадбўй ҳид чиқараётган, локал оқова сув тозалаш иншоотлари бўлмаган корхоналар фаолиятини экологик талабларга жавоб берадиган технологиялар жорий этилмагунча тўхтатиш тартибини киритиш;
  • чиқиндилар ҳосил бўлишининг олдини олиш мақсадида аҳоли томонидан фойдаланиладиган маиший техника воситаларининг кафолат муддатини узайтириш бўйича талабларни кучайтириш;
  • республика ва маҳаллий ижро органлари, йирик корхона ва ташкилотлар бинолари ҳудудида «кичик яшил боғлар» ва «маҳаллий яшил боғлар»ни ташкил қилиш;
  • барча вилоят ва туманларда яшил майдон ҳамда дарахтзорларнинг «яшил кадастри»ни ишлаб чиқиш;
  • шаҳарларда бино ва кўп квартирали уйлар қурилишини мажбурий тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш механизмларини қонунда аниқ белгилаш;
  • экологик «Тоза шаҳар» ва «Аҳоли яшаш пункти»ни яратиш бўйича давлат дастурини қабул қилиш;
  • гидрометеорологик, атмосфера ҳавосининг сифати ва иқлим ўзгаришига оид ишончли ахборотлар билан кенг жамоатчиликни мунтазам таъминлашни йўлга қўйиш;
  • тоғ ёнбағирларида, дарё ва кўллар соҳилларида ҳар қандай қурилиш табиатга безарар бўлишига эришиш учун қатъий давлат ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш;
  • қум ва туз бўронлари кўтарилиши хавфи юқори бўлган ҳудудлар хариталарини ишлаб чиқиш ва бундай ҳудудларда давлат дастурлари асосида иҳотазорлар, яшил қопламалар барпо этилишига эришиш;
  • табиий дори воситаларидан фойдаланишни 40 фоизга етказиш, маҳаллий доривор маҳсулотлар хомашёсини ишлаб чиқарувчиларни қўшилган қиймат солиғидан озод этиш.
  • «Аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепцияси» ва уни амалга ошириш бўйича дастур қабул қилиш;
  • телеканалларда атроф-муҳитни асраш ва экологик маданиятни юксалтириш бўйича доимий тарғиботни кучайтириш;
  • оилаларда «яшил» истеъмол маданиятини ҳамда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, соғлом овқатланиш ҳамда репродуктив саломатлик қоидаларини оммалаштириш;
  • боғча ва мактаблар ўқув дастурларига экология фанини алоҳида фан (машғулот) сифатида киритиш;
  • тегишли олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида экология ҳуқуқи, экологик журналистика, ташқи экологик фаолият ихтисосликларини ташкил этиш;
  • жаҳоннинг етакчи «яшил» университетларида қўлланадиган илғор таълим дастурлари, инновацион педагогик услублар ва технологияларни ўзлаштирган ҳолда тегишлилиги бўйича таълим дастурларига мослаштириш ва жорий этиш;
  • экологик вазият кескинлашаётган ҳудудларда хотин-қизлар репродуктив саломатлигини таъминлаш мақсадида ҳар 3 йилда улар учун чуқур тиббий кўрикларни ташкил этиш;
  • тамаки маҳсулотларига қўшимча экологик солиқ жорий этиш.

II. Экологик хавфсизликни таъминлаш ва барқарор экологик ривожланишга асосланган иқтисодиётни барпо этиш.

  • 2030 йилга қадар иссиқхона газлари эмиссиясини 65 фоизга қисқартириш;
  • экологик мониторингни юритишда, атроф-муҳитга етказилган зарарни аниқлаш ва баҳолашда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш амалиётини йўлга қўйиш;
  • 2035 йилгача автомобилсозлик саноатини тўлиқ электромобиль ишлаб чиқаришга ихтисослаштириш;
  • 2050 йилга қадар углерод нейтраллиги ва ноль эмиссияга эришиш;
  • жамоат транспортини электробуслар ҳисобидан ривожлантириш, электробусларни зарядлаш станцияларини қуриш учун тадбиркорларга ер майдонларини ажратиш;
  • анъанавий йўловчи ташиш поездларини замонавий тезюрар поездларга алмаштириш ва ташиш учун йўл ҳақи нархларини мақбуллаштириш;
  • темирйўлларни модернизация қилиш ва кенгайтириш, юк ташишни йирик юк машиналаридан темирйўлларга ва атроф-муҳитга камроқ таъсир кўрсатадиган бошқа транспорт турларига ўзгартириш;
  • атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I тоифасига кирадиган (юқори даражада хавфли) фаолият турлари билан шуғулланувчи ташкилотларга экология солиғини жорий қилиш;
  • экологик тоза маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларини қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС)дан озод этиш;
  • инвестициявий жозибадорликни ошириш мақсадида «Яшил виза» (Green Visa) дастурини жорий этиш;
  • тармоқлар ва ҳудудларнинг «яшил иқтисодиётга ўтиш индекси»ни ишлаб чиқиш;
  • шаҳар ҳудудларида тез-тез учраб турадиган сув тошқинларининг олдини олиш мақсадида дренаж тизими муаммоларини ҳал этиш;
  • экология ва рақамли иқтисодиёт йўналиши бўйича келажак ҳамда замонавий касблар учун кадрлар қайта тайёрлашни қўллаб-қувватлаш ва сармоя ажратиш;
  • иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг оқибатларини юмшатишга қаратилган иқлимий молиялаштириш (climate finance) тизимини жорий этиш;
  • қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш занжирида айланма иқтисодиёт тамойилларини жорий этиш орқали табиий ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда маиший чиқиндилар, атроф-муҳит ифлосланиши ва зарарли газ ташламаларини камайтириш;
  • «яшил» инновацияларни жорий этишда хусусий инвесторларни қўллаб-қувватлаш, давлат-хусусий шерикликни ва халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш;
  • тижорат банклари томонидан юридик ва жисмоний шахслар учун «яшил» депозит хизматлари кўрсатиш тизимини жорий этиш ва бундай мижозлар учун алоҳида имтиёзли банк тарифларини йўлга қўйиш;
  • яшил ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш учун инвестиция фондини ташкил қилиш;
  • йирик саноат корхоналарини технологик модернизациялаш ва уларда «яшил» технологиялар жорий этилишини жадаллаштириш, саноатнинг «яшил» ва кам углеродли ривожланишини таъминлаш;
  • яшил ёнилғига ўтишга сармоя киритиш учун углерод солиғини жорий қилиш;
  • сейсмик ҳолатларни ҳисобга олиб, кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектларини қуриш талабларини кучайтириш;
  • табиий-техноген вазиятлар юзага келиши хавфини прогнозлаштириш, ишончли ахборот етказиш ҳамда табиий техноген вазиятлар юз берганда аҳолининг тезкор ҳимояланиш тизимини йўлга қўйиш.

III. Энeргeтика хавфсизлигини таъминлаш ва қайта тикланувчи энeргияни ривожлантириш.

  • атроф-муҳитга зарар етказиш ҳисобига олинган энергия улушини камида 25 фоизга қисқартириш;
  • саноатда энергия тежамкор технологияларни жорий этиш орқали энергия сарфини 50 фоизга қисқартириш, 2030 йилгача энергия балансида экологик тоза ва қайта тикланадиган энергия манбалари улушини камида икки карра ошириш;
  • қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантиришга қаратилган Яшил энергетика стратегиясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;
  • муддати ўтаб бўлинган қуёш панеллари (жиҳозлари) ва ярим ўтказгичли (LED) ёритгичларни зарарсизлантириш тизимини ташкил этиш;
  • йирик шаҳарлар атрофидаги чиқинди полигонлари базасида халқаро стандартларга мос электр станциялар қуриш, биокўмирлар ишлаб чиқариш ва чиқиндиларнинг энергия потенциалидан унумли фойдаланиш;
  • давлат муассасалари объектлари, кўп квартирали уйлар ва майдони 1000 квадрат метрдан ортиқ бўлган объектлар учун энергия тежовчи технологиялар ўрнатишни мажбурий этиб белгилаш;
  • электр таъминоти узилишларига чек қўйиш ва аҳолини арзон энергия билан таъминлаш чора-тадбирларини кучайтириш;
  • мамлакатга водород ва биогаз каби қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш технологиялари олиб киришда божхона имтиёзларини жорий этиш;
  • қайта тикланадиган энергия ҳисобига олинадиган водород энергетикасидан фойдаланишни қўллаб-қувватлаш;
  • қайта тикланадиган энергия манбалари ва энергия самарадорлигига инвестицияларни рағбатлантириш орқали қазиб олинадиган ёнилғидан фойдаланишни кескин қисқартириш;
  • қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш эвазига қазиб олинадиган ёқилғи ресурсларини келгуси авлод учун захира сифатида сақлашга эришиш;
  • энергия тежовчи арзон уй-жойларни қуриш бўйича лойиҳаларни рағбатлантириш;
  • аҳоли хонадонларида кичик ҳажмдаги қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кескин ошириш ҳамда қўшимча рағбатлантириш тизимини жорий этиш;
  • қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини харид қилган ва улардан фойдаланишни йўлга қўйган барча турдаги истеъмолчилар учун мазкур қурилмалар харид қийматининг 50 фоизини давлат томонидан субсидиялаш тизимини жорий этиш;
  • йирик саноат корхоналарида микроэнергетика ишлаб чиқариш манбаларини жорий этиш;
  • 2050 йилгача 60−80 фоиз уйларнинг иситиш тизимини қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобидан қоплашни ташкил этиш бўйича дастур қабул қилиш.

IV. Табиий рeсурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш самарадорлигини ошириш.

  • инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишда уларнинг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш тизимини жорий этиш;
  • транспорт воситаларини ювиш шохобчаларида сувдан такроран фойдаланиш тизимини жорий этиш;
  • инсон саломатлигига кучли таъсир қилиш хусусиятига эга бўлган саноат маҳсулотларини утилизация қилиш тизимини ташкил этиш;
  • атмосфера ҳавосига чиқарилаётган зарарли газлар миқдорини 2 баробарга камайтириш, меъёрдан ортиқ ифлослантирувчи моддалар чиқарилгани учун компенсация тўловларини 10 баробаргача ошириш;
  • Ўзбекистон Қизил китобига киритилган ўсимликлардан фойдаланишга ва ёввойи ҳайвонларни ов қилишга муддатсиз мораторий эълон қилиш;
  • 10 ёшдан катта дарахтларни кўчириб ўтказишни тақиқлаш;
  • қурилиш мақсадларида дарахтларни ноқонуний кесган тадбиркорларнинг ерга бўлган ҳуқуқини бекор қилиш тартибини жорий қилиш;
  • фуқароларни экологик ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабарлар берганлик учун рағбатлантириш тизимини янада кенгайтириш;
  • экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жарималарни қайта кўриб чиқиш ва уларнинг миқдорини ошириш;
  • аҳоли пунктларида қайта ишланадиган чиқиндиларни автоматлаштирилган тарзда қабул қилиш қурилмаларини ўрнатиш;
  • маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ва саноат корхоналарида оқова сувлардан оқилона фойдаланиш бўйича белгиланган талабларни кучайтириш;
  • фаолияти давомида экологияга кўп миқдорда зарар етказадиган ташкилотларнинг солиқларини ошириш эвазига иссиқхона газларини камайтиришга сармоялар киритишни қўллаб-қувватлаш;
  • барча турдаги қурилиш материаллари ва маиший техника жиҳозларини энергия тежамкорлиги жиҳатидан баҳолаш
    ва сертификациялаштириш тизимини йўлга қўйиш;
  • экологик суғурталаш тизимини ривожлантириш, экологик экспертиза, экологик баҳолаш ва экологик аудит институтларини халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш;
  • жисмоний ва юридик шахслар томонидан ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақланиши тақиқланган ёввойи ҳайвонларни сақлаш тартибини такомиллаштириш;
  • ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига етказилган зарар учун маъмурий жавобгарлик чораларини кучайтириш ва бундай ҳуқуқбузарлик учун 10 баравар миқдорда зарарни ундириш тартибини йўлга қўйиш;
  • ёввойи ҳайвонларни овлаш учун белгиланган тўлов миқдорини 10 бараварга ошириш;
  • атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектлар реестри (давлат ҳисоби)ни юритиш ва мониторингини олиб бориш;
  • экологик ҳуқуқбузарликлар содир этган жисмоний ва юридик шахсларнинг Ягона реестрини юритиш, худди шу ҳолатлар такрор содир этилганда уларга нисбатан турли санкциялар белгилаш амалиётини жорий этиш;
  • дарахтзорлар мавжуд бўлган ер майдонлари қурилиш мақсадларида реализация қилинишини қонун билан тақиқлаш;
  • фойдаланиш муддати ўтган автошина ва бошқа барча турдаги резина маҳсулотларини қабул қилиш пунктларини ташкил этиш ҳамда қайта ишлаш учун етказиб бериш тизимини жорий этиш;
  • қайта ишлаб бўлмайдиган, фойдаланиш учун яроқсиз бўлган пластик ва куйдирилган шиша каби маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларга табиатга етказилаётган зарар миқдоридан келиб чиқиб табақалаштирилган солиқлар жорий қилиш;
  • биологик хилма-хилликка зарар етказишга, атмосфера ҳавосининг ифлосланишига сабаб бўладиган имтиёзларни бекор қилиш;
  • 2030 йилдан пойтахт ва йирик шаҳарларда ички ёнув двигателли енгил автомобиллар ҳаракатланишини, 2035 йилдан эса мамлакатда уларнинг сотилишини тақиқлаш;
  • мамлакатда полиэтилен, полиамид таркибли қадоқлаш маҳсулотлари, бир марталик ишлатиладиган пластик идишлардан фойдаланишдан босқичма-босқич воз кечиш;
  • барча турдаги дўконларда пластик, бир марталик қоплар ҳамда шишаларни қабул қилиш пунктларини жорий этиш;
  • турли хил табиий офатларнинг оқибатларини бартараф этишни молиялаштирувчи махсус жамғарма ташкил қилиш.

V. Ер-сув рeсурсларидан фойдаланиш соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш.

  • қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирувчиларни иқлим ўзгариши оқибатлари таъсиридан ҳимоя қилиш ҳамда форс-мажор ҳолатларда уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини қайта кўриб чиқиш;
  • қишлоқ хўжалигида суғориладиган майдонлардан янада самарали фойдаланиш, фойдаланишдан чиққан ерларни қайта фойдаланишга киритиш чораларини кўриш;
  • қишлоқ хўжалиги соҳасида суғурта бозорини такомиллаштириш ва суғурта хизматлари сифатини ошириш, ушбу соҳада жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш;
  • қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик соҳасида инновацияларни рағбатлантириш;
  • янги сув ҳавзаларини барпо этиш ва сувни барқарор бошқариш учун ирригация тизимларини ривожлантириш;
  • озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни экологик талабларга тўлиқ мослаштириш;
  • синтетик гўшт каби озиқ-овқат маҳсулотини ишлаб чиқариш ва сотишга қарши курашиш;
  • озиқ-овқат маҳсулоти таркиби, қаерда ва қандай усулда ишлаб чиқарилган, жумладан генетик модификацияланган организмлар (GMO) маҳсулотларининг миқдори бўйича маълумотларнинг маҳсулот ёрлиқларида аниқ кўрсатилишини таъминлаш, таркибида GMO бўлмаган маҳсулотни оммалаштириш;
  • органик маҳсулот ишлаб чиқарувчи кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш;
  • ноқулай иқлим шароитларига, жумладан, қурғоқчиликка чидамли ўсимлик тур ва навлари экилиши ҳамда кўпайтирилиши учун давлат субсидияларини жорий этиш;
  • қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун ерларни экишга тайёрлашда ресурс ва энергия тежамкор, экологияга безарар бўлган No-TiLL (ерга минимал ишлов бериш) каби инновацион технологияларни кенг жорий этиш;
  • турли хавфли карантин касалликлари ва зараркунандалар тарқалишининг олдини олиш, четдан келтирилаётган, интродукция қилинаётган ўсимлик навлари ҳамда ҳайвон зотларини чуқур ўрганиш асосида жорий этиш, инвазив бегона турларнинг кириб келишининг олдини олиш, назорат қилиш ёки йўқ қилиш чораларини кўриш;
  • ёмғир сувидан самарали фойдаланиш дастурини ишлаб чиқиш, 2025 йилдан қурилиш майдони 500 м² дан ортиқ бўлган уй, бино ва объектларда ёмғир сувини йиғиш тартибини жорий этиш;
  • ёмғир сувидан фойдаланишни кенг йўлга қўйиш учун давлат томонидан рағбатлантириш (грант, субсидия) механизмлари ва давлат-хусусий шерикликни жорий этиш;
  • ҳудудларда ёмғир сувидан фойдаланган ҳолда кичик яшил майдонлар ва боғлар барпо этиш ишларини ташкил этиш;
  • музликлар, қор-ёмғир ва сел сувини йиғиш имконияти мавжуд ҳудудларда сел-сув ҳавзаларини ташкил этишни такомиллаштириш;
  • турар жойлар ва ўз хўжаликларида ёмғир сувини йиғиш ҳамда ундан фойдаланиш қурилмалари билан жиҳозланган ҳамда улардан фойдаланиб келаётган жисмоний ва юридик шахсларни рағбатлантириш тизимини жорий этиш;
  • қишлоқ хўжалиги, саноат ва маиший соҳада фойдаланилган оқова ва чиқинди сувларини тозалаб қайта фойдаланишга киритиш (re-use) чораларини кўриш;
  • гидрогеологик тадқиқотлар асосида ер ости сувларидан самарали фойдаланган ҳолда лалмикор деҳқончиликни ривожлантириш;
  • янги қурилаётган кўп қаватли турар жойларда ичимлик ва хўжалик мақсадларида фойдаланиладиган сувларни алоҳида-алоҳида қувурларда етказиб берилишини ташкил этиш;
  • тоғли ва тоғолди ҳудудларда табиий муҳитни сақлаб қолиш чораларини кучайтириш орқали қишлоқ ва ўрмон хўжалигини ривожлантириш;
  • экин майдонига айлантириш имконияти бўлмаган чўл ҳудудлардаги самарасиз ерларнинг ўзлаштирилишини тақиқлаш;
  • деҳқончиликда кўп далали алмашлаб экиш тизимини қайта йўлга қўйиш орқали озиқ-овқат маҳсулотларининг ҳажмини ошириш;
  • сув таъминотида бозор механизмларини жорий этишни такомиллаштириш ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар минимал сув истеъмолидан келиб чиқиб, сув сарфи миқдорини белгилаш;
  • ерости сувлари сатҳининг пасайиши ва суғориш технологияларининг кенг жорий этилиши муносабати билан суғориладиган ерларнинг гидрогеологик баҳолаш тизимини илмий асосда қайта ишлаб чиқиш;
  • фитосанитария талабларига жавоб бермайдиган, инсон саломатлиги учун жиддий хавф туғдирадиган маҳсулотлар импортини чеклаш;
  • 2030 йилга қадар пестицидлардан фойдаланиш ҳажмини 50 фоизга камайтириш ҳамда қишлоқ хўжалиги зараркунандаларига қарши курашишнинг биологик усулларидан фойдаланиш тизимини кенг жорий этиш.

VI. Давлат ва жамият бошқаруви, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш ҳамда қонунчиликни такомиллаштириш.

  • малакали юридик ёрдам ва хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш, эколог-ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш;
  • ёшлар, хотин-қизларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантириш;
  • хотин-қизлар сиёсий фаоллигини оширишга йўналтирилган илмий ва ижтимоий лойиҳалар сонини кўпайтириш ҳамда фаол сиёсатчи, жамоатчи, тадбиркор ва ишбилармон хотин-қизларни доимий равишда қўллаб-қувватлаш;
  • иқтидорли ёшлар ва хотин-қизларни аниқлаш ҳамда қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий кўникмаларини ошириш тизимини такомиллаштириш ҳамда муносиб иш ўринларига эга бўлишларига кўмаклашиш;
  • экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни ва жиноят ишларини кўриб чиқиш бўйича ихтисослаштирилган судлар ташкил этиш;
  • Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексдаги жавобгарлик чораларини қайта кўриб чиқиш, маъмурий жазо чораларини қўллашда судларга кенгроқ ваколат бериш;
  • йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш, йўл ҳаракати хавфсизлигини тартибга солишни қонуности ҳужжатларидан қонун асосида тартибга солишга ўтказиш;
  • 2009 йил 1 январдан кейин туғилган шахсларга 2030 йилдан бошлаб тамаки маҳсулотлари сотилишини тақиқлаш;
  • инсон саломатлиги, айниқса, болалар соғлиғига энергетик ичимликларнинг салбий таъсирини инобатга олиб, 21 ёшдан кичик шахсларга энергетик ичимликлар сотишни тақиқлаш.

Партия қуйидаги қонунларни ва стратегик ҳужжатларни қабул қилишни лозим деб ҳисоблайди:

  • экологик қонунчиликни кодификациялаш орқали Экология ва Ўрмон кодексларини;
  • атроф-муҳит мониторинги тизимини такомиллаштириш ва унинг самарадорлигини ошириш, прогнозлаштириш орқали атроф-муҳитга салбий таъсир юзага келишининг олдини олиш, шунингдек, табиий ресурслардан фойдаланишни тизимли равишда кузатиш, атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат назорати юритилишини баҳолаш, ахборот билан таъминлаш мақсадида «Атроф-муҳит мониторинги тўғрисида»ги қонунни;
  • аҳолининг экологик ахборотга бўлган конституциявий ҳуқуқини таъминлаш мақсадида «Экологик ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонунни;
  • атроф-муҳитни тиклаш, унга бўладиган зарарли таъсир оқибатларини бартараф этиш ва табиий ресурсларни такрор ишлаб чиқаришнинг ҳуқуқий асосларини белгиловчи «Табиатни тиклаш тўғрисида»ги қонунни;
  • кимё саноати жадал ривожланаётганини эътиборга олиб, аҳолини кимёвий заҳарланишдан сақлаш, соғлиғини муҳофаза қилишга қаратилган «Кимёвий хавфсизлик тўғрисида»ги қонунни;
  • чиқиндиларни бошқариш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ҳамда тамойилларини ва соҳада давлат-хусусий шериклик механизмини ҳамда давлат бошқаруви органлари ваколат ва функцияларини аниқ белгиловчи янги таҳрирдаги «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонунни;
  • атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, озон қатламининг емирилиши, иссиқхона газлари нормадан ортиқ чиқарилишининг олдини олиш ва бу борада ташкилий-ҳуқуқий механизмларни аниқ белгилаш мақсадида замонавий халқаро стандартлар асосида янги таҳрирдаги «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунни;
  • дунёда генетик муҳандислик технологиялар ривожланиб бораётганини инобатга олиб, мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда аҳоли соғлигини сақлаш мақсадида янги таҳрирдаги «Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги қонунни;
  • давлат экологик сиёсатининг устувор йўналишларини белгилайдиган Барқарор экологик ривожланиш стратегиясини;
  • қишлоқ хўжалиги, саноат ва иқтисодиёт тармоқларида сувдан самарали фойдаланишга қаратилган Миллий дастурни.

VII. Глобал иқлим ўзгаришига мослашиш ва Орол денгизи қуриши оқибатларини юмшатиш.

  • республиканинг қурғоқчил ҳудудларида истиқомат қилаётган аҳоли орасида экологик муаммолар туфайли юзага келаётган касалликларни аниқлаш, доимий мониторинг қилиб бориш ва уларнинг олдини олиш чораларини кўриш;
  • мамлакатнинг иқлим «юки» мониторингини ва иқлим ҳисобини юритиб бориш механизмларини жорий этиш;
  • иқлим ўзгаришига чидамли янги нав ва зотлар яратишни рағбатлантириш, ушбу йўналишда олиб бориладиган тадқиқотлар кўламини кенгайтириш;
  • иқтисодиёт тармоқлари бўйича ишлаб чиқариш субъектлари учун карбон газ ташланмалари чегара миқдорини белгилаш;
  • иқлим ўзгариши билан боғлиқ экотизимлардаги йўқотишлар ва зарарларни қоплаш учун махсус жамғарма ташкил этиш;
  • Оролбўйи ҳудудида халқаро молия институтларини биохилма-хилликни сақлаш, иқлим ўзгаришини юмшатиш, чўлланишнинг олдини олишга қаратилган лойиҳа ва дастурларга кенг жалб этиш;
  • Оролбўйи минтақасида жойлашган Қизилқум чўли ҳудудида саҳрога мос ўсимликлар экиш орқали қум-бўронлар кўтарилишининг олдини олиш ва яйловлар деградациясини тўхтатиш;
  • Рамсар рўйхатига киритилган «Судочье-Акпетки» давлат буюртма қўриқхонасининг Судочье кўллар тизимидаги Судочье кўлида ва бошқа кичик кўлларда сув сатҳи пасайишининг олдини олиш чораларини кўриш;
  • Айдар-Арнасой кўллар тизими ҳудудида экотизимни тиклаш ҳамда экотуризмни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш.

VIII. Ташқи сиёсат ва халкаро ҳамкорликни ривожлантириш.

  • минтақадаги йирик нодавлат ташкилотларидан бири сифатида Марказий Осиё экологик иттифоқини ташкил этиш орқали табиий ресурслар, биохилма-хилликни сақлаб қолишга эришиш;
  • экологик барқарорликка салбий таъсир кўрсатувчи лойиҳалар, технологиялардан босқичма-босқич воз кечиш;
  • ҳайвонот дунёсининг хилма-хиллигини сақлаб қолиш борасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш;
  • ҳайвонларнинг миграция йўлларини ҳимоя қилиш, миграция маршрутларида қўриқхоналар ташкил этиш;
  • ичимлик суви, тоза ҳаво, муқобил энергия ва бошқа тақчиллиги ортиб бораётган табиий ресурсларни асрашга қаратилган ҳамкорликни кенгайтириш;
  • амалдаги қонунчиликни минтақа ва миллий манфаатлардан келиб чиқиб қайта кўриб чиқиш;
  • Саноат аварияларининг трансчегаравий таъсири тўғрисидаги конвенцияга қўшилиш;
  • Халқаро савдода айрим хавфли кимёвий моддалар ва пестицидларга нисбатан олдиндан асосланган келишув тартиб-таомили тўғрисидаги конвенция, Атроф-муҳитга таъсирни трансчегаравий нуқтаи назардан баҳолаш тўғрисидаги конвенция, Ҳавони узоқ масофаларгача трансчегаравий ифлосланиши тўғрисидаги конвенцияга қўшилиш чораларини кўриш;
  • трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланишда давлатлараро ҳамкорликни ривожлантириш орқали сув ресурсларининг адолатли тақсимланишини таъминлаш;
  • минтақа давлатлари ўртасида иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатишга қаратилган ва экологик барқарорликка олиб келувчи илмий ишланмаларни, янги технологияларни ўзаро бепул алмашишни йўлга қўйиш;
  • чанг бўронларини камайтириш мақсадида қўшни давлатлар билан ўзаро ҳамкорликда чўл ҳудудларда трансчегаравий яшил зоналар ва иҳотазорлар барпо этиш;
  • чегара ҳудудларида ўрмонларни ёнғиндан, касаллик ва зараркунандалардан асрашга қаратилган тадбирларни қўшни давлатлар билан ҳамкорликда олиб бориш;
  • ҳайвонлар ва паррандалардан тарқаладиган юқумли, инвазив касалликларнинг ўчоқларини аниқлаш, зоонозлар тарқалишининг олдини олишда ҳамкорлик қилиш;
  • минтақада турли иқлим таъсирига қарши курашиш учун давлатлар ўртасида бирдамлик механизмларини ишлаб чиқиш;
  • қўшни давлатлар билан хавфсизлик, экология, фан ва кадрлар тайёрлаш соҳаларида алоқаларини мустаҳкамлаш орқали минтақавий ривожланиш келишувларини ишлаб чиқиш;
  • Марказий Осиёда барқарор энергетика инфратузилмасини шакллантириш мақсадида қўшни давлатлар билан муваққат энергия захираларини яратиш, фавқулодда ҳолатларда энергия ресурсларининг ўзаро алмашиш тизимини жорий қилиш.

Биз сизнинг эътиборингизга ҳавола этаётган ҳар бир мақсаднинг нақадар долзарб ва ҳаётий зарурат эканини бугунги атроф-муҳитнинг ўзи айтиб турибди. Табиатнинг бугунги овози ушбу ҳаракатларни амалга оширишга даъват этмоқда. Биз, албатта, бу овозга қулоқ тутишимиз шарт, — дея таъкидланади Экологик партия дастурида.